Муқобили йўқ манба. Уни на бойлик, на кашфиёт билан яратиб бўлади

    Одатда бирор мавзу катта муаммога айланиб, аянчли оқибатлари ҳаётимизда акс эта бошлагандан сўнггина унинг олдини олишга киришамиз. Ваҳоланки, унинг келажак ҳолати белгилари аллақачон кўрина бошлаган бўлади.

    Дунё учун умумий долзарб муаммолардан бири сув таъминоти ва танқислигидир. Бугун бу долзарб муаммогина эмас, чегара билмас, том маънода ҳаёт-мамот масаласига айланганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Шу боис, нафақат маҳаллий, кўпгина халқаро анжуманларда ҳам бу мавзу четда қолмаяпти, аксинча, мунтазам бонг урилмаса бўлмайдиган мавзуга айланган.

    Ўтган йил 20 ноябрда давлатимиз раҳбари 2025 йилнинг “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили деб номланишига алоҳида изоҳ берган эди. Табиийки, мазкур изоҳ моҳияти табиатни ва унинг тириклиги манбаи бўлган сувни асраб-авайлашга ҳам бориб тақалади.

    Жорий йил апрель ойида Президентимиз Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган иқлим форумидаги маърузасида ҳам мавзуга алоҳида урғу берди: “Биз аллақачон инсониятнинг энг йирик фожиаларидан бири — Орол денгизи қуриши оқибатларини бошдан кечирмоқдамиз. Биз сув ресурсларини ­тежаш мақсадида ирригация тизимларини бетонлаштиряпмиз. Сувни тежайдиган технологияларни ишлаб чиқариш бўйича саноат базасини яратдик, суғориладиган ерларнинг деярли ярмида ана шундай технологияларни жорий этдик (бу салкам икки миллион гектар ер майдони демакдир). Бундай чора-тадбирлар натижасида ўтган йили 8 миллиард метр куб сувни тежашга муваффақ бўлдик”.

    Тадқиқотчилар сув танқислиги кучая­ётганини, бир томондан, аҳоли сони йил сайин ошиб бораётгани, иқлим ўзгариши ва суғориш тизими эскиргани билан боғлашади. Инфратузилмани яхшилаш ва сув тежовчи технологияларни татбиқ этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, ҳануз сув таъминоти барча соҳа, айниқса, қишлоқ хўжалигида ва қатор шаҳарларимизда жиддий муаммолигича қолаётир.

    Хусусан, жорий йил 10-12 июнь кунлари ўтказилган IV Тошкент халқаро инвестиция форумида ҳам мазкур масала алоҳида муҳокамага сабаб бўлди. Зеро, қурғоқчилик, сув танқислиги муаммоларини ҳал этиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш доимий инвес­тицияларни талаб қилади.

    Марказий Осиёнинг 5 давлатидан таклиф этилган мутахассислар йиғилишида минтақанинг бу борадаги ҳолати, муаммолари муҳокама қилинди. Сув ресурслари етишмаслиги минтақанинг асосий муаммоларидан бири бўлгани сабаб ҳамжиҳатликда маслаҳатлашув орқали ушбу бешта давлатнинг таҳлил ва келгуси режалари уйғун бўлиши жуда муҳимдир.

    Экспертларнинг фикр ва мулоҳазалари минтақа давлатларининг навбатдаги маслаҳат учрашувига тавсия сифатида қабул қилиниши таъкидлаб ўтилди. Унда транспорт, саноат кооперацияси ва ижтимоий ривожланиш билан бирга, сув муаммоси бўйича ташаббуслар сўралди. ОАВда улар минтақадаги инфратузилма собиқ шўро даврида яратилгани ва у бутунлай эскириб янгисини яратиш талаб қилинаётгани, ҳатто келажакда сув нефтдан ҳам қиммат бўлиши мумкинлиги ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

    Орол денгизининг қуриши, айниқса, минтақа давлатлари атмосфераси, экологияси учун ўта хатарли бўлиб боряпти. Иқлим ўзгаришининг кучайиши оқибатида 2050 йилга бориб, музликлар янада тез эрий бошлайди ҳамда сув лойиҳаларини амалга оширишга халақит қилади. Демографик жиҳатдан эса Марказий Осиё аҳолиси 100 миллионга яқинлашиши, яъни сувга эҳтиёж янада ошиши табиий ҳол.

    Марказий Осиё аҳолисининг сувга эҳтиё­жи трансчегаравий бўлган Амударё ва Сирдарё ҳисобига қондирилади. Бугунги кунга келиб иқлим ўзгариши, глобал ҳарорат ошиши туфайли ушбу дарёларни сув билан таъминлаётган музликлар захираси кама­йиб бораётгани мутахассислар томонидан қайд этилган. Шунингдек, иқлим ўзгариши туфайли минтақамизда ёз фасли чўзилиши, 2030 йилга бориб эса экинларни суғориш 5 фоиз, тахминан 2050 йилда 7-10 фоиз ошиши хулоса қилинган. Бунинг устига, сув ресурсларининг энг катта қисми — 80 фоиздан кўпроғидан қишлоқ хўжалигида ­фойдаланилишини инобатга олсак, муаммо ечими янада қийинлашишини англаш қийин эмас. Бир-бирига занжир каби боғланиб кетган масалаларни ҳал этиш жараёнида иқлим ўзгариши шароитида катта миқдорда сув талаб этадиган пахта ва шоли каби экин турлари майдонларини камайтириб, нисбатан кам суғориладиган турлари билан алмаштириш каби тавсиялар ҳам берилди.

    Очиғи, бу муаммолар Ер юзининг иссиқ ўлкаларидагина эмас, Европада ҳам йил са­йин кучаймоқда. Ичимлик сув танқислашаётган, қурғоқчилик, ер деградацияси, озиқ-овқат хавфсизлиги каби қаторлашиб кетган муаммоларнинг барчасини дунё мамлакатлари якка ҳолда ҳал қилиб бўлмаслигини англаб етди.

    * * *

    Биринчи галда, аҳолининг сувдан фойдаланишга муносабати, қарашлари ва ­хатти-ҳаракати муҳим ўрин тутади. Зеро, сув ресурсларидан асосий фойдаланувчилар ҳам, масъуллар ҳам аҳолининг ўзи.

    Хусусан, Ўзбекистон медиа тадқиқотлари ва таълим ишланмалари маркази (Mediadatalab) бир ярим мингдан ортиқ ёш ўртасида сўровнома ўтказган. Тадқиқот хулосаларига кўра, уларда сув ва сув ресурс­ларига онгли, эҳтиёткорона муносабат тўлиқ шаклланмаган. Айтайлик, уларда сувни асраш ва бу борада йўқотишлар билан боғлиқ муаммолар кўлами борасида тасаввур йўқ. Жумладан, сўровнома иштирокчиларининг муайян қисми бу масала борасида умуман ўйлаб ҳам кўрмаган. Бу эса ­кўпчилик ёшларда сувни асраш, муҳофаза қилиш борасидаги қарашлари мустаҳкам эмас деган хулосани қайсидир маънода тасдиқлайди.

    “Муаммо борасида тарғибот-ташвиқот қилишда ёшларга йўналтирилган ахборот каналларидан фойдаланиш, замонавий технологиялар ва онлайн платформалардан фойдаланган ҳолда юртимизда сувни сабабсиз, самарасиз ишлатиш оқибатида исрофгарчиликка йўл қўйилаётганини аниқ далил ва фактлар билан кўрсатиш муҳим аҳамиятга эга”, дейилади тадқиқотда.

    Ҳар қандай муаммони ҳал этиш, инсон тафаккурини чархлашда тарғибот-ташвиқот энг катта кучга айланган. ОАВ, хусусан, телевидениеда ушбу мавзуга оид ижтимоий рекламалар, кўрсатув ёки таъсирчан танқидий-таҳлилий лавҳалар жуда кам. Ижтимоий тармоқларда эса умуман йўқ, деса ҳам бўлади. Уларда, энг аввало, ном чиқариб, машҳур бўлишга интилаётган катта-кичик санъат вакилларию бошқа фаол иштирокчилар нега экология, атроф-муҳит ёки маънавият муаммолари ҳақида лавҳалар тайёрлаш ўрнига ўзлари ҳажвий деб баҳолайдиган, аслидан бемалол бачкана, беҳаё гап-сўзлар тўпламидан иборат лавҳалар жойлаш билан овора.

    Тома-тома кўл бўлур

    Яъни муҳофаза қилинса, тома-тома кўл бўлади, асраб-авайланмаса, ҳатто кўл, дарёлар ҳам йўқ бўлиб кетишини ҳаётимизда кўриб турибмиз. Табиийки, бу ҳолатда, биринчи галда, Орол фожиаси эсга тушади. Ёки бундан бир неча йил аввал Сардоба сув омбори тўғони ёрилишини олайлик. Бу сув омбори Сирдарё ва Жиззах вилоятлари экин майдонларида фойдаланишга мўлжалланган. Йўқ, биз бу воқеаларни ҳижжалаб таҳлил қилмоқчи эмасмиз. Фақат бу каби фожиаларга ҳам инсоннинг ўзи айбдор бўлаётганига урғу қаратяпмиз. 922 миллион кубметр сув сиғимига эга ўша гидротехника иншооти фожиаси оқибатида ундаги мавжуд сувнинг 35 фоизи йўқотилган. Бундай катта йўқотишлар қаторига маиший ҳаётимизда, аниқроғи, хонадонларда ичимлик сувдан фойдаланишда, шаҳарларда дарахтлар, яшил майдонларни суғоришда қанча исрофгарчиликка йўл қўйилаётганини қўшсак, унинг кўламини тасаввур қилиш қийин эмас.

    Тоза ичимлик сув чекланган ресурс бўлиб, энг қиммат ижтимоий харажатлар тоифасига мансуб. Бу бутун дунё ­мамлакатларида тан олинган далил. Шу сабаб, биринчи галда, сув­ни тежаб ишлатиш бутун давлат миқёсида бўлиши талаб этилмоқда. Бу ҳолат нимаики кўп ва арзон бўлса, ҳеч маҳал қадр топ­майди деган халқона иборани ёдга солади.

    Тириклик манбаи бўлган сув захиралари камайиб бораётганини эндиликда матбуот, тадқиқотлар хулосаларидангина ўқиб тасаввур қилмаяпмиз. Буни, айниқса, ҳозирги ёз чилласида ўз танамизда ҳис этиб, кундалик ҳаётимизда яққол кўриб турибмиз. Республикамизнинг кўплаб ҳудудларида қувурларда сув илгаридек тўлиб оқмаётгани, болалигимизда кўрган анҳору ариқлар, сойларнинг қанчаси қуриб қолаётгани ҳам бор гап. Ер ости чучук сувлари сатҳи ҳам тобора пасайиб кетаётганини тасдиқлайди мутахассислар. Умуман олганда, сув етишмаслиги қишлоқ хўжалиги, саноат ва деярли барча соҳаларда янги муаммоларни келтириб чиқараверади.

    Ҳар қандай эзгу, хайрли иш катта авлод вакилларининг маслаҳати, йўл-йўриғи ва ибратли ишлари билан бошланса, хайрли бўлади, дейишган аждодларимиз. Обиҳаёт мўл замонлардаёқ аждодларимиз уни асраб-авайлаш борасида ўгитлар, ўлмас қад­риятлар яратиб кетган. Шу маънода, бугунги катта авлод вакилларининг бу борада ҳам ёшларга устоз, мураббий, ибрат бўлиш­лари талаб этилаётир. Зеро, муқобили йўқ манба — сувни на бойлик, на кашфиёт билан яратиб бўлади.

    Рустам БОЙТЎРА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates