Мустақиллигимизнинг қонуний асослари

    Фикр 28 август 2020 22861

    Давлатимиз мустақилликни қўлга киритиши мамлакатимизда истиқомат қилаётган барча халқлар учун муҳим тарихий воқеа бўлди. Истиқлол озодлик, миллий тикланиш ва тараққиётда янги тарихий даврни бошлаб берди.

    Қисқа давр ичида Ўзбекистон халқи мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашига асос бўлувчи улкан ютуқларни қўлга киритди, миллий давлатчилик, маънавий қадриятлар, дин, урф-одатлар ва анъаналар қайта тикланди. Сўнгги йилларда қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини демократлаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларининг мустаҳкамланиши бўйича ижобий натижаларга эришилди.

    Ўзбекистон тарихининг зарварақларига битилган, Мустақиллигимизнинг қонуний асослари деб билган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тўхталамиз.

    1991 йилнинг 31 август куни Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг 6-сессиясида мамлакат мустақиллиги эълон қилинди.

    Ўша куннинг ўзида «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигини эълон қилиш тўғрисида» қарор ҳамда «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг асослари тўғрисида» қонун қабул қилинди.

    Шу тариқа мамлакатимиз миллий ҳаёт тарзимиз, руҳиятимиз, қадрият ва урф-одатларимиз эъзозланган, тинчлик ва барқарорлик, миллатлараро тотувлик таъминланган ҳолда, иқтисодий-ижтимоий ларзаларсиз янги даврга қадам қўйди.

    Минг шукрки, Ўзбекистонда бир тузумдан иккинчи тузумга ўтиш тинч кечди.

    Халқ иродаси билан, кўплаб муҳокамалардан сўнг қабул қилинган Мустақил Ўзбекистон Конституциясида ушбу табаррук заминда истиқомат қилувчи ҳар бир миллат ва элатларнинг ҳақ-ҳуқуқининг қонун олдида тенглиги белгилаб қўйилди.

    Шўро давридаги Ўзбекистон ССР Конституциясида инсон манфаатларидан давлат манфаатларининг устунлиги қонунлаштириб қўйилган эди. Мустақил юртимиз Асосий қонунида эса давлат ҳам, жамият ҳам, аввало, инсон манфаатларига хизмат қилиши, унинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя этиши устувор тамойил сифатида аниқ белгилаб қўйилган.

    Мустақиллик йиллари давомида барча жабҳаларда, жумладан, таълим-тарбия, илм-фан, маданият ва санъат, соғлиқни сақлаш, спорт, ижтимоий, иқтисодий, маънавият соҳаларида, турмуш тарзимиз мазмунида туб ўзгаришлар амалга оширилди.

    «Инсон манфаатлари - олий қадрият» шиори ўртага ташланди. Инсоннинг энг устувор ва муқаддас ҳуқуқларидан бири – бу тинч яшаш ҳуқуқи экани, давлат ва жамиятнинг бурчи ана шу ҳуқуқни барча қонуний воситалар билан кафолатлаб беришдан иборатлиги, бу ҳуқуқни амалга ошириш давлат ва жамиятни демократлаштиришнинг энг муҳим шарти экани, демократиянинг инсонпарварлиги ҳам шу билан белгиланиши кун тартибидан жой олди.

    Албатта, мустақил юртимиз тараққий этган давлатлар қаторига қўшилиши, демократик жамият қуриш энг аввало, қонунларимизни такомиллаштиришни тақозо қилади, шу боисдан ҳам, қонунчилик соҳасида мисли кўрилмаган ислоҳотлар ўтказилди.

    Кейинги йилларда мустақил юртимизда қонун устуворлиги биринчи ўринга чиқди. Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш демократик ҳуқуқий давлат барпо этишнинг бош мезони бўлиб қолди.

    Конституция ва қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш, фуқароларнинг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини шакллантириш биринчи даражадаги муҳим вазифа этиб белгиланди. Бу ғоят муҳим аҳамиятли масала бўлиб, ҳар бир шахсда қонунларга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишни ҳамда ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик муҳитини шакллантиришни кун тартибига энг асосий масала қилиб қўйилди.

    Шу нуқтаи назардан, Президентимизнинг 2019 йил 9 январдаги “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида“ги фармонида белгилаб берилган вазифалар энг долзарб бўлиб қолмоқда.

    Бугун, Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 29 йиллиги арафасида, ортга қараб, деярли 30 йил давомида босиб ўтилган шарафли йилларни кўришимиз мумкин. Ўзбекистон ўзи танлаган йўллардан собитқадам бормоқда. Очиқлик ва шаффофлик принципида, шарқона демократик фуқаролик жамияти қуриш йўлидан оғишмай кетаётир. Юксак ҳуқуқий билимли ва ҳуқуқий маданиятли халқи билан буюк келажак қуриш -қатъий мақсадидир. Шу ўринда мустақил давлатимизни қўллаб-қувватлаб, юрт тараққиётига ўз ҳиссамизни қўшиш бизнинг ҳам фуқаролик бурчимиздир.

    Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, Мустақил давлатимиз ўзига хос ва мос шарқона ҳуқуқий давлат қуриш йўлида илдамламоқда. Соҳибқирон Амир Темур бобомиз айтганидек, «Қаерда қонун ҳукмронлик қилса, ўша ерда эркинлик бўлади».

    Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги арафасида барчага хуш кайфият, юртимиз тинч ва фаровон бўлишини тилайман! Мустақиллигимиз абадий бўлсин!

    Жамшидхон Нуритдинов,

    Сирдарё вилоят адлия бошқармаси бошлиғи

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates