Хўш, бунинг учун нима қилиш керак?
Ушбу саволга Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти бўлим бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди Феруза Тоҳирова батафсил жавоб берди.
— Қорин соҳасининг катталиги, яъни абдоминал семизлик – аёлларда бел айланасининг 80 см.дан, эркакларда 94 см.дан катта бўлиши, — дейди мутахассис. — Бу ҳолат ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Гормонал ўзгаришлар, нотўғри овқатланиш, камҳаракатлик, ёшга доир ўзгаришлар ва ирсият каби омиллар бунга сабаб бўлиши мумкин.
Айниқса, абдоминал семизлик ривожланишининг асосий сабаби – истеъмол қилинган овқатдаги калориянинг сарф қилинадиган қувватдан кўп бўлишидир.
Маълумки, инсон ўзининг фаолияти учун овқат орқали қувват олади. Агар у етарлича сарфланмаса, истеъмол қилинган таом ортиқча ёғ тўқимаси кўринишида, аввало, қорин соҳасида йиғилади. Яъни, бу дегани, кўп овқат тановул қилиб, кам ҳаракат қилиш абдоминал семизликка олиб келади.
Шу боис инсон қанчалик кўп калорияли овқат истеъмол қилса, шунчалик кўп жисмоний фаол бўлиши ва бу калорияни сарфлаши лозим.
Акс ҳолда қорин қўйган эркакларда жисмоний фаоллик сусайиб, уйқу маромининг бузилиши, нафас қисиши каби муаммолар кузатилади. Бу эса юрак фаолияти билан боғлиқ ўзгаришларнинг бошланаётганидан дарак.
Қолаверса, бундай инсонларда:
- қандли диабет 2-тури;
- қонда липидлар ва холестерин миқдорининг ортиши;
- томирлар атеросклерози;
- бўлмачалар фибрилляцияси;
- қон томирларда тромблар ҳосил бўлиши;
- инфаркт ёки инсульт;
- артериал гипертензия (қон босимини ошиши);
- репродуктив функциянинг бузилиши (фарзандсизлик);
- саратон каби касалликлар хавфи юқори бўлади.
Шу боис улар, аввало, вазн ортиши сабабларини аниқлаш учун шифокорга мурожаат қилиши лозим. Агар даволовчи мутахассис муолажа тартибини белгилаб, маълум турдаги препаратларни буюрса, кўрсатмаларга амал қилиш шарт.
Шунингдек, таомлар калориясини чеклаш, эрталабки бадантарбия машқларини бажариш, кунига 30-40 дақиқа пиёда юриш, ярим тайёр егуликлар, ёғли, қовурилган таомлар, ширинлик, спиртли ва газли ичимликлардан воз кечиш, кўпроқ тоза сув ичиш ҳамда мева-сабзавотлар истеъмол қилиш ҳам қориндаги ортиқча ёғлардан халос бўлишга ёрдам беради.