Мутолаа ва пул поэтикаси

    Мутолаа — хослар машғулоти, аъло одамлар насибаси эканидан келиб чиқсак, ушбу ҳодиса инсоният тарихидаги энг буюк тафаккур соҳибларини ўзига жалб қилиб келган.

    Дастлаб ҳайвонлар терисига битилган матнларни бугун метро ёки автобусда аудио шаклида эшитиб кетамиз, планшетда ўқиймиз, визуал гавдалантириб, сўнг мароқ билан томоша қиламиз. Хўш, нима учун? Нима сабабдан яхши маънодаги ушбу интеллектуал оғу — китоб ўқиш одатининг ижтимоий кўлами ортса, юртда ва жамиятда тараққиёт тезлашади, деган қарашни қўллаб-қувватлаймиз, у муҳим эҳтиёжларимиздан бири эканига шубҳа қилмаймиз?

    Гап шундаки, мутолаа фақат шахс ва китоб сўзларининг йиғиндиси эмас, балки у ҳаётга нега келганини, бу дунёдаги тугал мақсади нимадан иборат эканини, қандай яшаса, ўзидан ва бошқалардан миннатдор бўлиши мумкинлигини ўйлаб ўйига етолмаган, фикрлаш доирасини муттасил кенгайтириб бориш асносида ҳамма саволига жавоб топишни истаган сизу биз каби одамларни ўзида қадим сиру синоатларни яширган, ҳар бир соҳа, ҳар бир йўналиш, ҳар бир тутум учун эътиқод, донишманд, маслаҳатгўй, ҳамдард, янги фан, ажойиб қўлланма, хуллас, жами тажрибалар мажмуи бўлиб бера оладиган китоб билан боғловчи катта жараёндир.

    Азалдан халқимизда адабий-бадиий дид ниҳоятда юксак бўлган. Туркий, форсий, арабий тилдаги асарлар бирдай мутолаа қилинган, саъдийхонлик, навоийхонлик, бедилхонлик, бобурхонлик кенг урф бўлган. Сўз санъатига шайдолик туфайли бўлса керак, одамлар ҳатто одатий турмуш тарзи, масалан, бозордаги олди-сотдини ҳам қофияга солган. Табобат, одоб-ахлоқ, илм-фанга оид йўл-йўриқлар, умуман, ўрганиш лозим бўлган кўплаб муҳим соҳага доир асарлар шеърий йўлда битилган.

    Мутолаа — хослар машғулоти, аъло одамлар насибаси эканидан келиб чиқсак, ушбу ҳодиса инсоният тарихидаги энг буюк тафаккур соҳибларини ўзига жалб қилиб келгани бор гап. Айниқса, жамият диди юксалишида беминнат хизмат қилган адабиёт дарғалари, жумладан, ёзувчилар, шоирлар, мунаққидлар гўзал мутолаа тақдим этадиган ранг-баранг ҳиссиётлар қаторини тўлдириб берган. Албатта, тафаккур кўлами, савияси ёзарманларнинг китобхонлик даражасидан яққол далолат бериб туриши янгилик эмас. Туркий тилда энг “кўп ва хўб” ёзган Навоийга ноёб истеъдоддан ташқари китобхонлик бобида тенг келадиган шоир мумтоз адабиётимиз тарихида деярли топилмаслигининг сабаби ҳам шундан. Ёзувчи айтмоқчи, бир қатор жўяли гап ёзиш учун бутун бошли китобнинг авра-астарини чиқариш лозим.

    Парадоксал тарафи: мутолаага таъсир кўрсатган ушбу шахслар айнан мутолаанинг ўзидан таъсирланган. Демак, китобга алоқадор ҳар ким ўзи билган, билмаган ҳолда мутолаанинг чексиз айланувчи ҳалқасига қўшилади, унинг кенгайишига хизмат қилиши билан бирга дунёқарашини ҳам кенгайтириб боради.

    Китоб ўқимаслик ҳуқуқи

    Энди ҳиссиётларни бир четга суриб, диққатимизни муаммолар, баҳсли саволлар ҳамда фактларга қаратамиз. Ҳар қандай фаолият замирида, шунингдек, мутолаа жараёнида ҳам биринчи ўринда эҳтиёж ётади. Бундан шу аёнки, оқ-қора матн орқасида ҳаққоний олам тушунчаси турибди. Инсон уни шу жараёнда ўрганади. Юқорида айтиб ўтилганидек, мутолаа — фаолиятнинг билиш, ўрганиш, илм олиш ҳодисаси. Замон зайли билан эса ушбу ижтимоий-бадиий ҳодисани бизга етказиб берадиган воситалар ўзгариб кетди.

    Маданиятшунос ва файласуф Маршалл Маклюен ўтган асрнинг 60-йилларида инсоният ихтиро қиладиган ҳар бир янги ахборот воситаси бутун бир авлод вакилларини катта имтиҳондан ўтказади деганида, ҳозирги авлоднинг электрон китоблар, букридерлар, смартфонлар қуршовида қолиб кетишини назарда тутган бўлса, ажабмас. Албатта, буларнинг ҳаммаси мунтазам ишлаб чиқиладиган ва асло тўхтамайдиган, хавфли бўлмаган қулайликларнинг навбатдагиси. Улардан қай даражада фойдалана олишимиз узоқ-яқин келажакда маълум бўлади. Аслида, гап булар ҳақида эмас, бугунги мутолаанинг бошқа барча даврга нисбатан сустлиги, жўнлиги ва китоб ўқиш ўзи нима учун бунчалик муҳимлиги хусусида.

    ЮНЕСКО маълумотига кўра, бугун сайёрамиздаги 781 миллиондан ортиқ катта ёшли одам умуман ўқишни билмайди. Бу ҳар 10 кишидан бири саводсиз дегани. 251 миллионга яқин бола мактабга бормайди. Саводсизларнинг аксарияти энг қашшоқ 35 мамлакатда яшайди, аммо ривожланган мамлакатларда ҳам оз эмас.

    Хўп, умуман, саводсиз одам бўлишга онгли равишда розилик билдиришга ҳаққимиз борми? Афсуски, бугун ёши 30 дан ўтса-да, учта ҳам китоб ўқимаган танишларимиз топилади. Хўш, уларда бу ёруғ дунёдан мутлақо ўқимай яшаб ўтиш ҳуқуқи борми? Бор десак, унда нима учун ўзимиздаги мутолаа завқини уларга юқтиришга уринаверамиз? Қўярда-қўймай улардан ўзимиз истагандек китобхон ясашга чиранишимиз ортида рад этиб бўлмас қандай масъулият бор? Ниятимизга эришдик ҳам дейлик, ундай китобхонлардан кимга қандай наф?

    Тўғри, китобхонликка муҳаббат уйғотиш алоҳида масала, бироқ бу масала масофасини саводли китобхонлик даражасини кўтаришга ҳаракат қилиш орқали қисқартириш мумкин. Акс ҳолда… эҳ, фараз нималарга олиб бормайди. Шунчаки тасаввур қилайлик, ҳамма ёппасига китоб ўқимай қўйса, нима бўлади?

    Биринчи навбатда, бунинг салбий таъсири давлат ва жамиятнинг иқтисодий, маънавий устунларида сезилади. Боиси, яхши ўқимаган одам — ёмон ходим, уқувсиз раҳбар дегани, креативлик, яратувчанлик у ёқда турсин, айтилган вазифанинг-да эпини қилолмайди. Асл қадриятлари нималигини тушунмагач, уйига ёмон ота ёки фарзанд шаклида кириб келади. Эътиқоди сусайиб, ўз мақсадини унутади. Қарабсизки, биргина мутолаа инқирози сабаб замонавий манқуртлар аста-секин бутун бошли мамлакатни пароканда қилади. Бир, узоғи икки авлод алмашинувидан сўнг одамлар ўқиш ва ёзишни буткул эсдан чиқаради. Шу вақтга қадар орттирилган тажрибалар, яратилган қулайликлар, тартиблар восита йўқлиги сабаб макон ва замон оралиғида қолиб кетади… Албатта, булар тасаввур. Ушбу ҳолатга тушиш учун камида ҳамма бирдек фикрламаслиги лозим. Бахтимизга орамизда ўз манфаатидан жамият манфаатини устун кўрадиган, юксалиш учун тинимсиз меҳнат қилаётганлар кўп.

    Менимча, саводхон қатламнинг кўпайиши ижтимоий ҳаётнинг барча кўринишида таъсирчан омил эканини адабиёт ва иқтисодиётнинг уйғунлигида кўриб чиқсак, бугунги давр одами учун янаям тушунарли бўлади.

    Адабиётда даромад, пул ва бойлик

    Мутолаа, тан оламизми-йўқми, шахсий муваффақиятга таъсир қиладиган бош омиллардан. Жаҳонда бир қанча тадқиқотлар ўтказилган бўлиб, улар ўқилган китоблар сони эришилган даромад даражасига бевосита боғлиқлигини исботлаган. Материалистик сабаб керакми, мана: қанча кўп ўқисангиз, шунча кўп пул топиш имкониятингиз ошиб боради.

    Масалан, Хитойни олайлик. Бугун бу давлат китобхонлик йўналишини тараққиётининг устувор устунларидан бирига айлантирган. 10-15 йил олдин салкам дунёнинг учдан бир қисми яшайдиган ушбу ҳудудда ижодкорлик деярли йўқ эди. Биргина фантастика, фентези, киберпанк каби жанр ва услублардаги асарлар кўпайиб, мутолаага алоҳида эътибор қаратила бошлагач, вазият тубдан ўзгарди. Бир пайтлар таниқли бренддаги маҳсулотларнинг арзон нусхасини ясашдан нарига ўтолмаган, ўзининг аҳолисига ҳам тўлиқ моддий кўмак тақдим этолмаган юрт бугун иқтисодиёти билан дунё бозорини эгаллаётган қудратли мамлакат сифатида қайта танилди. Хитой баъзилар учун бўрттирилган чўпчакдан бошқа нарса бўлмаган фантастика жанридаги китоблар, комикслар, мангаларнинг тўғри йўлга қўйилиши экономиканинг ривожланишига ҳам принципиал таъсир кўрсатиши мумкинлигига ажойиб мисол келтира олди.

    Аниқ таҳлилга асосланган ва илмий тилда ифодаланган билимларнинг бадиий санъат билан ёнма-ён қўйилиши, шубҳасиз, иқтисодиётнинг адабиёт билан, қўл билан ушлаб бўлмас ҳиссиётлар, кечинмаларни ифодаловчи лириканинг инкор этиб бўлмайдиган фактлар билан, афсоналарнинг математик моделлар билан, тўқима образларнинг эмпирик қонунлар билан қандай умумийлиги бўлиши мумкин, деган саволни ўртага чиқаради. Лекин барибир бу икки тарафнинг бир-биридан фарқи биз ўйлаган даражада катта эмас.

    Одамлар муайян ҳақиқатни тан олиши учун, аввало, уни ҳис қилиши лозим. Бадиий матнлар етказадиган маълумотлар орқали биз бошқа одамларнинг узоқ қитъаларда, бизга нотаниш жойларда қандай яшаётгани ҳақида тасаввурни шакллантирамиз, уларнинг оғриғини ўзимизда туямиз, қувончини биргалашиб баҳам кўрамиз, ўтмиш ва келажак кўпригида юзма-юз келиб, саволлар берамиз. Буларнинг ҳаммаси эса илмий фаразлар каби юз фоиз рост бўлмаган тушунчалар, хулосалардир. Эҳтимоллар назарияси ёки болалар учун айтиладиган уйдирма — иккиси ҳам умумҳақиқатда сўзсиз устуворликка даъво қилишга ҳақли эмас. Бундан келиб чиқадики, икки соҳа қай бир нуқтада тенгликда туради. Бу тенглик сўнгги икки асрда, айниқса, кўпроқ намоён бўлди.

    Адабиётда иқтисодиёт деб бадиий асарларда иқтисодий жараёнлар ва иқтисодий хатти-ҳаракатларнинг бадиий тасвирини кичик мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Яъни тўқима қаҳрамонлар тилидан айтилувчи жозибали сўзлар муаллифнинг ўз давридаги иқтисодий муаммоларни қандай бартараф этгани, қабул қилгани, муайян иқтисодий мезоннинг афзалликлари, ноқулайликлари, бозорлардаги соф фойда ва бошқа кўплаб масалаларни очувчи калит вазифасини ўтаган.

    Исталган ғоя ёки ғоялар оқими одамлар онгига адабиёт орқали ўтади. Бобур, Шекспир, Даниель Дефо, Гёте ва бошқа кўплаб адиблар ижодини синчковлик билан ўрганар экансиз, уларнинг иқтисодий муаммоларга ёки биз яшаётган чекланган моддий ресурслар дунёси манзарасига қарашларини пайқайсиз. Нимадир ўрганасиз, ўзингиз учун хулоса чиқарасиз.

    Сўнгги икки юз йилда адабиётда даромад, пул ва бойлик муҳим ўрин тутди. Роман, ҳикоя ёки драмада пул асардаги кичик ижтимоий муҳитни белгилади, қаҳрамонларнинг фаолиятини ўзи билан боғлади. Бойлик орттириш илинжида низоларни келтириб чиқарди — кўзбўямачилик, муттаҳамликлар содир бўлаётган маконни тасвирлади. Шундай қилиб, асар сюжети бозор ва ишбилармонларнинг тўқнашувига асосланган молиявий контекстдан келиб чиқиб, ўз ғоясини тарғиб қилувчи қудратли воситага айланди. Ўз навбатида, бундай китоблар одамларнинг молиявий, ҳуқуқий саводхонлиги ошишига ҳам хизмат қилди. Акциялар билан боғлиқ операциялар, молиявий инвестициялар, молия бозоридаги фирибгарлик, спекуляция, непотизм, рақобат, тадбиркорлик, инновациялар, қарз ва банкротлик — буларнинг барчаси асар пишиқлигини таъминлаш билан бирга ўқувчининг илмий савиясини оширди, иқтисодиётдаги дастлабки тушунчаларни шакллантирди. Натижада бу соҳага қизиқувчилар сафи каррасига кенгайди.

    XIX асрда битилган қатор машҳур романлардаги иқтисодий воқеалар поэтик манзаранинг доминантаси бўлган. Гоголнинг “Ўлик жонлар”ида рус помешчиклари, коррупционер ва баднафс амалдорлар тасвирланган бўлса, Достоевский қаҳрамонлари атрофида ўша даврнинг бозор шароитига батафсил тўхталиб ўтган. Бальзакнинг “Нусинген банк уйи” асари эса чайқовчилик ҳақида ҳикоя қилади. Бундай мисоллар юзлаб топилади. Асосий иқтисодий муаммолардан бири — мавжуд табиий ресурслар асосида ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва чекланган ресурслардан оптимал фойдаланиш орқали омон қолиш муаммосини ҳал қилган Робинзон Крузо, балки кўпчилик билмас, иқтисодчилар орасида ўзига хос тимсолга айланиб улгурган.

    Дунёнинг кўплаб донгдор университетларида таълим берувчи иқтисодчи профессорлар адабий қаҳрамонлар талабаларга иқтисодий назарияларни тушунтиришга ёрдам беришини таъкидлаган. Китобхон иқтисодчи бўлиш ажойиб, аммо яхши китобхон бўлсангиз, нафақат иқтисодчи, балки исталган соҳанинг етук мутахассиси бўла оласиз.

    Инсоннинг қиймати ўқиган китоблари билан ўлчанади

    Мутолаанинг иқтисодиётга таъсири у келтирадиган фойданинг ўндан бири, холос. Умуман олганда, мутолаа — кони фойда. Китоб ўқийдиган одам қаерда, қачон, кимга қандай гапириш кераклигини яхши билади ва фикрини ифодалаш учун камдан кам сўз тополмай қолади. Китоб ўқийдиганлар билан суҳбатлашиш мароқ беради.

    Миянинг чап ярим шарида сўз ва маълумотлар билан боғлиқ операциялар амалга оширилади. Ўнг ярим шар эса визуализация ва тасаввурга жавоб беради. Китоб ўқиш давомида миянинг икки ярим шари ҳам фаол ишлайди. IQ даражасини ­кўтариш, англаш ва тасаввур ошишига сабаб бўладиган китобга шунинг учун ҳам энг яхши мия тренажёри деб таъриф берилади. Мунтазам китоб ўқиш натижасида маълумотларни сақлаш учун аҳамиятли бўлган янги нейронлар шаклланади. Бу, ўз навбатида, хотира яхшиланишида муҳим аҳамиятга эга.

    Яхши китобда ҳамиша ўйга толдирадиган саволлар ва вазиятлар бўлади. Яшашдан маъно нимадалиги, глобал ва жамиятдаги мавжуд муаммолар, кишилар ўртасидаги муносабатларнинг қаҳрамонлар образида кўрсатиб берилиши ўқувчини инсонийлик, бефарқ бўлмаслик ва вазиятга онгли равишда ёндашишга ундайди. Мириқиб ўқилган китоб мияни озиқлантиради, инсоннинг шахс сифатида шаклланиши ва ўзлигини топишга уринишига туртки беради.

    Китоб ўқимайдиган киши ўзининг эмас, атрофдагилар фикри билан яшайди, айрим инсонлар кўрсатмасига асосан ҳаёти қандай ўтиб кетиб қолганини ҳам билмай қолади. Китобсевар инсон нафақат ўзини, балки атрофдагиларни ҳам тушунишга ҳаракат қилиб, шу билан бирга, ўз шахсий фикри ва позициясига эга бўлади, кимлардир хоҳлагани учун нотўғри деб билган ишларни бажармайди. Улар муаммолар ечимига бошқача ёндашади, тахмин ва субъектив қарашлардан кўра аниқ қилиниши керак бўлган режалар асосида вазиятга реал баҳо беради. Спенсер айтганидек, мутолаа қутқарувчидир, бир инсоннинг қиймати эртага унинг ўқиган китоблари билан ўлчанади.

    Азизбек ЮСУПОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates