Музейлар аждодлардан мерос бўлган бойликни келажак авлодга етказиб берадиган илмий, маънавий-маърифий хазина. Йиллар давомида бойиб, тўлиб бораверадиган бу хазина фақатгина маданий қадриятлар намойишигина бўлиб қолмай, узоқ тарих саҳифаларидан сўзловчи бебаҳо китоб ҳамдир.
1977 йилнинг 18 – май куни Халқаро музейлар Кенгаши томонидан таъсис этилган касб байрами эндиликда дунёнинг бир юз элликдан ортиқ давлатида кенг нишонланмоқда. Ўзбекистон музейлари 130 йиллик тарихга эга.
Халқаро музейлар куни муносабати билан қайси бир мамлакатда дам олиш куни нишонланса, бошқа бир давлатларда турли тадбирлар доирасида бир неча кун байрам сифатида нишонланади. Халқаро музейлар қўмитасининг таклиф ва тавсияси асосида “Музейларнинг жамият ҳаётида тутган ўрни”, “Инсоннинг ўзлигини англашида музейларнинг аҳамияти”, “Ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида камол топтиришда музейларнинг роли”, “Музейларни асрайлик ва бойитайлик!” каби ижодий танловларнинг кенг омма орасида доимий равишда ўтказиб келинади. Бу эса ёши ва касб-кори турлича бўлган минглаб одамларнинг музейларга бўлган қизиқиши ортиб бораётганидан далолат беради.
Ўзбекистон 1993 йилда Халқаро “ICOМ” ташкилотига аъзо бўлгач, соҳа бўйича жаҳондаги энг илғор тажрибаларни ўрганиб, ўзига хос миллий анъаналар фестивалига асос солди. Йиллар ўтган сайин шаклан ва мазмунан такомиллашиб, бойиб бораётган мазкур фестивалнинг республикамиз миқёсида ўзагча байрамона руҳда ўтказилиши музейлар ижодий фаолиятининг янги қирралари намоён бўлаётганидан дарак беради. Айнан 18 май куни юртимиздаги барча музейларнинг томошабинларга бепул хизмат кўрсатиши, махсус кўргазмалар ва театрлаштирилган томошаларнинг юксак савияда ташкил этилиши эса байрам шукуҳини оширибгина қолмай, ёшу кекса томошабинларга бир олам завқу-шавқ ҳадя этиши билан ҳам эътирофга моликдир.
Ҳар бир музей ўзининг йўналиши, экспонатлари билан ўзига хос. Хусусан, Ўзбекистон тарихи давлат музейида халқимизнинг мустақилликкача ҳамда ундан кейинги давр тарихини қиёсий жиҳатдан томоша қилиб ҳаяжонга тушасиз. Ўзбекистон Давлат санъат музейида эса ўзбек халқининг бебаҳо ва бетакрор санъат асарларини ҳайрат ҳамда ҳавас ила томоша қилиб, қалбларимиз ифтихор, кўнгилларимиз ғурур туйғуларига тўлиши шубҳасиз.
Темурийлар тарихи давлат музейига ташриф буюрган томошабинлар буюк аждодларимизнинг ақл-заковати, топқирлиги ва ижодкорлигига, мард ва жасурлиги ҳамда тадбиркорлигига оид экспонатларни кўриб яна бир бор узоқ мозийга саёҳат қилгандек бўлади.
Энг муҳими, мавжуд музейларнинг ҳаммасида ўз ишининг усталари, тарихий ва замонавий билимларни эгаллаган билимдон мутахассислар фаолият олиб боради. Бу эса, халқимизнинг ўтмишга, тарих ва маданий меросга бўлган ҳурмат ва эҳтиромини янада оширишга, моддий ва маънавий бойликларимизни кўз қорачиғидек асрашга даъват этувчи янги ижодий имкониятлар эшикларини очиб бермоқда.
Президентимизнинг 2020 йил 26 май куни эълон қилинган “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар биз уй-музейлари ходимларини ҳам қўлни-қўлга бериб, ижодий ҳамкорлик ришталарини ҳар томонлама мустаҳкамлашга, ишга янгича муносабатда бўлиб, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда ташриф буюрувчиларга намунали хизмат кўрсатишнинг таъсирчан усулларини кенг қўллашга ундайди. Тошкент шаҳар уй-музейлари ўртасида йўлга қўйилган ўзаро ҳамкорлик соҳада олиб борилаётган кенг қамровли ишларга ижобий таъсир кўрсатмоқда. Бу ижодий режаларни муҳокама қилиш, фикр алмашиш, сифатли ва самарали таклиф, тавсиялардан унумли фойдаланиш, мухтасар айтганда, томошабинга музей ашёлари ҳақида батафсил маълумот бериш имконини яратади.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 20 майда Адиблар хиёбонидаги тантанали маросимда берган топшириқлари, Вазирлар Маҳкамасининг “2020–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида музейлар фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида Абдулла Қаҳҳор уй-музейи ва Тошкент молия институти ўртасида имзоланган Меморандум буюк адиб ижодини талаба-ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш, уларнинг бадиий адабиётга бўлган қизиқишини янада оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Музейда институт Ахборот-ресурс маркази ходимлари иштирокида ўтказилиб келинаётган маънавий-маърифий тадбирлар эса адиб ҳаёти ва ижодини мукаммал ўрганишда алоҳида ўрин тутмоқда.
Энг қувонарлиси, институт илмий-адабий маслаҳатчиси, журналист Нуриддин Очилов сал кам бир йил давомида адиб ҳаёти ва ижоди бўйича изланишлар олиб бориб, “Эҳтиром” номли асар яратди. Бу адиб ҳаёти ва ижодини ўрганишда китобхонларимизга муносиб туҳфа бўлди. Шунингдек, мазкур олий таълим муассасаси музейимизни таъмирлаб, компьютер билан таъминлаши, Президентимиз томонидан қўйилган вазифаларнинг бажарилишига амалий ёрдам бериши билан бирга, ижодий ҳамкорлигимизнинг юксалишида ҳам муҳим аҳамият касб этади. Айни кунларда мухлисларимизга Абдулла Қаҳҳор уй-музейининг экспозиция ва ноёб коллекциялари, илмий-адабий янгиликлари ҳақида қизиқарли маълумотлар беришга тайёргарлик кўряпмиз.
Зеро, ҳар бир давлат тараққиёт сари одимлар экан, ҳамиша тарихга назар ташлаб, мавжуд урф-одатлар, анъаналар ҳамда қадимий ёдгорликларни ўрганишга ва сақлашга интилиши табиий. Бу борада эса музейларнинг ўрни беқиёс. Улар узоқ ўтмишдан мерос бўлиб келаётган маданият, маърифат, табиат ёдгорликларининг яхлит тизимга солинган йиғиндиси экани билан ҳам қимматлидир.
Санобар МАТЛУБОВА,
Абдулла Қаҳҳор уй-музейи директори