Наманган вилояти филармонияси 1-ўрин ва 400 млн. сўм пул мукофоти билан тақдирланди

    Наманган вилояти филармонияси раҳбари Орифжон Эргашев ва унинг жамоасини Маданият вазири Озодбек Назарбеков алоҳида эътироф этди.

    Куни кеча Жиззах мусиқали ва драма театрида Ўзбекистон давлат филармонияси ҳудудий бўлинмалари ўртасида 3-Республика кўрик-танлови ўтказилди.

    Икки кун давомида иштирокчи ижодий жамоаларнинг чиқишлари тажрибали ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.

    - Кузатувларимга асосланиб айта оламанки, ижодий жамоалар пухта тайёрланишган. Шу боисдан кўрик-танлов муросасиз ва қизғин кечди. Табиийки, бу ҳакамлар ҳайъатига қийинчилик туғдириши билан бирга, катта масъулият юклади, - дейди Маданият вазири Озодбек Назарбеков.

    Якуний хулосага кўра, Наманган вилояти филармонияси ижодий жамоаси биринчиликни қўлга киритди. Фарғоналиклар иккинчи, Жиззах вилояти жамоаси 3-ўринга ҳамда фаол қатнашган жамоалар турли номинацияларга муносиб кўрилди.