YR4 астероиди олимларни хавотирга солишда давом этмоқда. Аввалига унинг 2032 йилда Ер билан тўқнашиши эҳтимоли 1,2 фоизга баҳоланган бўлса, кейин бу кўрсаткич 2,2 фоизга кўтарилди. NASA ўз прогнозини янгилади ва унинг тўқнашиш эҳтимолини 3,1 фоизга оширди. Бу ҳақда BILD хабар бермоқда.
Қайд этилишича, астероиднинг аниқ траекторияси ҳозирча номаълум. Коинот олими Райнер Крекеннинг сўзларига кўра, объект жуда узоқда жойлашгани ва кам ёруғликка эга бўлгани учун ҳисоб-китоблар ўзгариб туради. Унинг фикрича, якуний маълумотларни олиш учун бир неча ой керак бўлади.
Аниқроқ кузатишлар учун астрономлар Ер ва Қуёш ўртасида идеал тарзда жойлашган ва кучли инфрақизил камераларга эга бўлган James Webb коинот телескопидан фойдаланишни режалаштирмоқда.
Маълумки, астероиднинг ўлчами 40 метрдан 90 метргача. Потенциал ҳалокат радиуси тахминан 50 километрни ташкил қилади, аммо аҳоли зич жойлашган ҳудудга тушиши эҳтимоли пастлигича қолмоқда. Объект океан ёки одамлар яшамайдиган ҳудудга тушиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Хитой 2032 йилда Ер билан тўқнашиши мумкин бўлган 2024 YR4 астероиди туфайли ўзининг янги яратилган сайёравий мудофаа кучлари учун мутахассисларни жалб қилишни бошлади.
5 январь куни “потенциал хавфли” деб ҳисобланган 2020 БC6 астероиди Ер яқинидан ўтиб кетгани хабар қилинганди. Ушбу самовий жисмнинг узунлиги 248 метрни ташкил қилади, деб хабар беради korrespondent.net.









