«NazzAR» инновацион стартап лойиҳасининг электрон музейи энди Жиззахда

    Кейинги авлод 23 январ 2022 1758

    «Келажак лидерлари» ва Инновацион ривожланиш бошқармаси ташаббусига кўра, Республикамиздаги «NazzAR» инновацион стартап лойиҳасининг илк электрон музейи Жиззах шаҳрида ўрнатилди.

    Жорий йил 21 январда Жиззах шаҳрида SmartChain IT компанияси вакиллари билан бўлиб ўтган давра суҳбатида ёшларга «NazzAR» инновацион стартап лойиҳаси ва унинг аҳамияти, ёшларга таъсири ҳақида тушунчалар берилди ва «NazzAR» стартап лойиҳасининг электрон музейи тақдимоти бўлиб ўтди.

    Тадбир доирасида Жиззах вилоят инновацион ривожланиш бошқармаси вакиллари томонидан ҳудуддаги инновацион муҳит, ёшлар орасида стартап лойиҳаларни ҳар томонлама такомиллаштириш ва янада ривожлантириш стратегияси тўғрисида ёшларга маълумотлар берилди.

    Шунингдек, амалга оширилаётган ишлар, лойиҳалар ҳақида ёшларга батафсил маълумот берилди. Ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Албатта, бу каби мастер-классларни ташкил этиш ёшлар орасида инновацион билимларни юксалтириш, стартап лойиҳаларни ишлаб чиқишга ундаш ва кўмаклашишга муҳим пойдевор вазифасини ўтайди.

    Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан қўллаб-қувватлаб келинаётган стартап лойиҳаларидан бири – тўлдирилган реалликка асосланган «NazzAR» мобил иловасини яратган SmartChain IT компаниясидир.

    Ушбу «NazzAR» стартап лойиҳаси ҳар қандай моддий воситага кенгайтирилган ҳақиқат элементларини бирлаштириши мумкин бўлган инновацион дастур ҳисобланади. Смартфон орқали «NazzAR» белгисига йўналтирилганда мобил қурилма экранида реал объектларнинг 3D шакллари, видео роликлари, фото суратлар жонланади. Юртимизда бугунги кунда NazzAR мобил иловасининг имкониятлари туризм соҳасида, айниқса музейларда кенг қўлланиляпти. Самарқанд шаҳридаги «Гўри Амир», «Бибихоним» мақбаралари, Улуғбек расадхонаси, «Афросиёб» музейи, «Элмероси» илмий кийимлар театри, Давлат маданият тарихи музейи, Ўлкашунослик музейи, Асрорхўжа ансамбли, Хива шаҳридаги «Ичан қалъа», Самарқанд шаҳридаги Регистон майдони, Бухоро шаҳрида «Арк» ва «Моҳи хосса» тарихий маданий мерос объектлари, Тошкент шаҳридаги Темурийлар тарихи Давлат музейи, Ўзбекистон тарихи давлат музейи, Абдулла Қаҳҳор, Сергей Бородин, Мухтор Ашрафий уй-музейлари ва бошқа тарихий масканларда мазкур мобил илова орқали экспонатлар ҳақидаги маълумотларни янада қизиқарли шаклда сайёҳларга етказиш имконияти яратилган экан.

    Жиззах «Келажак лидерлари» клуби ва

    Жиззах вилоят Инновацион ривожланиш бошқармаси матбуот хизматлари.