Нега маҳалла идораси ўз ходимларига таътил пулларини бермади?

    Шундай бир пайтда яшаяпмизки, одамлар муаммолари «маҳалла еттилиги»дан кўчага чиқмаяпти.

    Қанақа мурожаат бўлса ҳам, ишсизми, кредитми, субсидия олишми, ёшлар бандлиги, меҳнат ва оилавий муносабатлардаги келишмовчиликларми, йўқолган ҳужжатларни тиклашми бари-бари маҳалла эшигида ҳал бўлмоқда.

    Аслида бу тўғри ҳам, буни вақт исботлади. Авваллари фуқаролар битта мурожаат учун тегишли ташкилотни излаб юрарди. Энди эса шундоққина уйи атрофидаги маҳаллага бориб, онлайн маҳалла платформасига битта ариза ташласа бўлгани... Бу эса иш битди дегани!

    Аммо, маҳаллани ўзи ёрдамга муҳтож бўлсачи? Масалан, маҳалла ходимларининг меҳнатга ҳақ тўлашдаги ҳуқуқини тиклай олмаётганини қандай тушунса бўлади? Бу «этикка ёлчимаётган этикдўз» ҳолатини англатмайдими? Афсуски, шундай.

    Навоий шаҳар адлия бўлимига ийманибгина келиб ариза ташлаган маҳалла ходимларини тушунгандек бўлдик. Ким ҳам ўз «дастурхони»дан нолигиси келади, яна камига ўша ташкилотда ишлаб турган бўлса..

    Аммо, меҳнат таътили пуллари тўлаб берилмаганлик сабаби ходимларни адлия идораларига мурожаат қилишга барибир ундади. Адлия ходимлари эса йил давомида ишлаган маҳалла ходимларининг қонунчиликда белгиланган ҳуқуқларини суд орқали тиклашга муваффақ бўлди.

    Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судига Навоий шаҳар адлия бўлими Навоий шаҳридаги «Ўзбекистон» маҳалла фуқаролари йиғини раиси Дилноза Қурбонова манфаатида даъво ариза киритди. Мазкур иш бўйича суд мавжуд ҳужжат ва далилларни атрофлича ўрганди ва қарор қабул қилди. Жавобгар Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси Навоий шаҳар бўлимига нисбатан меҳнат таътилини ундириш тўғрисидаги даъво аризаси қаноатлантирилди. Суд қарорига кўра, «Ўзбекистон» маҳалла фуқаролари йиғини раиси Дилноза Қурбоновага йиллик меҳнат таътили учун тўланмасдан қолган 5.925.718 сўм иш ҳақи ундирилиши белгиланди.

    Худди шундай мурожаат Навоий шаҳар «Янгиариқ» маҳалла фуқаролари йиғини раиси Абусаид Мавлонов томонидан Навоий шаҳар адлия бўлимига қолдирилган. Бунда ҳам даъвогар Навоий шаҳар адлия бўлимининг Абусаид Мавлонов манфаатида жавобгар Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси Навоий шаҳар бўлимига нисбатан йиллик меҳнат таътили учун иш ҳақи ундириш ҳақидаги даъво аризаси ҳам қаноатлантирилди. Жавобгар Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси Навоий шаҳар бўлимидан Абусаид Мавлоновнинг фойдасига йиллик меҳнат таътили учун 5.808.600 сўм миқдоридаги пул ундириладиган бўлди.

    Хўш, нега Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси Навоий шаҳар бўлими ўз ходимларининг йиллик меҳнат таътили учун тўловларни беришда бундай хатоликка йўл қўйган. Мурожаатлар ўрганилишида аниқландики, Навоий шаҳар Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими тугатилиб, МФЙ раислари янгидан ташкил этилган ташкилот Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси Навоий шаҳар бўлимига қабул қилинган. Ҳар иккала маҳалла раисларига Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 233-моддасига кўра, ҳар йилги меҳнат таътилида бўлган вақти учун ходимга ушбу Кодекснинг 257-моддасига мувофиқ ҳисоблаб чиқариладиган ўртача иш ҳақининг сақланиши кафолатланади. Янги ташкилот эса МФЙ раисларига йиллик меҳнат таътилига чиққан даври учун иш ҳақи тўловларини тўлаб беришга маблағларни сметага режалаштирмаганлик важини келтирди. Натижада маҳалла ходимларига «отпуска» пуллари тўловларини амалга оширилишнинг имкони бўлмаган. Хулоса шуки, ҳақ-ҳуқуқингизни андиша туфайли бой берманг.

    Ширинбек Очилов,

    Навоий шаҳар адлия бўлими бош маслаҳатчиси

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates