БИРИНЧИ МИСОЛ
“Мен ҳар куни ўртача 6 соат интернетда ўтираман. Турли вайнларни томоша қилиб вақт ўтказаман. Одатда куннинг қандай ўтганини сезмай ҳам қоламан”. Бу — биз ўтказган семинарда 10-синф ўқувчисининг иқрори.
— Хўп, шунча вақтингни телефонда ўтказар экансан, айт-чи, қанчаси фойдангга ишлайди? Масалан, хорижий тилларни ўргатадиган иловалар, текин Ай-Ти дарслари бор, — деб сўрайман йигитчадан.
— Э, фойдали нарса йўқ, кетма-кет чиққан қисқа видеоларни томоша қилиб ўтираман.
Иккинчи ўқувчининг ҳам қанча вақти интернетга сарф бўлиши билан қизиқдик.
— Ўртача 5-6 соат интернетга сарфлайман. Лекин шундан бир соатга етар-етмас вақтим фойдали контентлар кўришга кетса керак.
Лойиҳа доирасида ёшлар фикрини ўрганганимизда кўпчилик вақтини беҳуда ўтказаётганининг гувоҳи бўлдик. Ҳақиқатан, кичик ёшли болакайлардан тортиб, кекса авлод вакилларигача интернет тармоғида соатлаб вақт кетказиши бугун айни ҳақиқат. Лойиҳа давомида китоб мутолааси учун қанча вақт сарфланишига қизиқдик. Афсуски, жуда кам вақт ажратилади ёки аксарият умуман китоб ўқимайди. Газета ва журналларни-ку, айтмаса ҳам бўлади.
ИККИНЧИ МИСОЛ
— Ишхонам билан уйим ораси 60 километр. Масофа олислиги боис, ишга эрта отланаман, оқшом кечроқ қайтишимга тўғри келади. Уйга келгач, фарзандларим билан мактабда қандай мавзулар ўтилгани, куни қандай кечгани ҳақида гаплашаман. Уйга берилган топшириқларни, вазифаларни бажариб бўлган-бўлмагани ҳақида сўрайман. Чарчасам ҳам мутолаага вақт ажратаман, бир оз ўқиб, сўнг кунни якунлайман. Чунки болалар ота-онасидан намуна олади, уларга ўхшашга интилади.
УЧИНЧИ МИСОЛ
Фарида йиғлаётган кичик ўғлига каттасининг қўлидаги телефонни олиб берди. Бола бирпасда йиғидан тўхтади, митти бармоқлари билан телефонни ковлашга киришиб кетди. Энди катта ўғли хархаша бошлади. Фарида уни ҳам тинчлантириш учун қўлига планшет тутқазди. Икки болакай тинчлангач, она ичкари хонага кириб, ўзи ҳам телефонга “шўнғиб кетди”.
ТЎРТИНЧИ МИСОЛ
— Хизмат сафари билан Японияга бор-дик. Эрталаб метродан чиқишим билан узундан узоқ навбатда турганларга кўзим тушди. “Яхши нарса сотилаётган бўлса керак. Мен ҳам уйга олволай” деган ўйда навбатда турдим. Навбатим келиб, қарасам, киоскда газетанинг янги сони сотилаётган экан. Японияликлар қайси касбда ишлашидан қатъи назар, эрталаб газеталарнинг янги сонини мутолаа қилишни урфга айлантирган.
ХУЛОСА ЧИҚАРИШГА ШОШИЛАЙЛИК
Мамлакатимиз аҳолисининг салкам 60 фоизи ёшлар. Шу боис, ёшлар масаласи давлатимиз сиёсатида стратегик аҳамият касб этади. Юртимизда сўнгги 8 йилда ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган 120 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.
Тараққиётимизнинг ҳoзирги босқичида ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий мaдaнияти вa ижтимoий oнги ўсиб бoриши, жaмиятни дeмoкрaтлaштириш вa либeрaллaштириш жaрaёни жaдaл ривoжлaниши, ёш авлоднинг илм-фан, спортда эришаётган ютуқлари бу соҳадаги ислоҳотларни янги бoсқичгa кўтaриш учун зaрур шaрoитни юзaгa кeлтирмоқда. Зеро, соғлом, билимли ва маданиятли ёшларгина мамлакат тараққиёти ва келажагини белгилаб беради.
Биз фарзандларимиз онгу тафаккурида миллий ғурур билан бирга умумбашарий қадриятларга ҳурмат ҳиссини камол топтириш мақсадида уларни замонавий билим ва дунёқараш, даромадли касб эгалари этиб тарбиялаш, илм-фан, ахборот технологиялари, маънавият, санъат ва адабиёт, спортга ошно этиш учун бор куч ва имкониятларни сафарбар этмоқдамиз.
Бугун интернет дунёсида икки қутб бор. Бири — эзгулик. У инсон камолоти учун хизмат қилиб, оғирини енгиллаштиради. Иккинчиси эса унга қарама-қарши, яъни ҳар қандай маънавий тарбияни мажақлаб, йўқотишга шай турган қутб. Одамзод мана шу икки қутб орасида турибди.
Кўпчилик, айниқса, ёшлар ўзи билиб-билмай адашиб, турли йўлларга кириб қолмоқда. Бунга асосий сабаб ҳам интернет тармоқларидаги бўлар-бўлмас, олди-қочди маълумотлардир. Биз болаларимизнинг телефонини текшириб туришимиз керак, албатта. Уларнинг эътиқоди ва қарашларини эзгулик нури билан ҳимоя қила олишимиз зарур. Юқоридаги мисолларда келтирилгани каби ўғил-қизлар орасида китоб ўқийдиган, мутолаа қиладиганлар кам. Чунки маҳаллада, кўча-кўйда, жамоат жойларида, мактабларда, олийгоҳда, уйда, хуллас, ҳамма-ҳамма жойда телефон билан овора бўлиб ўтирганларни ҳар қадамда учратамиз. Ётганда ҳам, турганда ҳам телефон ёнида. Бугун интернет оламига кириб кетган ёшлар нималар кўраётгани билан барчамиз қизиқишимиз, уларни тўғри йўлга йўналтиришимиз керак. Эртага кеч бўлади.
Медиа оламида ножоиз, хавф-хатарга тўлиқ, ёвузлик ва фаҳш тарғиботи урчиган тасвирлар, роликлар, миллий телеэкран орқали эса эфирга ўта бачкана, тарбиявий аҳамияти йўқ сериаллар узатилмоқда. Бу ҳолатга халқ маънавий юксалиши учун жиддий хавф сифатида қараш лозим. Томошабиннинг қалб кўзини кўр қиладиган бундай медиа ва экран маҳсулотларига бефарқ қараб туришнинг ўзи ҳам миллат келажагига хиёнат эмасми? Зеро, миллий қадриятлар ва ахлоқ тушунчаси кўп нарсадан устун.
Фикримизнинг исботи сифатида дунё бўйича олинган статистикага эътиборингизни қаратамиз. Бугун Ер юзидаги 5,17 миллиард одам ижтимоий тармоқлардан фойдаланади. Бу жаҳон мамлакатлари аҳолисининг 62,6 фоизини ташкил қилади. Ушбу кўрсаткич ҳар йили 3,4 фоиз ошиб бормоқда.
Китоб ўқиш, мутолаа борасида эса аҳвол абгор. Бугунги авлод газета ўқиш завқини тушунмайди. Яқинда ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари билан учрашиб, суҳбатлашишга тўғри келди. Биз кўпроқ китоб мутолааси, газета ўқиш борасида уларнинг фикрини эшитдик. Ўқувчилар орасида китоб ўқийдиганлар кўплигини кўриб кўнглимиз яйради. Аммо газетага навбат келганида бирортаси яқин ярим йилда газета ўқимагани маълум бўлди. Фақат бир қиз мақоласи чоп этилгани боис газета ўқиган.
Атрофимизга назар солсак, китобсевар давлатлар талайгина. Бизнинг улардан нимамиз кам? Биз ҳам китоб ўқисак ёмонми? Билимли бўлиш учун ҳам китоб ўқишимиз керак.
Ривожланиш сари қадам босар эканмиз, кўпроқ китоб ўқиш, илм ўрганиш, энг асосийси, давлатимиз томонидан ёшлар учун берилган имкониятлардан унумли фойдаланиш лозим.
Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири