Ниятимга етказган имконият

    Усиз нуфузли олийгоҳда ўқий олмасдим.

    Болалигимдан компьютер ва аниқ фанларга қизиқишим мактабда информатика ва математика фанларида фаол бўлишимга туртки берган. Хусусан, 7-синфдан республика ва халқаро математика фан олимпиадаларида, дастурлаш бўйича умумжаҳон ҳакатонларида қатнашиб, фахрли ўринларни эгалладим. 8-синфда эса биринчи лойиҳамни яратдим.

    У IELTS имтиҳонининг ёзиш кўникмасини баҳоловчи бўлимига тайёрловчи веб-сайт бўлиб, талабалар бир-бирининг онлайн ёзган иншосига изоҳ қолдириши, хато ва камчиликларини кўрсатиши мумкин. Бундан ташқари, C# дастурлаш тили ёрдамида компьютер ўйинимни яратиб, видеоўйинлар онлайн бозорига юкладим. Айнан шу лойиҳалар технологияларга қизиқишимни янада кучайтирди. Шу боис, бу соҳани чуқурроқ ўрганиш учун дунёнинг энг нуфузли олийгоҳларида ўқишни олдимга мақсад қилиб қўйдим.

    10-синфни тугатиш арафасида IELTS имтиҳонида 7,5 балл олдим, бундан ташқари, SAT халқаро имтиҳонида ҳам юқори натижага эришдим. Халқаро имтиҳонларда эришган натижаларим ҳамда мактаб чоғида ишлаб чиққан лойиҳаларим АҚШ, Буюк Британия ва Канаданинг 30 дан ортиқ нуфузли университетида ўқиш имкониятини қўлга киритишимда катта ёрдам берди.

    Бу ОТМларнинг аксарияти қисман грант тақдим этди, лекин ўқиш пули ва яшаш харажатининг қолган қисми ҳам жуда катта маблағ эди. Оилавий шароитимиз бундай катта харажатларни кўтармасди. Бахтимга ўша пайти “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳақида эшитиб қолдим. Жамғарма танловида қатнашиб, ғолиб бўлдим. Суҳбат чоғида кўплаб қизиқ саволлар берилди. Шахсан менга ёққани “Нима учун ватанингизни севасиз?” деган савол бўлди. Бу саволга: “Ватанимиз энг бой ва энг ривожланган давлат эмасдир, лекин мен айнан шу юртда туғилдим. Ватан худди ота-онага ўхшайди, уни инсон ардоқлаши керак”, деб жавоб бердим. Шу пайт кўнглимдан бошқача ҳиссиётлар ўтди.

    Ҳозир АҚШнинг Нью-Йорк университетида компьютер муҳандислиги бўйича таълим оляпман. “Эл-юрт умиди” жамғармаси менга ҳар томонлама ёрдам бериб, қўллаб-қувватлаяпти. АҚШда ўтказилаётган халқаро анжуман ва форумларда Ўзбекистон номидан қатнашиб, юртимизда бўлаётган ўзгаришларни чет эллик тенгдошларимга етказаётганимдан ниҳоятда хурсандман.

    Асосий эътиборимни ўқишга қаратганман. Мақсадим — университетни аъло баҳоларга битириб, юртимизга фойдаси тегадиган мутахассис бўлиб қайтиш. Келажакда эса юртимизда жаҳон технологиялар бозорида рақобатлаша оладиган корхоналарга асос солиш ва рақамли технологиялар татбиқ этилишини янада кучайтириш ниятидаман. Аниқроқ айтганда, сунъий интеллект технологияларини кўплаб соҳаларда қўллаб, одамлар ҳаётини яхшиловчи ечимлар устида ишлайман.

    Бу мақсадим йўлида ота-онам жуда катта кўмак бермоқда. Деярли ҳар куни интернет орқали суҳбатлашамиз. Шунга қарамай, уйимизни, маҳалламизни ва юртимизни соғиняпман. Кейин ўзимга ўзим таълим олгани келганим ва келгусида халқимизга фойдаси тегадиган инсон бўлишимни эслатиб, хотиржам тортаман.

    АҚШдаги таълим Ўзбекистондагидан анча фарқ қилади. Асосий тафовут — бу ерда талаба ўз устида доимий ишлаши, фақат дарсликларга қараб қолмай, қўшимча манбалардан ҳам фойдаланиши керак. Дарсдан ташқари ташкилий ишларда фаол қатнашиш, жамиятга фойда келтирадиган лойиҳалар устида ишлаш лозим. Ҳар хил ташкилот ва корхоналарда тажриба алмашиш ва билимларни амалиётга татбиқ қилиш талаб этилади. Умуман олганда, олийгоҳни аъло баҳога битириш учун дарсликка таяниб ўқишнинг ўзи етмайди.

    АҚШда олган билим ва кўникмаларимни тезроқ Ўзбекистонга бориб тенгдошларим билан ўртоқлашишга ошиқяпман. Бу ердаги курсдошларимга эса юртимиздаги ислоҳотлар ва ёшларга қаратилаётган эътибор ҳақида маълумот бериб, Ўзбекистоннинг буюк тарихи ва қадимий шаҳарлари тўғрисида бир неча тақдимотлар ўтказдим.

    Математика ва дастурлаш бўйича ўтказилаётган тадбирларда фаол қатнашиб, келажакда амалга оширишни мақсад қилган лойиҳаларим устида ишлаяпман. Ватандош тенгдошларимга, ука-сингилларимга ҳеч қачон ортга чекинмасликни, доимо олий мақсад сари ҳаракат қилишни ва давлатимиз яратиб бераётган шароитлардан унумли фойдаланишни маслаҳат бераман. Бу имкониятлардан тўғри фойдалансак, Ўзбекистонда катта ўзгариш ясай оладиган, келажакда халққа нафи тегадиган инсонларга айлана оламиз.

    Муҳаммадюсуф ФАХРИДДИНОВ,

    Нью-Йорк университети талабаси

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates