Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янгича механизми яратилмоқда

    Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида жамиятимизнинг барча соҳаларини ислоҳ этиш, жумладан, эркин фуқаролик жамиятини ривожлантиришда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва  фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш борасидаги устувор вазифалар белгилаб берилган.

    Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида демократик ўзгаришларни амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ижтимоий фаоллиги тобора кенгайиб бораётир. Бугунги кунда ўн мингдан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори”, деган эзгу ғояни рўёбга чиқариш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, демократик қадриятларни ҳимоя қилиш, ижтимоий, маданий ва маърифий ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этишга ўз ҳиссасини қўшмоқда.

    Президентимизнинг 2021 йил 3 мартда қабул қилинган “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу жабҳада амалга оширилаётган ишлар кўламини янада кенгайтириш, фуқаролик жамияти институтларининг мақоми ва мавқеини юксалтиришда яна бир муҳим қадам бўлди.

    Қарорда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини ташкил қилиш учун рухсат берувчи тартибларни соддалаштириш, ННТлар билан боғлиқ маъмурий тартиб-таомилларни рақамлаштириш орқали такомиллаштиришга алоҳида урғу берилмоқда. Бу борадаги янгиликлардан бири сифатида нодавлат нотижорат ташкилотлари рамзларини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича мурожаатларни кўриб чиқиш муддати 15 кунга қисқарганини айтиш жоиз. Илгари бу муддат бир ойни ташкил этарди. Бундан ташқари, ногиронлиги бўлган шахслар, фахрийлар, нуронийлар, хотин-қизлар, болалар жамоат бирлашмалари рамзларини давлат рўйхатидан (қайта рўйхатдан) ўтказиш учун давлат божи ундирилмаслигининг белгиланиши мамлакатимизда ҳар бир шахснинг ўз қобилиятини тўла рўёбга чиқариш бўйича ишларни янада жадаллаштиради.

    Сир эмас, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳудудийлик тамойили уларнинг эркин фаолият олиб бориш ҳуқуқини чеклар эди. Масалан, қишлоқ, овул ёки туман ҳудудида фаолият олиб бориши лозим бўлган нодавлат нотижорат ташкилоти бошқа қишлоқ, овул ёхуд туман ҳудудида фаолият кўрсатишидан олдин қайта рўйхатдан ўтиши лозим бўлар эди. Шу боис, қарор билан мазкур ташкилотлар ҳудудийлик тамойилига кўра республика ва ҳудудий нодавлат нотижорат ташкилотларига ажратилди.

    Нодавлат нотижорат ташкилотларга чет эллик шахслардан пул маблағлари ва мол-мулк олинишини келишиш тартиби кейинги пайтда экспертлар томонидан танқидга учраётган бу йўналишдаги ишларни ҳам замон талабидан келиб чиқиб ташкил этишга туртки бўлди. Эндиликда ННТлар томонидан рўйхатдан ўтказувчи органни хабардор қилган ҳолда хорижий манбалардан олинадиган пул маблағлари ва мол-мулкнинг бир календарь йилидаги жами суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан юз бараваригача оширилиши белгиланмоқда. Бу жамоат ташкилотлари иш фаолиятида ортиқча оворагарчиликнинг олдини олиш, эркин фаолият юритиш имкониятини кенгайтириш ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

    Бугунги кунда ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат бошқаруви органлари томонидан давлат ижтимоий буюртмасини бериш тартиби белгиланган бўлса-да, амалиётда бу тажрибадан деярли фойдаланмаяпти. Шу боис, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондига маҳаллий ННТларни ривожлантиришга қаратилган дастур ва лойиҳаларни молиялаштириш учундавлат субсидиясини ажратиб бориш вазифаси белгиланмоқда.Буянгилик камбағалликни қисқартириш, янги иш ўринларини ташкил этиш каби ижтимоий фойдали лойиҳаларни манзилли ижтимоий буюртма бериш орқали молиялаштириш амалиётини такомиллаштириш имконини беради.

    Яна бир муҳим жиҳат, жамоат ташкилотларининг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрнини янада такомиллаштиришда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг ўрни жуда муҳим. Шу сабаблиАссоциациянинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда унинг ходимлари меҳнатини рағбатлантириш алоҳида белгиланмоқда.

    Давлатимиз раҳбарининг Парламентга Мурожаатида Қонунчилик палатасида Нодавлат нотижорат ташкилотларининг доимий вакили институтини жорий этиш таклифи билдирилган эди. Мазкур вазифанинг ижроси сифатида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси фаолияти тубдан такомиллаштирилмоқда. Хусусан, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш ҳамда соҳани тартибга солувчи қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш ассоциация фаолиятининг асосий йўналишларидан бири сифатида белгиланмоқда. Бу қонунлар қабул қилишда нодавлат секторнинг манфаатларини ифода этиш ҳам ролини кучайтиришга замин яратади.

    Ушбу ислоҳотлар орқали ҳаётий зарур ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишда давлат бюджетидан ажратилган маблағларни субсидия, грант ва ижтимоий буюртма шаклида беришда адолатлилик, шаффофлик ва натижадорликка эришилади.

    Хулоса қилиб айтганда, мазкур қарорда белгиланган вазифалар ўз вақтида ҳаётга татбиқ этилиши юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирокчи ва ҳамкор сифатида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ролини янада ошириш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш ҳамда уларга қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади. Бу эса, ўз ўрнида, олий қадрият ҳисобланган инсон ва унинг ҳуқуқлари, манфаатлари муҳофазасини кучайтиришнинг муҳим омили бўлади.

    Бекзод НАРИМОНОВ,

    Тошкент давлат юридик университети доценти вазифасини бажарувчи,

    юридик фанлари бўйича фалсафа доктори

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates