Нолиганнинг нони бутун бўлмайди

    Бугун мен ўзимни ногирон ҳисобламайман.

    Афсуски, бугун жамиятда ўз ўрнини тополмаган, нафақат атрофдагилари, балки яқинлари корига ҳам ярамайдиган одамлар бисёр. “Берсанг ейман, урсанг ўламан” дея бор оғирлигини оиласи зиммасига юклаб қўйганлар орамизда бор.

    Уларнинг беҳуда ўтаётган умрини, қайтиб келмайдиган ёшлигини, олтинга тенг вақтини беҳуда ўтказаётганини кўриб, “эссиз одам” дегинг келади. Аммо атрофимизда яна шундай инсонлар ҳам борки, имконияти чекланган бўлишига қарамай, ҳаётда ўз ўрнини топишга ҳаракат қилади. Бировга боқиманда бўлишни хоҳламайди. Аксинча, аравасини ўзи тортиб, меҳнат қилиб, даромад топишга интилади.

    Бухоро вилоятининг Қоракўл туманидаги Тожикент маҳалласида яшовчи Умиджон Азизов ана шундай метин иродали, ориятли, меҳнаткаш инсонлардан бири. 26 ёшида автоҳалокатга учраб, ногирон бўлиб қолган. 2-гуруҳ ногирони бўлишига қарамай, ҳалол меҳнати эвазига оиласини боқиб, кўпчиликка ибрат бўлиб келаётган матонатли замондошларимиздан.

    Мақолани ўқиётиб, “ҳа, энди Умиджонга ўхшаганлар юртимизда бисёр, улар ҳам ногирон бўлишига қарамай оиласини боқиб, рўзғорини бутлаб, жамиятга фойдаси тегиб юрибди, ҳозир бундайларга кўп имкониятлар яратиб берилган-ку”, дейишингиз мумкин.

    Ҳақсиз. Лекин Умиджон Азизов сингари имконияти чекланганлар учун бериладиган давлат нафақасидан бутунлай воз кечганлар жамиятимизда жуда кам бўлса керак.

    – Бир вақтлар мен ҳам соғлом ва бақувват йигит эдим. Фалокат оёқ остида экан. Бахтсиз ҳодиса туфайли юриш бахтидан маҳрум бўлиб, касалхоналарда йиллаб даволанганман. Бироқ, инсоннинг қалби соғлом ва ўзига ишончи баланд бўлса, вужудидаги нуқсони билинмайди. Бошимга тушган кўргуликдан йиллаб изтироб чекиб, кўп вақтим касалхоналарда ўтган бўлсада, яшашга бўлган муҳаббатим ҳеч қачон сўнмаган, – дейди Умиджон Азизов. – Соғлом одамлардек жўшқин ҳаётга қайтишимга ногиронлигим тўсиқ бўла олмади. Ота-онам, яқинларим ёрдамида ҳаракат қила бошладим. Оғриқларни чидам билан енгсам, баъзи бир кишиларнинг раҳми келгандай қарашларини кулиб қарши олганман. Хуллас, интилишларим зое кетмади. Бугун мен ўзимни ногирон ҳисобламайман.

    Аслида ногиронлик нафақасини чўздириш учун йиллар давомида қайта-қайта кўриклардан ўтиш, қишнинг совуғи-ю, ёзнинг жазирамасида кечгача навбатлар кутиш, баъзан навбатинг келмай, ҳориб-чарчаб, шомда уйга қайтиб, эрта тонгдан яна дўхтирлар ҳузурига отланган йилларимни эсласам, ўша давр ногиронликдан кўра азоблироқ бўлганини ҳис қиламан.

    Худо шукур, юртда кечаётган ислоҳотлар сабаб қоғозбозликларга барҳам берилди. Имконияти чекланганларга кенг имкониятлар яратиб берилди. Отангга бор, онангга бор қабилидаги таниш-билишчилик билан қўл учида битадиган ишларга чек қўйилди. Ногиронларга муносабат ўзгарди. Ўқиши, ўз устида ишлаши, изланиши учун шароитлар бадастир. Яна туман мутасаддилари, маҳалла раиси ва фаоллари ҳафта ораламай ҳол сўраб келишади. Ваҳоланки, бугунги кунда ҳеч қандай ёрдамга муҳтож эмасмиз. Ҳалол меҳнат қилиб бировдан кам бўлмай яшаб юрибмиз. Шунинг учун ҳам ўзим учун тайинланган ногиронлик нафақасини олишни рад этдим.

    Умид Азизов инсонга бир мартагина бериладиган бу омонат умрнинг нечоғлик ғанимат эканлигини, ҳаётнинг ҳар лаҳзаси азизлигини, одамдан фақат яхши ном ва яхшиликлар қолишини, шифтга термилиб бемажол бўлиб ётган чоғларида теранроқ англаган бўлса, не ажаб.

    Аслидаям барчамиз умримизнинг ўткинчилигини биламиз, чин дунёга қуруқ қўл билан кетишимизни ҳам теран англаймиз, аммо негадир пулнинг, мансабнинг, ҳашаматларнинг ортидан қуваверамиз. Ўтиб кетаётган умримизнинг қадрига етмаймиз.

    У.Азизов яшайдиган маҳалла раиси билан суҳбатлашар эканман, қаҳрамонимизнинг босиб ўтган машаққатли ҳаёт йўли, бошидан ўтказган ситамлари-ю, неча ўн йиллар аввал унга қилинган ноҳақликларга тўхталиб ўтирмадим. Чунки, бугун Умиджон Азизовнинг қадди ҳам, қадри ҳам баланд. Мамлакатимизда кечаётган ислоҳотлар боис нафақат маҳаллада, балки туманда ҳам ўзига яраша обрўси бор.

    – Умид Азизовнинг оиласи маҳалламизда кўпчиликка ибрат. Ногирон бўлишига қарамай, эртаю-кеч беш сотихдан зиёдроқ томорқасида тиним билмай ишлайди, – дейди Тожикент маҳлласи раиси Нурмат Отамуродов. – Йилнинг тўрт фаслида ҳам томорқасида бўш жой бўлмайди. Оила аъзолари билан картошка, пиёз, турли кўкатлар, кеч кузда эса “тўқсонбости” экинлар етиштириш билан машғул бўлиб, даромад топишнинг уддасидан чиққан асл деҳқон. Унинг бирон марта ҳаётидан нолиганини кўрмаганмиз. 5 мингга яқин аҳоли истиқомат қиладиган маҳалламиз аҳлининг деярли кўпчилиги тадбиркор ёки томорқасидан даромад топаётган кишилар. Аммо, баъзан ўзи соғлом бўлсада меҳнат қилишга бўйни ёр бермай маҳалла идорасига келиб, ёрдам керак, пул керак, дея ҳаётидан нолиб кўмак сўрайдиганлар учраб туради. Ўшандай пайтда Азизовга ўхшаган имконияти чекланган бўлсада меҳнат қилиб, яшашни шараф билган хонадон соҳиблари ҳаётини, букилмаган иродасини уларга намуна тарзида сўзлаб беришимизга тўғри келади. Умид ака давлат томонидан ногиронлиги учун олиб турадиган нафақасидан воз кечди. Кўпчиликка ибрат бўладиган воқеа.

    Мақолани тайёрлаш жараёнида Қоракўл туман ҳокимлиги ва Тожикент маҳалласи раисидан Умид Азизов ҳақида кўп яхши гапларни, ёмонликдан яхшилик излайдиган воқелар тарихини эшитдик, эшитдигу тўла-тўкис ёзиб ўтирмадик.

    Аммо, мақоламизни унинг қалбидан чиққан оддийгина “Ҳаётдан нолиган одамнинг нони бутун бўлмайди. Ўзини жамиятга, оиласига керакман, деб билган одам борки, гарчи ногирон бўлсада боқимандаликдан юз ўгириб, ўзи ва бошқаларга фойдаси тегиши учун тер тўкиб, ҳалол меҳнат қилиши керак,” деган сўзлари билан якунлашни маъқул кўрдик.

    Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири


    No date selected
    июл, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates