Бу ҳақда Экология, Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.
Экология вазирлиги давлат инспекторлари томонидан Чирчиқ дарёсида навбатдаги рейд тадбирлари олиб борилди. Рейд давомида фуқаро М. Д. дарё ҳудудига чиқиндилар тўкиб, тўғон ҳосил қилгани аниқланди.
Фуқаро Экология вазирлиги давлат инспекторлари томонидан бир неча бор огоҳлантирилишига қарамасдан, қурилиш чиқиндиларини ўзбошимчалик билан ташлаб кетаверган.
Судда М. Д.нинг тоифаланган ҳамда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар режимини бузиб, ноқонуний чиқиндихона ташкил қилганлиги, ҳудудга чиқиндиларни маълум маблағ эвазига жойлаштириб келганлиги ўз исботини топди.
Фуқаро дарёга 126.433,70 м куб чиқинди ташланганлиги оқибатида Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 апрелдаги "Ўзбекистон Республикаси ҳудудида атроф-табиий муҳитларни муҳофаза қилишнинг иқтисодий механизмларини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги 202-сонли қарорига асосан ҳисоб-китоб натижаларига кўра, давлат манфаатларига 3 миллиард 68 миллион 206 минг 171 сўм миқдорда зарар етказган.
Шунингдек, М. Д. "Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги қонуннинг 22 моддаси ҳамда "Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида"ги қонуннинг 41 моддасини қўпол равишда бузган.
Суд Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 59, 61 моддаларига асосан ҳуқуқбузарни 3 йилу 9 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиб, ундан давлат фойдасига 3 миллиард 68 миллион 206 минг 171 сўм зарар ундирилиши белгиланди.
Экология вазирлиги ҳар қандай ҳуқуқбузарлик қатъий жавобгарликка сабаб бўлишини яна бир бор эслатиб ўтади. Зеро атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан биридир, бу борада барчамиз бирдек масъулмиз, — дейилади хабарда.