Суюлтирилган газ таъминотидаги “бункер”лар фош этилди

    “Ҳудудгазтаъминот” АЖ Комплаенс назорат бошқармаси ва газ таъминоти филиаллари масъуллари томонидан ҳудудларда суюлтирилган газ маҳсулоти таъминотида ноқонуний ҳолатларни аниқлаш бўйича назорат тадбирлари ўтказилмоқда.

    Бу ҳақда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ матбуот хизмати хабар берди.

    “Узунтумангаз” газ таъминоти бўлими чилангар-таъминотчиси Х.У. ГТБга тегишли автомашинада маиший газ баллонларини Сурхондарё вилояти Узун тумани “Тотугай” МФЙда истиқомат қилувчи фуқаролар Н.Б. ва Й.Ч. хонадонида ташкил этилган “бункер”га ташлаб кетгани аниқланган. Фуқаро Н.Б. хонадонида 72 та, фуқаро Й.Ч. хонадонида 46 та суюлтирилган газ тўлдирилган маиший газ баллонлари топилган. Ушбу хонадонларда маиший газ баллонлари маҳалла аҳолисига ноқонуний равишда нақд пулга белгиланган нархдан қимматга сотилаётгани аниқланган.

    Мазкур ҳолат юзасидан ходим Х.У. га нисбатан хизмат текшируви тайинланган.

    Наманган вилоятининг Уйчи туманида ўтказилган тадбирда “Овчинбулоқ” МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро М.С. га қарашли новвойхонада жами 24 дона маиший газ баллонлари ноқонуний равишда сақланаётгани аниқланган.

    Шунингдек, новвойхонадан газни автомобилга ўтказишга мўлжалланган 2 дона қўлбола мослама ҳамда 6 дона ID-карта топилган.

    Ҳолатлар юзасидан тегишли тартибда далолатномалар тузилган ва барча ҳужжатлар ҳуқуқ-тартибот органларига тақдим этилган.