Очиқ ва демократик сайловлар Янги Ўзбекистондаги демократик ислоҳотлар самарасидир

    Мамлакатимизда ўтказилиши кутилаётган сайловларга тайёргарлик жараёнларини кўздан кечирган Дублин Cити университети профессори Абел ПОЛЕЗЕ ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

    Абел ПОЛЕЗЕ, Ирландиянинг Дублин шаҳар университети Дублин Cити университети Гуманитар ва ижтимоий фанлар факултети профессори:

    – Бугун мен сизлар билан Янги Ўзбекистон сайлов тизимидаги муҳим ўзгаришлар ҳақида суҳбатлашмоқчиман. Бу ўзгаришлар мамлакатнинг демократик тамойилларга ва халқаро стандартларга содиқлигини акс эттиради.

    Эътироф этиш керак, сўнгги йилларда Ўзбекистон босиб ўтган чуқур ислоҳотлар йўли дунё миқёсида тан олинмоқда. Айни янгиланишлар сайлов ислоҳотларида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Янги Ўзбекистоннинг янгиланган Конституцияси ва такомиллашган Сайлов кодекси шундан дарак бераётир.

    Айтиш жоизки, аралаш сайлов тизимига ўтиш — бу муҳим янгилик. Мазкур ўзгариш Конституция ҳамда Сайлов кодексидан эскирган қоидаларни олиб ташланганини англатди. Олий Мажлис қонунчилик палатаси учун сайловлар мажоритар ва пропорционал вакиллик орқали ўтказилмоқда.

    Эътибор беринг-а, 75 нафар вакил бир мандатли туманлардан, қолган 75 таси эса партия рўйхатлари асосида ягона сайлов округидан сайланади. Ушбу янги тизим нафақат кенгроқ иштирокни таъминлайди, балки гендер тенгликни ривожлантиришга ҳам ҳисса қўшади. Чунки партия рўйхатларидаги камида 40 фоиз номзодлар аёллар бўлиши зарур.

    Бундан ташқари, сайлов органларининг Марказий сайлов комиссияси бошчилигидаги янги тизими ҳам тубдан такомиллаштирилгани мени қувонтирди. Хусусан, Конституцияда қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида Парламентга киритиши мумкин бўлган субъектлар қаторига Марказий сайлов комиссияси ҳам киритилибди.

    Шунингдек, участка сайлов комиссиялари аъзоларини тайинлаш ва уларнинг муддатларини белгилашда янгиланишлар амалга оширилгани ҳам эътиборга молик. Бу эса сайловларнинг юқори даражада ҳалол ва шаффоф ўтказилишини таъминлайди.

    Яна бир муҳим янгилик суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлик учун суднинг ҳукмига кўра озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларнинг сайлаш ҳуқуқидан фойдаланиши белгиланганидир. Уларни сайловда иштирок этиш ҳуқуқидан фақат қонунга мувофиқ ҳамда суднинг қарори асосида маҳрум этиш мумкин холос. Албатта, мазкур ҳуқуқ ривожланган давлатларнинг тажрибалари асосида киритилган. Масалан, Германия, Франция, Австралия, Греция, Италия, Польша, Португалия, Руминия, Нидерландия, Норвегия каби давлатлар тажрибасига кўра, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этган шахсларнинг сайлов ҳуқуқини фақат суд қарори билан чеклаш амалиёти йўлга қўйилган.

    Овоз бериш жараёнига сайловчиларни киритиш сайлов рўйхатларини мунтазам янгилаш орқали амалга оширилади. Шунда ҳар бир фуқаронинг овози эшитилади ва ҳисобга олинади.

    Янги Ўзбекистоннинг инклюзивликка бўлган содиқлигини тасдиқлайдиган жиҳатлардан яна бири, хориждаги фуқароларнинг сайловларда иштирок этишини таъминлаш мақсадида қоидалар жорий этилганидир.

    Ушбу сайловларга тайёргарлик кўриш жараёнларини кузатган ҳолда мен Ўзбекистон халқининг сайловда фаол иштирок этишига ишонаман.