Оддий одамларнинг қувонч ва ташвишлари ёхуд ҳеч ким тўнини тескари киймасин

    “Қайдасан, Фарғона”, деб йўлга тушганимизда тонг энди оқариб келаётган эди. Водийга бориб келувчиларнинг узоғини яқин қилаётган Тоҳиржон, ўзининг айтишича, “бу йўлларда кечаси ҳам кўзини юмиб” бемалол “Ласетти”сини бошқараверади.

    Ҳамроҳларим узоқ йил ҳарбийда бирга хизмат қилган тошкентлик дўстларининг 75 йиллик юбилейида иштирок этиб, уйга қайтаётган экан. Фарғоналикларга хос тантилик билан, нисбатан ёш бўлсам-да, мени олд ўриндиққа ўтказиб, икки жўра орқа ўриндиққа жойлашди.

    – Яхши гурунг узоқ манзилни бир қадам қилади, – деди Ҳасан ака гап оҳангидан менга мурожаат қилиб. – Биз томонларга нима мақсадда боряпсиз?

    – Сенинг нима ишинг бор, – дея улфатининг оғзига урмоқчи бўлди Нуриддин ака. – Бу ерда раис эмассан. Қолаверса, сенинг хўжайинчилик қиладиган давринг ўтди – нафақага чиқдинг, ахир. Нега энди бу кишим бизга ҳисобот бериши керак? Тўғрими, укажон?

    Икки тенгдошнинг самимий гапларидан завқим келди.

    – Тўрт-беш кўйлакни ортиқча тўзитгансизлар, шунинг учун гурунг тизгини сизларда бўлгани яхши, – дедим кулиб.

    Ўгирилиб қарасам, Ҳасан ака қовоғини уйиб, ойнадан ташқарига қараб жим бўлиб қолибди. Нуриддин ака яна ўртоғига, сўнг менга юзланди:

    – Э, ҳазиллашдим, жўра, дарров тўнингни тескари кийиб олдингми? Ука, шунинг саволига тезроқ жавоб бермасангиз, манзилгача қовоғини очмайди.

    Ўрнимга йўлдан кўз узмай автомобиль бошқариб кетаётган Тоҳиржон боя йўлкирани савдолашаётиб, мендан билиб олган маълумотларни тўкиб солди:

    – Бу акахоннинг яқинлари биз томондаги сиҳатгоҳда даволаняпти экан, уларни йўқлаб боряпти. Оқшом ортга қайтади. Улгурсам, балки яна ўзим Тошкентга олиб қайтаман.

    Водийликлар бор жойда аскиясиз суҳбатлашмасликнинг иложи йўқ. Нуриддин ака гапга чечан экан, Ҳасан аканинг қит-патига тегишда давом этди:

    – Мана, гапнинг тагига ҳам етдинг, ошна. Пойтахтдаги тўйда роса ўйнадинг. Ўйнашинг ҳаммага ёқди. Чарчагансан, бироз мизғиб кетақол...

    Ҳасан аканинг бироз чиройи очилди.

    – Мен боғдан келсам, сен тоғдан келасан-а, Нуриддин. Ҳозир айтдим-ку, гурунг қилиб кетамиз, деб. Мизғиш қочмас... Меҳмон, биз томонларда тез-тез бўлиб турасизми?

    – Чамамда охирги борганимга 6-7 йил бўлиб қолди. Одамлар ҳаёти, шаҳар-қишлоқлар шамойилида ўзгаришлар катта бўлса керак?

    Бошимни ҳамроҳларимга ўгириб, шу саволни берганимдан кейин анча вақт йўлга қарамадим. Сабаби, суҳбат қизиб кетди, Ҳасан аканинг гап қопи очилди:

    – Маҳаллага 20 йил раислик қилдим. Икки йил бўлди, вазифамни ёшларга топширганман, аммо уйда хотиржам ўтиришга қўйишмайди. Ҳозир маҳалла фаолиятидаги жонланиш бунга изн бермайди. Аввал идорада ўтириб, фақат одамларга керак маълумотнома ёзиб бериш, уч-тўрт оилага нафақа пули ҳисоблаш билан кунни кеч қилардик. Ҳозир ваколат ҳам, шунга яраша иш ҳам кўпайган. Одамларнинг ҳаёти ўзгарди. Улар танбаллик, дангасалик душман эканини борган сари теран идрок этяпти. Раислигимнинг дастлабки йиллари муаммо кўп, аммо уларнинг бирортасига ечим топилмасди. Аниқроғи, уларни ҳал этишга маҳалланинг қўли калталик қиларди. Бугун ҳам муаммолар йўқ эмас, бироқ барчасини бартараф этиш мумкин. Одамларга томорқа берилгани яхши бўлди. Тирикчиликни ўтказиш осонлашди, меҳнатдан қочмаса бўлди. Аслида меҳнатдан қўрқмайдиган халқмиз. Кетмондастани суқиб қўйсангиз, кўкарадиган еримиз бор. Кўз ўнгимизда халқимиз фаровонлашяпти. Эсласангиз, бир пайтлар кўчадаги икки ё уч оилада автомашина бўларди. Ҳозир ҳар бир хонадон олдида икки-учталаб машина туради. Деҳқончиликдан ташқари, тадбиркорлик билан шуғулланадиганлар ҳам кўпайди, ишлаб чиқариш кенгайди. Маҳалла ҳудудида корхоналар пайдо бўлди.

    – Саъдулла ака ва фарзандлари ҳақида айтиб бергин, – гап қўшди Нуриддин ака.

    – Маҳалламиздаги Саъдулла ака биздан 4-5 ёш катта, – деди Ҳасан ака ҳамроҳига бош ирғаб. – Бир умр мактабда жисмоний тарбиядан дарс берган. 2017 йилнинг куз ойлари эди. Бир куни эрталабдан жаҳл отига минган, юзи асабийлашишдан зўриқиб кетган акамиз идора остонасида пайдо бўлди. Ҳе йўқ, бе йўқ, менга ўдағайлаб кетса денг. Айтмаган гапи қолмади.

    — Мен тўнимни бир тескари киймай, бола. Мени биласан-а, аяб ўтирмайман. Сен ўзи қанақа раиссан, бизнинг ҳам додимизга қулоқ соласанми? Сенларда виждон борми?

    — Ака, тинчликми, сал ўзингизни босиб олинг, бундоқ ётиғи билан тушунтиринг, нима бўлди? — деб хонага олиб кирдим.

    Маълум бўлишича, катта ўғли йўл ёқасида қурилаётган янги кўп қаватли уйлардан хонадон олишга бир неча йил олдин ариза берган, лекин масала ечим топмаган. Туман ва вилоят ҳокимлигига мурожаати самарасиз кетган, силжиш бўлмаган. Кимдир “уйлар аллақачон тақсимлаб бўлинган, озроқ харажат қилсангиз, тўғрилаб берамиз”, деб Саъдулла акани чалғитибди ва иш пайсалга солинаётганида маҳаллани айблабди. Кичик ўғли анча уддабурон, тадбиркорлик қилади. У ҳам ишлаб чиқариш корхонаси қуриш учун ер ажратилишини сўраб ариза берганига анча бўлибди. Унинг муаммоси ҳам гўё маҳалла айби билан ҳал бўлмаётганмиш, Саъдулла аканинг важоҳати сабаби шундан экан.

    — Ака, бу гаплардан хабарим йўқ, менга бир оғиз айтмагансиз-ку. Кишининг руҳи тушса, оти ҳам чополмайди, дейди халқимиз. Кўнгилни чўктирманг. Биламан, хўжалигингиз катта, бир уйда тиқилиб қолгансизлар, каттангизга алоҳида уй керак. Кичик ўғлингиз ҳам бир ишга қўл урса, эплаб кетади, фақат озгина далда керак, дедим. Узоқ суҳбатлашдик. Орада анча нарса юзага чиқди. Масъул ва мутасаддилар асосан таъмагирлик қилиб ишни пайсалга солаётгани кўриниб турар эди. Ҳамма ҳужжатини тахлатдим. Маҳаллага бириктирилган тегишли сектор раҳбарлари билан гаплашиб, вазиятни тушунтирдим. Масала бирор ҳафталарда ижобий хал қилинди. Ҳозир иккала ўғилнинг иши юришиб кетган: каттаси уй олди, кичиги аввалига бир неча одамни иш билан таъминлаб, қурилиш материаллари ишлаб чиқарадиган цех очганди. Ўтган йили ота-онасини умра зиёратига олиб борди. Шу кунларда бизнеси кенгайиб, акаси билан туман марказида кўп қаватли уй қуряпти азамат. Хорижга кетиб пул топиб келаман, деган мақсадда юрган ўнлаб ёшлар ҳозир унинг қўлида ишлаяпти, рўзғорини тебратяпти. Қойилмисиз? Шукр, шундай имкониятлар яратилган даврларга ҳам етиб келдик.

    Суҳбатга қўшилайми-йўқми, дегандек оғиз очишга чоғланган Нуриддин акани ҳам гапга солгим келди.

    – Тошкентда юбилейлар қандай ўтди, хизматдошлар ёшликни бир эслабсизлар-да?

    – Ўтган асрнинг 70-йиллари бошида Беларусь ўрмонларидаги ҳарбий қисмда хизмат ўтаганмиз, – деди Нуриддин ака. – Мен, Ҳасан акангиз ва тошкентлик Раҳматилла жуда иноқ бўлганмиз. Бир неча йил аввал Раҳматилла оғир дардга чалинди. Текширган шифокорлар вазият жиддийлигини, бу кетишда бир-икки ойда умри поён топишини айтибди. Катта пул эвазига фақат Ҳиндистонда жарроҳлик амалиёти ўтказиш билан бу дардга даво топиш мумкин экан. Раҳматилланинг уч қизи бор, ўғли йўқ. Лекин куёвлари ўғлидек бўлиб кетган, ҳаммаси оддий, яхши инсонлар, барака топишсин. Маслаҳатлашиб, зудлик билан Ҳиндистонга олиб кетишга қарор қилишади. Зарур маблағ базўр жамланади. Чипталарга буюртма берилиб, ҳинд шифохонасидан жой банд қилинади. Кетиши керак бўлган куни кичик куёви Тошкентдаги шифохоналарнинг бирида худди шундай касаллар даво топа бошлагани ҳақида хабар олиб келади. Бу орада дўстимизнинг аҳволи анча оғирлашиб қолган экан. Чиқмаган жондан умид.

    Ўзимизнинг шифокорлар ўтказган жарроҳлик амалиёти муваффақиятли чиқади. Бунинг учун Ҳиндистонга йиғилган пулнинг бир қисми кифоя қилади. Мана ҳозир Раҳматилла дард кўрмагандек бўлиб кетди. Қизлар ва куёвлари маслаҳатлашиб, ўша ортган пулга отасининг 75 йиллик таваллуд кунини нишонлаб берди. Айтганингиздек, учала дўст ёшликни роса эсладик, рақсга тушдик. Дўстимиз қаторимизда эканига шукр қилиб келяпмиз.

    – Демак, тенгдош бўлсаларингиз, сизларнинг ҳам юбилейингиз яқин экан-да ёки ўтиб кетдими? – деб сўрадим.

    – Биз йил бошида 75 ёшни уриб қўйганмиз, – давом этди Нуриддин ака. – Ҳужжат бўйича Ҳасан февралда, мен март ойида туғилганман. Иккаламиз ҳам уйимизда, фарзандлар ва набиралар қуршовида кичикроқ қилиб нишонладик. Катта набирам ҳунарманд, даромади чаккимас. Шу катта қилиб нишонлайлик, деб туриб олганди, рўйхушлик бермадим.

    – Қандай ҳунари бор?

    – Мискарлик билан шуғулланади. Ёш бўлса-да, кўплаб шогирди бор. Бир қутичалар, ликопчалар, чиройли сувинерчалар ясайди, кўриб кўз қувнайди. Лекин унинг маҳсулотларига ўзимизда унча эътибор берилмайди, негадир қадрланмайди. Ясаган буюмларини асосан интернет орқали хорижга онлайн сотади...

    – Интернету онлайнниям биларкансиз, қойил, – деб гап қўшиб қўйди ҳайдовчимиз Тоҳиржон.

    – Албатта, биламан, – завқи келди аканинг, – маҳсулотларини қандай сотишини сўраганимда набирам тушунтириб берган. Аввалига расмга олиб, интернетга қўйган. Қўлда ясалган буюмларнинг ишқибозлари бўларкан. Ўшалар буюртма бера бошлаган. Чўнтакка ҳам сиғадиган кичкина қутичасини яқинда австралиялик харидорга 800 долларга сотибди. Ҳозир Тошкентда “Ҳунарманд” уюшмаси ўтказаётган кўргазмада қатнашяпти.

    – Икковингиз ҳам гап орасида “тўнини тескари кийиш” деган иборани ишлатдиларингиз. Бу жаҳли чиққан одамга нисбатан айтилишини биламан. Бироқ нега айнан шундай дейилишини билмас эканман, – қизиқиб сўрадим отахонлардан.

    Боядан бери жим кетаётган Ҳасан акага яна жон кирди.

    – Халқимизнинг “тўнини тескари кийди” деган ибораси бекорга айтилмайди. Ўзим мактабда она тили ва адабиётдан муаллимлик қилиб, нафақага чиққанман. Бир куни ўқувчиларим ҳам шу саволни берган эди: “Нега тўнини тескари кийди, дейилади? Жаҳл чиқишига тўннинг нима алоқаси бор? Буни қандай тушунамиз?” деб. Китобларни титиб жавобини топганман. Ўшангача ўзим ҳам ўйлаб кўрмаган эканман. Бу ибора одамнинг дарғазаб бўлганини ифодалайди. Авваллари одамларнинг кундалик кийими тўн бўлган. “Камбағални урма, сўкма, тўнини йирт” деган ибора ҳам шундан қолган. Ҳа, камбағалнинг тўни бир дона бўлган. Агар тўни йиртилса, кўчага кийгани бошқа либоси қолмас эди. Ана ўша даврларда камбағал одамнинг жаҳли чиқиб, бирортаси билан олишмоқчи бўлса, тўнининг устки қисмини авайлаб, тескарисини кийиб олар экан. Чунки тупроққа думалаб ёқалашса, йиртилган тақдирда ҳам ичига ямоқ тушади, ўнгини кийса ямоқ ичида қолиб кетади.

    Қарасам, менга керакли сиҳатгоҳ дарвозаси олдида турибмиз.

    – Мана, манзилимга ҳам етиб келдим, ростдан ҳам вақт қандай ўтганини билмай қолдик, – дедим мен билан хайрлашишга чоғланиб турган ҳамроҳларимга. – Айтинг-айтинг, инсон феълида тўнини тескари кийгулик қилмасин. Ғам-ташвишдан холи, қувончга ошно, кўнгли хотиржам, маънавияти юксак одамга бунинг зарурати йўқ. Халқимизга эгнидаги тўн ўнги билан ярашади.

    Ҳасан ва Нуриддин акаларнинг юзи янада ёришди:

    – Яшанг, ука! Қўлни ташланг...

    Нодир МАҲМУДОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    (Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 2024 йил 20 ноябрь, 235-сонида чоп этилган)

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates