Оддий уй бекасининг ҳақиқати: ҳалол меҳнат билан топилган даромаднинг баракаси бўлади

    Яқинда тоғамнинг қишлоғига йўлим тушди. Кун қизигандан қизиб келяпти. Таксидан тушибоқ “Муздек айрон” деб ёзилган салқингина манзилга кирганда, шу ерда ўтирган нуронийларнинг суҳбати бехос қулоғимга чалинди.

    Улардан бири: “Бир эмас, ўн эркакнинг меҳнатини қиляпти”, деб кимнидир мақтаяпти. Яна бири давом этади: “Ҳа-а, унга қойил, ҳам ҳовлисини бинойидек саришта қилиб, ҳам салкам ярим гектар ерни гуркиратяпти...”.

    Иш пайти ҳам, бўш пайти ҳам даладан топасиз

    Кейин билсам, бу аёл Сожида Йўлдошева экан. У 1986 йили Қашқадарё вилояти Касби тумани Қорақўнғирот қишлоғида туғилган. Ҳозир 4 фарзанднинг онаси.

    Сожида опа билан бафуржа суҳбат қуриш мақсадида суриштириб-суриштириб Қорақўнғирот қишлоғига бириктирилган ҳоким ёрдамчиси Аброржон Холмуродов билан боғландик. У “Сожида опа бунақа пайтда далада бўлади, иш пайти ҳам, бўш пайти ҳам даладан топасиз”, деди.

    Аброр ака ҳақ бўлиб чиқди, Сожида опа ўз даласида экан. Кўринишидан меҳнаткашлиги сезилиб турган бу аёл 2022 йилда қишлоғидаги ерлардан 25 сотихини аукцион орқали олиб, деҳқончилик билан шуғулланиб келмоқда. Опа билан Аброр ака таништириб қўйди. Шундан кейин бу тиним билмас аёл бизни ўримга тайёр бўлиб қолган ғалла майдони томон бошлади.

    “Шу кўриб турган ерингизда болаликдан ўйнаб катта бўлганмиз, пахта терардик, сомон йиғардик. Ғалла ўримидан бўшаган ерларда мол боқардик. Мана бу ариқларда олма, тарвуз, помидорларни ювиб ердик. Хуллас, шу қишлоқда улғайдим. Тақдиримга битилган экан, ўз қишлоғимга келин бўлдим. Мен келин бўлиб тушган хонадон ҳам оддий оила, ҳалол меҳнат ҳисобига кун кўрар, шундай бўлса-да, қайнотам турмуш ўртоғимни университетда ўқитган эди.

    Секин-секин турмушимизни йўлга қўйиб олдик. Турмуш ўртоғим педагогика йўналишини тамомлагани учун қишлоқдаги мактабга ишга кирди. У киши ҳалол инсон, қайнона-қайнотам шунақа тарбия берган. Ишига виждонан ёндашади.

    Ҳаётимиз бир зайлда давом этаверди. Фарзандли бўлдик. Турмуш ўртоғим дам олиш кунлари ҳам ишлай бошлади. Мен фарзандларимиз тарбияси билан машғул эдим. Лекин оиламиз каттаргани сайин эҳтиёжимиз ҳам ортиб бораверди. Баъзида етказсак, баъзида қийналиброқ қолдик. Шундай кунларда мен ҳам ишлашим керак, катта оилани боқишда қийналаётган турмуш ўртоғимга оз бўлса-да, ёрдам беришим керак, деб ўйлаб қолардим. Нима иш қилишни эса билмайман.

    Ҳоким ёрдамчисининг таклифи

    Қўлимдан келадигани – уй-рўзғор ишлари, деҳқончилик. Лекин 6 сотих ҳовлимизда деҳқончилик қилсам, ҳосили рўзғордан ортмас эди. Борган сари мана шу ўй менга тинчлик бермай юраверди.

    Бир куни қишлоғимизга ҳоким ёрдамчиси қилиб тайинланган Аброр ака уйимизга келиб, ҳукумат қарори билан эҳтиёжманд оилаларга ва ишсиз ёшларга ер ажратиб берилаётгани, исталган қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириб, мўмай даромад қилиш мумкинлиги ҳақида айтиб қолди.

    Тўғриси, кечаси билан режалар тузиб, ухлолмадим, ҳаловатим йўқолди. Эртасигаёқ Аброр ака билан боғланиб, бунинг учун нима қилиш кераклигини сўрадим. Ҳужжат ишларида ёрдам беришини айтди.

    Хурсанд бўлдим. Ахир, энди оиламга даромад келтираман. Қолаверса, ёшлигимдан деҳқончилик қилиб катта бўлганман, уддалашимга кўзим етади.

    Шундай қилиб, ҳужжатларни тайёрлаб, аукционда қатнашдим ва 2022 йил март ойида бизга қишлоғимиздан, уйимизга яқин сувли ерлардан 25 сотих ер ажратиб берилди.

    Ўшанда қанчалик хурсанд бўлганимни фақат ўзим биламан. Энди мен ҳам қайсидир маънода тадбиркор эдим-да. Шундан кейин бу ерга нима экиш ҳақида ўйлай бошладим. Экин тури кўп, лекин ерга ва иқлимга мос келадиганини танлаш керак эди. Қишлоқдаги миришкор деҳқонларимиздан сўраб-сўраб, маслаҳатлашиб, сабзи экмоқчи бўлдик. Ҳисоблаб кўрсак, сабзининг уруғи ҳам арзон эмас, 25 сотих ерга қарийб 1 миллион сўмлик уруғ керак экан.

    Яна масалага ечим излаб Аброр акага юзландик. У бу сафар ҳам биздан ўз маслаҳати ва ёрдамини аямади – уруғлик давлат томонидан олиб бериладиган бўлди.

    Ўзингиз айтинг, шунча имконият яратиб берилгандан кейин жавлон уриб ишламай бўладими?!

    Хуллас, кўтаринки кайфият, зўр ғайрат билан ишга киришдик. Ҳамма ишни ўзим қилишга интилардим, гўё экинзоримизни ҳеч кимга ишонмасдим. Ишдан ташқари вақтда ва дам олиш кунлари турмуш ўртоғим ёрдам берарди.

    Минг шукрки, бизга ажратилган ерда сувдан муаммо йўқ. Сув танқис бўлиб бораётган ҳозирги даврда бундай имкониятнинг ўзи катта ютуқ. Шундай қилиб, деҳқончилигимиз гуркираб кетди. Ҳатто турли касалликларга қарши дориларни ҳам давлатдан ёрдам сифатида олдик.

    Қувонганимиз, давлат фақат ернинг ўзини бериб қўйиб, қолганини ўзинг қил, демади. Камчилигимизга шерик бўлди, ёрдамини аямади. Мен фақат чин кўнгилдан ишладим.

    Бир йилда 20 миллион сўм соф даромад қилдик

    Йиғим мавсуми бошланди. Яқинларимиз кўмаги билан эсон-омон ҳосилни йиғиштириб олдик. Сотиш ҳам муаммо бўлмади. Харидор топишда давлатимиз томонидан кўмак берилди. Ҳамма ишни жой-жойига қўйганимиздан кейин ўтириб ҳисобласак, соф 20 миллион сўм даромад қилибмиз!

    Мен аёл киши бўла туриб бунча пул топишим мумкинлигини тасаввур ҳам қилмасдим. Ахир, олий маълумотли эмасман, аксига олиб бирор ишни бошлашга маблағимиз ҳам йўқ эди. Аввало, Худога беҳисоб шукр қиламан. Ишсиз қишлоқ одамларига шунчалик имконият яратиб бераётган давлатимиздан миннатдорман.

    Шундай қилиб, омадли якунланган мавсумдан кейин ерни ўғитлаб, дам бердик. Олинган фойданинг бир қисмини оиламиз эҳтиёжларига сарфладик, муайян қисмини кейинги йилги деҳқончилик учун асраб қўйдик. Балки 20 миллион сўм ким учундир кам туюлар, лекин ҳалол меҳнат билан топилган даромаднинг баракаси бўлади.

    Ерга меҳр берсангиз, у сизга барака беради

    Энди кейинги режаларимиз ҳақида ўйлай бошладим. Кўпчиликнинг маслаҳати билан бу йил уруғлик буғдой экдик. Ҳоким ёрдамчиси яна қўлидан келган ёрдамини аямади. Ҳосилдан 10 миллон сўм атрофида фойда олишни кўзлаб турибмиз.

    Фақат шу билан чекланиб қолмаймиз. Ғалладан бўшаган ерга сабзи экмоқчимиз. Аввалги йилгига қараганда яхшироқ навини суриштириб қўйдим. Худо хоҳласа, сабзининг ўзидан даромадимизни 30 миллионга етказмоқчимиз. Топган пулимизнинг бир қисмини фарзандларимиз таълим олишига сарфлаш ниятимиз бор.

    Ерда барака бор, деб бежиз айтишмаган. Унга меҳр берсангиз, у сизни боқади. Ҳаммаси астойдил меҳнат қилишга боғлиқ. Биз фойда олаётганимизни кўриб, қишлоқдаги кўплаб оилалар ҳам қизиқиб қолган. Мана шу йил, эшитишимизча, яна 5-6 оилага ер берилади. Биз учун эса қанча кўпайса, шунча яхши. Одамлар даромадини оширади, ҳамма оиласи бағрида яшаб, ишлаб умргузаронлик қилади. Бу яхши-ку”!

    Уй бекасидан тадбиркор деҳқонга айланган аёл

    Сожида опанинг ҳикоясини тинглаб вақт қандай ўтганини билмай қолибмиз. Кўз ўнгимизда оддий уй бекасидан ҳар мавсумда 40-50 миллион сўмгача фойда кўраётган тадбиркор деҳқонга айланган аёл турар эди. Яна гувоҳ бўлдикки, ҳар бир аёлнинг ичида ўзига хос шижоат яшириниб ётади, муҳими, унинг кашф этилишида. Сожида опа каби аёлларга ишонч билдириб, имконият яратиб бераётган давлатимиздан ҳамма рози.

    Одам қилган ишни одам қилади, деганлари рост экан. Асосийси, меҳнат қилишга истаги бор кишига имкон яратиб бериш. Жамиятда барча ҳам олим ёки қурувчи бўлмайди, лекин ҳар кимнинг ўз қизиқиши, нимагадир қобилияти бор. Бунга Сожида опа мисол.

    Қишлоқ аёлининг Сожида номли портрети

    Сожида опага ташаккуримизни билдириб хайрлашар эканмиз, яна келишни дилга тугиб қўйдик. Опа ҳали келажакда фаолиятини янада кенгайтиришини, насиб этса, иссиқхоналар барпо этишини айтиб қолди. Биз эса бу аёл ўз мақсадига албатта эришишига ишондик. Негаки, ҳам 4 фарзандни тарбиялаб, ҳам деҳқончиликка улгура олаётган ана шундай аёллар сиймосида кучли шахсият яширингани шубҳасиз.

    Изланганга имкон бор, изланмаган эса секингина нолиб қўяди. Кимдир нолиш билан вақт сарфлаётган пайтда бошқа биров унинг ёнгинасида ҳаётини яхшилаш учун тиним билмай ҳаракат қилаётган бўлади. Сожида опа ана шундай ҳаракатчан инсонлардан.

    Жонибек АЛИЖОНОВ,

    журналист

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates