ОИВни тўлиқ даволаш мумкинми?

    Ўзбекистонда сўнги маълумотларга кўра, 51 мингга яқин ОИВ инфекцияси билан касалланганлар аниқланган. Уларнинг 55 фоизи эркаклар, 45 фоизи аёллардир. Аксарияти 30-49 ёшдаги инсонлардан иборат (55 фоиз).

    Одамнинг иммунитет танқислиги вируси (ОИВ), орттирилган иммунитет танқислиги синдроми (ОИТС) ҳамон кўплаб мамлакатларда аҳоли саломатлиги учун жиддий таҳдид бўлиб қолмоқда. Касалликни даволаш борасида эришилаётган ютуқларга қарамай, муаммо тўлиқ ҳал қилинмаган.

    Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотларига кўра, 1983 йилдан бошлаб дунёда 85,6 миллионга яқин одам ОИВ/ОИТС билан касалланган ва улардан 40,4 миллионга яқини ушбу вирус келтириб чиқарадиган касалликлардан вафот этган. 39,9 миллион дан ортиқ ОИВ билан яшовчи шахсларнинг 53 фоизини аёллар (қизлар) ташкил этган.

    Афсуски, Ўзбекистонда ҳам сўнги маълумотларга кўра, 51 мингга яқин ОИВ инфекцияси билан касалланганлар аниқланган. Уларнинг 55 фоизи эркаклар, 45 фоизи аёллардир. Аксарияти 30-49 ёшдаги инсонлардан иборат (55 фоиз). Таҳлилларга кўра, бугунги кунда 75-80 фоиз ҳолатда жинсий мулоқот орқали ОИВни юқтириб олиш қайд этилмоқда.

    Ушбу вирус билан яшовчиларга қандай даво муолажалари қўлланилади? Уларнинг ижтимоий ҳимояси таминланганми? ОИВ ва ОИТС ўртасидаги фарқ нимада? Республика ОИТСга қарши курашиш маркази бўлим бошлиғи Шоакбар Анваровдан шу каби саволларга жавоб олдик.

    – ОИВ – Одам иммунтанқислиги вируси бўлиб, у инсон иммунитет тизимига ҳужум қилувчи вирусдир. Ушбу вирус иммунитет тизимининг пасайишига олиб келади, натижада организмда иммунитет танқислиги пайдо бўлади ҳамда одам организмининг инфекциялар ва касалликларга қарши курашиши заифлашади.

    Иммун танқислиги ҳолати – бу иммун тизимининг касалликларга қарши курашиш қобилияти пасайган ва заифлашган ҳолати. Бундай ҳолатдаги одамлар турли хил инфекциялар ва саратон касалликларига нисбатан анча сезгир бўлиб, бу касалликлар одатда иммун тизими кучли одамларда деярли учрамайди. Ушбу касалликлар «оппортунистик инфекциялар» (қўшимча, ёндош, иккиламчи тарзда ривожланувчи) деб аталади, чунки улар заифлашган иммун тизими ҳисобига ривожланиш имкониятини топади.

    ОИТС — Орттирилган иммунитет танқислиги синдроми, бу ОИВ инфекциясининг охирги босқичидир. ОИТС юқмайди. «ОИТС» атамаси ОИВ инфекциясининг охирги босқичларига нисбатан ишлатилади. Даволанмаслик (дори препаратларини ўз вақтида мунтазам қабул қилмаслик ва дори воситаларига содиқ бўлмаслик) оқибатида кўпчилик ОИВ юқтириб олган одамларда ОИТС белгилари 8-10 йил давомида юзага келади, баъзида бу муддат узоқроқ ёки қисқароқ бўлиши ҳам мумкин. Ретровирусга қарши даво эса инфекцияни назорат қилиб, ОИТС босқичига ўтишнинг олдини олади ҳамда вирус юкламасини пасайтиради. Иммунитетни ҳимоялайди.

    – ОИВ қандай юқади?

    – ОИВ вируси қон, жинсий суюқликлар ва она сути каби биологик суюқликларда учрайди. ОИВ уч хил йўл билан юқади. Ҳимояланмаган жинсий алоқа орқали. Қон орқали – ОИВ билан яшайдиган одамнинг қонини қуйиш, гиёҳванд моддаларни инъекция орқали умумий шприцлар орқали қабул қилишда ёки тери бутунлиги бузиладиган тиббий ёки нотиббий муолажаларда нострил буюмлардан фойдаланганда, яъни дезинфекция ва стерилизация талабларига риоя этмаганда. Онадан болага – ҳомиладорлик, туғуруқ ёки кўкрак сути билан эмизиш орқали.

    – Қайси ҳолатларда ОИВ юқмайди?

    – ОИВ иш, ўқиш ва жамоат жойларида ҳамда қуйидаги ҳолатларда юқмайди: ҳаво-томчи йўли орқали; қучоқлашиш ёки қўл бериб саломлашганда; ўпишиш, йўтал ва аксириш орқали; чивин ва бошқа ҳашаротлар чақиши орқали; умумий ҳожатхона, бассейн ва ҳаммомларда; овқатланиш учун битта идишлар ва бошқа умумий уй-рўзғор буюмларидан фойдаланганда.

    – ОИВни юқтириб олган одам қанча вақт яшай олади?

    – Ўз вақтида ва мунтазам Ретровирусга қарши терапия қабул қилиш орқали ОИВ билан яшаётган одамлар узоқ ва соғлом ҳаёт кечириши мумкин. Бугунги кунда 70-80 ёшдан ошганлар бор.

    – Одамда ОИВ борлигини ташқи кўриниш орқали аниқлаш мумкинми?

    – Йўқ, ташқи кўринишга қараб одам ОИВ юқтириб олганлигини аниқлаб бўлмайди (эрта босқичларда алоҳида клиник белгилар кузатилмайди). Организмда ОИВ борлигини аниқлашнинг ягона йўли – ОИВга тест топширишдир.

    ОИВнинг кеч босқичларидагина алоҳида клиник белгилар намоён бўлади, булар: сабабсиз ҳафталаб, ҳатто ойлаб ич кетиши — диарея, ҳафталаб тана ҳароратининг кўтарилиши, оғиз бўшлиғи ва жинсий аъзолар атрофида турли замбуруғли ва герпетик тошмалар пайдо бўлиши, ўпкада сил ва пневмосист пневмония ривожланиши — ОИВнинг кеч босқичларида иммун тизим заифлашиши ва эрта босқичда ОИВга қон намунаси топширмаслик ҳисобига ривожланади.

    – ОИВ-тести нима? Ундан қачон, қандай ҳолларда фойдаланиш мумкин?

    – ОИВ тести – одам ОИВ юқтириб олганлигини аниқлаш учун олиб бориладиган таҳлилдир. ОИВ вирусини қон ёки сўлак орқали намуна топшириш орқали аниқлаш мумкин.

    ОИВга тест топширишнинг афзалликлари шундаки, агар одам ОИВни юқтириб олган бўлса, вирусни эртароқ аниқлаш ва ўз вақтида ретровирусга қарши терапияни бошлаш – иммунитетни яхшилашга имкон беради. Шунингдек, бошқаларга юқтирмаслик учун чораларни қўллайди ҳамда ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдини олади.

    Ўзбекистонда ОИВга намуна тестини Республика ва вилоят ОИТСга қарши курашиш марказларида, марказлардаги Дўстона хоналарда, Республика бўйлаб барча Ишонч хоналарда бепул ва аноним тарзда ҳамда туман тиббиёт бирлашмаларида бепул тарзда намуна (анализ) топшириш мумкин.

    Шунингдек, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудида фаолият олиб бораётган Мобил лабораторияда ОИВга ҳамда гепатит C ва захмга бепул, аноним тарзда тезкор тестдан ўтиш мумкин.

    – ОИВни тўлиқ даволаш мумкинми?

    – Бугунги кунда ОИВни тўлиқ даволаш имконсиз. Бироқ самарали даволаш усуллари мавжуд бўлиб, давони ўз вақтида бошлаб, мунтазам амалга ошириш орқали ОИВ билан яшайдиган одамлар сифатли ва узоқ умр кўриш имконига эга.

    Ретровирусга қарши терапия – ОИВ инфекциясини даволаш учун қўлланилади. Бу терапия одам танасида вируснинг кўпайишини тўхтатиш орқали ОИВ инфекциясига қарши курашади. Натижада вируснинг танада тарқалиши секинлашади, кўпайишини тўхтатади, вирусни соғлом иммун ҳужайраларга киришини блоклайди ва ОИВнинг бошқа одамга юқишининг олдини олади.

    Агар ОИВ билан яшайдиган одам ўз вақтида ва мунтазам терапияни қабул қилса, унинг организмидаги ОИВ вируси юкламаси камайиб боради ва аниқланмайдиган даражага етади. Аниқланмайдиган даражадаги вирус юкламасига эга ОИВ билан яшайдиган одамлар ОИВни бошқаларга юқтирмайди.

    ОИВ билан яшайдиган одамлар кундалик ҳаётини давом эттириши, ўқиши, ишлаши ва бошқалар билан алоқада бўлиши мумкин.

    Шу билан бирга, ОИВ билан яшовчи одамлар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2024 йил 10 январдаги 1-сонли буйруғи кўра, ишлаш ман этилган касбий фаолият турлари ҳам бор.

    – 95-95-95 стратегияси нима ва бу рақамлар нимани англатади?

    – 2030 йилга қадар бутун дунёда ОИТС эпидемиясини тугатиш учун 95-95-95 мақсадли стратегияси жаҳон ҳамжамияти томонидан қўлланилади.

    Бу ОИВ билан яшайдиган одамларнинг 95 фоизи ўз статуси ҳақида хабардор, ўз статуси ҳақида хабардор ОИВ билан яшайдиган одамларнинг 95 фоизи доимий ретровирусга қарши терапия қабул қилади, ретровирусга қарши терапия қабул қиладиган 95 фоиз одамларнинг организмида ОИВ инфекцияси кучи энг паст даражада деганидир. Ушбу стратегиядаги кўрсаткичларга эришиш орқали ОИВ инфекцияси тарқалишнинг олдини олиш ва бутун дунёда ОИТС эпидемиясига барҳам бериш мумкин.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates