Олим ва адиб сиймоси ёд этилди

    Бугун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Бегали Қосимов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган хотира кечаси ҳамда уч жилдли “Танланган асарлар” тўпламининг тақдимоти ўтказилди.

    Унда уюшма раиси ўринбосари Ғайрат Мажид, профессорлар Нурбой Жабборов, Баҳодир Каримов, адабиётшунос Шуҳрат Ризаев ва бошқалар сўзга чиқди.

    Тадбирда олимнинг илмий ва адабий мероси, унинг инсоний фазилатлари, устозлик жиҳатлари ҳамда янги нашрдан чиққан уч жилд китобининг мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилди. Адиб хотираси ёд этилди.

    – Бегали Қосимовнинг илмий фаолиятида жадидчилик ва жадид адабиёти етакчи ўринни эгаллайди, – дейди адабиётшунос Шуҳрат Ризаев. – Мунаввар қори Абдурашидхонов, Беҳбудий, Абдулла Авлоний каби маърифатпарвар шоирлар асарларида жадидчилик ғояларини илмий-назарий асосда таҳлил этган мақолалари бугунги ёшлар учун катта қўлланмадир.

    Мазкур тўпламда ўзбек адабиётининг қадимги давридан ХIХ аср охирларигача бўлган адабий ҳодисалар, ижодкорлар, уларнинг асарлари ҳақидаги тадқиқотлар, замонавий адабий-тарихий жараён билан боғлиқ мақолалар, адабий суҳбат ҳамда сафар хотиралари жамланган. Бунда олимнинг мустақиллик даври адабий-илмий ҳаётига доир жиддий кузатишлари, замондошлари билан бўлган суҳбатлари ўз ифодасини топган.

    Тадбирда ижодкорлар, олимнинг касбдошлари, шогирдлари Бегали Қосимов билан боғлиқ хотираларини бўлишди. Йиғилганларга уч жилди “Танланган асарлари”дан улашилди.