Олима аёл — миллат тарбиячиси

    БМТ Бош Ассамблeяси томонидан 2015 йил 22 декабрда қабул қилинган “Тараққиёт мақсадларидаги фан, тeхника ва инновациялар” тўғрисида рeзолюцияда 11 фeвраль — Халқаро илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар куни деб эълон қилинган.

    Бугунги ўзгариш ва янгиликларга бой кечаётган давр барчамизнинг олдимизга янги-янги талабларни қўймоқда. Энг муҳими илм йўлини танлаган хотин-қизларимиз учун ўз имкониятларини намоён қилиш учун барча шарт-шароитлар яратилмоқда. Уларни қўллаб-қувватлаш давлатимизнинг тараққиёт дастурларига киритилган.

    Айтиш лозим, ҳар бир жамиятнинг интеллектуал манзараси ҳақида фикр юритилганда, илм-фанга муносабат, илмий ғоялар ва тадқиқотлар, эришилган илмий натижалар кўлами муҳим кўрсаткич бўлиб хизмат қилади. Зотан, мамлакатимиз иқтисодиётининг юксалиши илм-фан ривожига боғлиқ. Бу ўз навбатида илм-фан соҳасида изланишлар олиб бораётган хотин-қизлар зиммасига ҳам алоҳида масъулият юклайди. Олима аёллар томонидан бажарилаётган илмий тадқиқотлар, саноат, қишлоқ хўжалиги, ижтимоий-маърифий ва маданий соҳаларнинг ривожига муносиб ҳисса бўлиб қўшилмоқда.

    БМТ Бош Ассамблeяси томонидан 2015 йил 22 декабрда қабул қилинган “Тараққиёт мақсадларидаги фан, тeхника ва инновациялар” тўғрисида рeзолюцияда 11 фeвраль – Халқаро илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар куни деб эълон қилинган. Ушбу қарор аёллар ва қизларнинг илм-фан билан тўлақонли фойдаланишларига тенг шароитлар яратилиши, шунингдек хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш мақсадига қаратилди. Бунда белгиланган бош ғоялар — Инновацияларни жорий этиш; Намойиш қилиш; Юқорига интилиш; Рағбатлантириш; Қўллаб- қувватлашга қаратилган. 2016 йилдан эътиборан бу кун жаҳонда кенг нишонланиб келинмоқда.

    Бугунги кун жаҳонда хотин-қизларнинг илмий тадқиқотлар олиб боришдаги иштироки дунё давлатларида турли рақамлар билан қайд этилмоқда. Масалан, ЮНЕСКО Статистика институти маълумотларининг 2020 йил ҳолатига кўра, дунёда фан билан шуғулланаётган олималар улуши 30 фоизни (хусусан, Боливияда бу кўрсаткич 63%, Францияда 26%, Эфиопияда 8%ни) ташкил этади. Ўзбекистонда бу кўрсаткич 39%га яқинлашганлиги қувонарли ҳолат, албатта.

    Ушбу кўрсаткичларнинг бўлишида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясида хизмат кўрсатаётган олималарнинг ҳиссаси алоҳида эканлигини таъкидлаш зарур. Фанлар академиясининг асосий вазифаси фан ва техника соҳасидаги давлат сиёсатининг амалга оширилишини таъминлаш, давлат ва жамият тараққиётини таъминловчи истиқболли йўналишлар бўйича фундаментал илмий текшириш ва илғор технологияларни ривожлантириш стратегиясини белгилаш, табиий, техникавий, тиббий, ижтимоий-гуманитар фанлар соҳасида жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий, илмий-техникавий ва маънавий-маърифий ривожига кўмаклашувчи фундаментал тадқиқотлар олиб боришдан иборат.

    1943 йил 4 ноябрда ташкил этилган Ўзбекистон Фанлар академияси ташкил топган даврдан бери унинг илмий текшириш муассасалари ходимларининг сони, илмий текшириш ишларининг кўлами ва салмоғи жиҳатидан катта тарихий ривожланиш йўлини босиб ўтди.

    Академия ташкил топган 1943 йили унинг таркибида 11 ҳақиқий аъзоси, 18 мухбир аъзоси ҳамда 3 фахрий аъзоси бўлиб, 10 илмий текшириш институтини бирлаштирган, 210 илмий ходим, жумладан, 28 фан доктори ва 80га яқин фан номзоди ишлаган. Айтиш лозим, ходимлар орасида аёллар жуда озчиликни ташкил этган эди. Ўтган тарихий давр мобайнида Фанлар академияси таркибидаги илмий тадқиқот муассасаларида илм-фан билан шуғулланувчи хотин-қизлар сони ортиб борди.

    Фанлар академияси тизимида илм билан шуғулланаётган хотин-қизлар фаоллиги ошиб бораётганлигини кўрсатмоқда. 2023 йил ҳолати бўйича Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тизимида жами ходимлар сони 5337 нафар, шундан 2081 нафар аёл (38,9%), илмий ходимлар сони 2833 нафар, шундан 927 нафари аёллар(32,7%), жами фан докторлари 490 нафар, шундан 109 нафари аёллар (22,2%), фан номзодлари ва PhD 831 нафар, шундан 265 нафари аёллар (31,8%) ташкил этди.

    Шу билан бирга Фанлар академияси таянч докторантураси ҳамда докторантурада таҳсил олаётганлар орасида хотин-қизларнинг сони ортаётганлиги эътиборга лойиқ. Ҳозирда таянч докторантурада таҳсил олаётганларнинг умумий сони 686 нафар — шундан 250 нафари аёллар (36,4%), докторантурада (DSc) 88 нафар — шундан 25 нафарини аёллар (28,4%) ташкил этади. Қувонарлиси шундаки, аниқ ва табиий фанлар йўналишида изланувчи қизларнинг улуши ошиб бормоқда.

    Фанлар академияси бошқарув аппаратида 39% аёллар хизмат кўрсатади. Тизимдаги мавжуд 35та илмий ташкилотнинг 4тасида аёл директорлар (2та академик, 1та фан доктори, профессор, 1та фан номзоди) ўз соҳалари ривожида сидқидилдан хизмат қилмоқда.

    2023 йил январь ҳолатига кўра Фанлар академияси академиклари сони 65 нафар, шундан 5та аёл академик мамлакатимиз илм-фани ривожига самарали ҳисса қўшиб келмоқда. Қайд этиш керак, 2017 йил бўлиб ўтган Фанлар академияси академик сайловларида сайланган 32та академикнинг 3таси (9,3%) аёллар бўлди.

    Тарихга назар солинса, 1943 йилдан 2017 йилга қадар сайланган 310 нафар Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари — академикларнинг фақат 20тасини хотин-қизлар ташкил этган. Уларнинг 9 нафари табиий, 8 нафари ижтимоий-гуманитар, 3 нафари аниқ фанлар йўналишидадир. Аммо, академик аёллар сони юқорида қайд этилган умумий кўрсаткичга нисбатан 6,45%ни ташкил этади.

    Академик аёлларимизнинг ҳаёт йўли илм-фан билан шуғулланаётган хотин-қизлар учун ҳақиқий ибрат мактабидир. Бу эса ўз навбатида Фанлар академияси ҳақиқий аъзолигига бўладиган сайловларда илм-фанда ўз илмий мактабини яратган, юқори натижаларга эришаётган хотин-қизлар иштирокини кўпайтиришни тақозо этаётганлигини кўрсатмоқда.

    Сўнгги беш йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси олималарининг 29та турли даражадаги давлат мукофотлари билан тақдирланганликлари эътиборга молик. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тизимида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича бир қатор тизимли ишлар амалга оширилиб келинаётганлигини алоҳида таъкидлаш зарур.

    ХХ аср бошларида миллат маърифатпарвари Абдулла Авлоний: “Қизлар билим олишга ҳаммадан кўпроқ интилишлари лозим, зеро, бу билимлар билан улар келажак авлодни тарбиялайдилар”, — деб ёзган эди. Дарҳақиқат, бу масалани ҳал этмасдан тараққиётни тасаввур этиш қийин. Бугунги кунда ўзбек олималари аёллик мақомини тадқиқотчилик, етакчилик, устозлик фаолияти билан уйғунлаштира олган замонамизнинг ҳақиқий қаҳрамонларидир.

    Нодира Мустафаева,

    тарих фанлари доктори, профессор,

    Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси

    Ижтимоий-гуманитар фанлар бўлими раҳбари

    No date selected
    июл, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates