Оловда туғилган қақнус ёхуд Қашқадарё бахшичилик мактаблари ҳақида

    Маданият 14 июл 2023 2212

    Биз онг ости сезимларимиз тўйинишини, бадиий тафаккур тарзимиз шаклланишини, маънавий-маърифий қарашларимизни фикрлашда, мулоҳаза юритишда, мунозарага киришиш жараёнида тажассум топишига эришамиз.

    Ўзимизнинг микрооламимизни улкан коинот мўъжизалари сир-синоатига боғлаб, эзгуликнинг муҳташам қасри бўлмиш халқ оғзаки ижоди бўстони маънавий маъданлари – достонлар, эртаклар, ривоятлар, лапарлар, чистонлар, бундай дуру гавҳарлар “озуқа”сидан кўнгил салтанатини ёруғликка макон тутамиз.

    Халқ оғзаки ижоди рамзларга бойлиги, инсон моҳиятини эзгуликка уйғунлаштириши, орзу-умид шоҳсупасида саодат маёғини баланд туғ этиши билан ҳаётга муҳаббат уйғотади. Халқоналик оғизга келган сўзни жирлаш эмас, ҳар бир сўз тиниқлиги, маънодорлиги, турфа белгисиз ишораларда товланиши, ҳис-туйғуларимизни “елпиши”, мазмун кўламдорлигини қанот ёйиши баробарида руҳсиз оламимизга ҳурлик эпкинини улашиши билан санъат мақомини ўринлатади. Поляк ёзувчиси Ян Парандовский “Сўз кимёси” асарида Ҳомер ҳақида ёза туриб: “Уни оқин, бахшиларга ўхшаб халқона либос кийиб юришган дейишади, шу билан бирга, худди сарой шоири каби кўшк ва қасрларга ҳам бемалол қадам ранжида қилиб юрган”.

    Мана шу қиёфа ва ҳаракат бутун ер юзидаги бахшиларга тааллуқли. Халқ оғзаки ижодининг оддий ва мукаммал мазмундорлиги (полифоникаси), оҳангдорлиги борлиқни қай тарзда ифода этмасин, барча-барчани ҳайратга ошно тутган. Шу ўринда дунё ўқувчилари қалбига неча асрлардан буён ҳайрат ёқтисини мукаррам айлаган буюк испан ёзувчиси Мигель де Сервантеснинг “Дон Кихот” асари арабларнинг “Минг бир кеча” эртакларига ҳамоҳанг яратилгани билан улуғвор аҳамият касб этганини эсламай бўлмайди.

    Халқ оғзаки ижодининг гўзал ва бетакрор намунаси бўлган бахшичилик санъати минг йиллар давомида ардоқланиб келмоқда. Президентимиз ташаббуси билан Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш йўлга қўйилди. Биринчи бор Сурхондарё заминида, кейинчалик Нукус ва Гулистон шаҳарларида ташкил этилган Халқаро бахшичилик санъати ушбу санъат ривожига дунё халқлари эътиборини қаратишга қўйилган қадам бўлди, минтақа ва халқаро ҳамжамият маданий доираларида катта қизиқиш уйғотди. Мамлакатимизнинг барча вилоятларида ўзига хос бахшичилик мактаблари мавжуд. Қашқадарё бахшичилик мактаби шакл ва мазмун жиҳатидан ажралиб туради. Абдулла бахши Нурали ўғли, Тоғай бахши, Зоир бахши Қўчқор ўғли, Умир бахши Сафаров, Азим шоир Хўжаёв, Шомурод бахши Тоғай ўғли, Қодир бахши Раҳим ўғли, Қаҳҳор ва Абдумурод Раҳимовлар ва бошқа юзлаб бахшиларимиз ўз мактабини яратиб, халқ оғзаки дурдоналарини куйлаб келган ва куйламоқда. Бу воҳа достончилари, жумладан, деҳқонободлик (марҳум) Қодир бахши Раҳим ўғли, чироқчилик (марҳум) Азим шоир, қамашилик (марҳум) Ҳазратқул бахши Худойберди ўғли каби бахши-шоирларнинг овозлари Туркия, АҚШ, Россия, Франция, Ҳиндистон, Мўғулистон ва бошқа хорижий мамлакатларгача етиб борган ва достонсеварлар қалбидан ўрин олган. Қашқадарёда Деҳқонобод ва Чироқчи бахшичилик мактаблари, айниқса, ўзига хослиги билан нуфузга эга. Бу мактаб бахшилари халқ достонлари, термаларни ички овозда ижро этадики, ботиний сезгимиз торларини чертишга қодир ва руҳий оламимизни жунбушга келтиради.

    Келинг, ўзим кўп бор суҳбатини олган, овози ширали, сўзлари дурдек сержило ва маъноли чироқчилик марҳум Шомурод бахши Тоғай ўғли ҳақидаги хотираларим билан ўртоқлашай.

    Ўзбекистон халқ бахшиси Шомурод бахши халқ бахшичилик санъатида ўзига хос мактаб яратганлардан. Унинг юз китобга жо бўлгилик терма-достонлари халқ орасида машҳур. Отаси Тоғай шоир 1932 йилда иғвогарларнинг чақуви билан Сибирга сургун қилинган. Шунда Шомурод олти ойлик чақалоқ бўлган. Тўққиз ойлигида онаси Тожихол Шукурова совуқ иқлимга мослашолмай, оғир шамоллашдан вафот этди. Шомурод бахши опалари қўлида ўсди. Саккиз ёшида отасининг мунгли қўшиғини тош қотиб тингларди. Тоғай шоир ич-ичидан йиғлаб терма айтарди.

    Элимдан адашган ёлғиз сўнаман,

    Булбул бўлиб гул шохига қўнаман,

    Энасойга дардим айтиб жиладим,

    Ишим билан Иртишларга жиладим,

    Ҳой-ҳой, ой-й-й-й, ҳей-ҳей-й-й-й...

    Тоғай шоир 1945 йил урушдан қайтиб келиб, болаларини кўкрагига босиб, ҳўнг-ҳўнг йиғлади. 1948 йилда Тоғай шоир оқлангач, улар Чироқчига қайтишди.

    Шомурод бахши билан гурунгларим кўп бўлган. Маҳаллий шоирлардан Жўра Алимардоннинг хотира кечасидан қайтиш чоғида қишлоғимизда укамнинг уйида бўлиб ўтганди бу гурунг. Бизга ҳамроҳ бўлган болалар шоири Ўта Бердиёрга (ҳозир 93 ёшда) қаттиқ ҳазиллашарди. Ўшанда бахши 85 баҳорни қаршилаганди.

    – Укажон, болалигимни эсласам, тошга игна қадаб шардоз ўтказаман. Вой-вой-а, энажоним-а, Оқмўланинг муз бағрида қолиб кетди. Отам Тоғай шоирга кўп зорландим: “Оқмўлага борайин, энажонимни кўрайин. Ўттиз жилни ҳатлаб, умримни хатлаб ўтказавераманми”, десам отам кўнмади. У ёқларнинг бетини ит кўрсин, журагимни тиғлама, болам, деди. Худди мени этагимдан тортиб, Оқмўла олиб қолаётгандай туюлдими, отажоним унамади. Шуйтиб энамнинг мозорида бир мартаям тунамадим. Энди саксон учни жағалаб, сувим қочиб ўтирибман. Қанотим бўлса-ю, учиб-учиб, энажоним мозорининг олдига қўнсам.

    Шомурод бахши дўмбира чертиб, овозини баландлатади.

    Жигит улгур Меккам чол,

    Летибамни синдирдинг.

    Отам олиб бериб эди,

    Насибамдан айирдинг.

    Билмаганни билдирдинг,

    Ажал бўлиб паймонамни тўлдирдинг,

    Учар эдим, қанотимни қайирдинг,

    Юрар эдим, оёғимдан тойдирдинг.

    Бийигул, Бийигул,

    Рангсангул, рангсангул.

    Пуфаклари қирқтан гул,

    Ҳай-ҳаё, раббимо, Оллоё,

    Муллатўрғай тонг саҳарда сайрайди,

    Нега менинг отажоним келмайди?

    Ростин айтгин, энажон, эна-ёв,

    Менинг отам ўзи қачон келгайди?

    Карвон ўтиб боради,

    Икки ўғлон карвонларга чопади.

    Отасини кўролмаган болалар,

    Энасига келиб, дўстлар, сўрайди.

    Энажон, жон эна, эна-ёв,

    Айтгин отам ўзи қачон келгайди?

    Эна жотиб жилайди,

    Ёр келмасин билади,

    Билса, қандоқ қилади,

    Олло-ё, отам-а, жонима,

    Бийигул, Бийигул, Бийигул...

    Бўғзингга хўрсиниқ тиқилади, кўз ёшларинг чўққа айланади. Ер тебраниб, осмон қалдирайди. Ўзингдан ўзингни мосуво этгинг келади. Ҳа, хунрезлик, қатлиом зулуклари қатра қонингни симириб, олам шайнини улоқтирганда коинот тартиботи издан чиқиши бор гап. Шомурод бахшининг қизаринган кўзларига ўксиниб тикиламан. Саксон учида оёғини “салта” қилиб кўзойнак илондай ўйнатадиган, ўрнидан сакраб турадиган бахшининг борлиғи оғирлашади. Аччиқ тумандай ёпирилган хотиралар юки уни заифлик чилвирида ўриб-эшади.

    – Отам урушда. Иброҳим акамдан қорахат келган қора кунлари болалар уйида жашайдим. Бир кунга бир бурда нон беради-я! Очликдан тош чайнашданам тап тортмаймиз. Кўз сополдай қотган, қорин қавишган, тери устихонга жавишган, тирик жон шайтон билан топишган бадбахт кунларнинг бирида чўчқабоқар Леониднинг тўнғизхонасига ўғирликка тушдим. Пишакдай тўнғиз боласини жиртиқ фуфайкамнинг этагига ўраб, девор ошувдимки, чўчқабоқар пайқаб қолди. Қочаман-а, қочаман. Оч одам жугура олмайкан, ирғаланиб, аяғи жерга ботиб қолайкан. Тўнғиз феъл Леонид ва унинг икки ули мени ушлаб олишди. Роса дўппослашди. Одам таёқдан ўлмайкан. Кўкармаган, қораймаган жойим қомади. “Энажо-он!” деб зор қақшаб жиладим. Оғзимдан какрадай аччиқ сўлак оқди, кўз ўнгим қоронғилашди. Энам бўлганда Леониднинг тўнғизхонасига ўт қўяйди. Одамлар очликдан ўламан деб жотибди, чўчқабоқарнинг икки бети кувачадай, чертсанг қон сизади. Тўнғиз боласини қўрққанимдан бўғиб ўлдириб қўйибман. Ўлик чўчқачаниям мендан қизғаниб, итининг олдига отиб жуборди. Қорним пўст ташлаб шундай санчқи берардики, тирноғимам қизиб кетганди. Шундай, укажон! У кунларнинг бетини тескари қисин. Манови Ўта бува Сталинни қўмсаб жилайди. Ҳа, бебақнинг боласи. Қора уйидан бир умр чиқмай жашаган нимани билади. Анови радионинг жолғонига ишонади. Жаланғочлаб муздай сувга ботириб қўйса, қундузнинг боласидай ўрмалаб қочармиди. Сталин отам дейди-я, отасиз қогур!

    Шомурод бахши менга кўз учириб олади-да, яна селдай тўлиб тошади.

    – Айналай, ука, қизиллар кўз олдимизда жети жуз жапон аскарини отиб ташлади. Биз, “детдом”нинг бир тўда болалари тепаликда – буталар орасидан мўралаб қараймиз. Қуролсиз аскарлар ҳар ёнга сочилиб қочади-яй! Атрофини ўраб олган қизиллар пақ-пақ этиб отгани отган. Бир жапон аскар ўзини дарёга отди. Жудаям сузағонакан. Униям қайиқда сузиб бориб отиб ташлашди. Бечора солдай жонбошига ағдарилиб, сувга чўкиб кетди. Биз болалар қақшаб жиладик. “Уйи куйсин Сталинни”, деб сўкиб жиладик. Одам боласининг нархи қилдан арзонийди у пайтлар. Бир қир нари бўйламаган Ўта бува нимани билайди. Жумронқозиқдай бўйнини чўзиб-чўзиб, ер тирнаб журган-да! Ҳа, айланай-а, энасини бегона журтда қолдирган билади. Энамнинг тилини ўн жеттимда – ота журтимга қайтганимда тетапоя баччадай ўргандим.

    Мана, ҳозир, дастурхон қошида дўмбирасини бир четга авайлаб қўйди-да, тиззаларини жуфтлаб, қаддини тик тутиб, қадрайиб украин халқ қўшиқларидан бирини овозини баландлатганча куйлай кетди. Уй шифтлари зириллай бошлади. Укам Шойимназар оғзи очилганча унга анграйиб тикилиб қолди. Саксон беш ёшли қариянинг йигитлардай чаққон ва ўктам ҳаракатидан ҳайратланарди. Қўшиқ тугаши билан Ўта бобоям беихтиёр чапак чалди.

    — Бир жилдан бери, укажон, термалар куйлашим бир соатдан ошмаяпти. — деди Шомурод бахши бироз музтар тортиб. — Илгари бошқа тилларда термаларни кўп билайдим, энди хотирамдан кўтариляпти. Термалар айтабилмасам жилаб жубораман, укажон. Қариликни бўйинга олай десам, бўйним ёр бермаяпти. Энди нима қиламан. Одам шуйтиб қариб-тўзиб қолама. Ҳали эл кезиб миллатни миллатдан, элатни элатдан айри этмадим. Отам Тоғай шоир дўмбирани қўлимга тута туриб: “Болам, лўли орасида лўли бўл. Шоирнинг миллати йўқ. Уруғ ажратган кунинг ўлганим де”, деб қаттиқ ўгит суққан. Золимдан қочаман, яхшининг этагидан тутаман. Эл бир қисм майиз тутса, кўзимга суртаман. Элдан айирмасин, укажон.

    — Назар Эшонқул деган ёзувчи биродаримиз айтувди: “Шу Шомурод бахшининг куйлашидаям, дўмбира чертишидаям бурятларга хос оҳанг, ижро бор”, деб.

    — Сибир боласиман-да. Сибиряк! — қийқириб кулади бахши. — Қўбизминанам чиқиша оламан. Назар тушмагур оқиннинг овозини “тери”сиданам ажрата билайкан. Бурят бахшилари овулимизга меҳмон бўлиб келайди. Қозоқ оқинлариям дўмбира чертиб, айтишувлар қилганининг гувоҳиман. Дўмбира чертиб, терма айтишнинг уддасидан чиққанимдан сўнг қозоқ оқинлариминанам “ташлашганман”. Тан берган жойи кўп бўлган. Билсанг, катта мактаб кўрмадим. Отамнинг мактабидан чиққанман. Қодир бахши Раҳим ули хўп саводлийди. Сўзни чертиб-чертиб айтайди. Сўзиниям залвори юк босайди. Бизлар яккама-якка айтишув қилмаганмиз. У менинг ҳурматимни жойига қўйган. Бир Сибир “шер”ининг бўлгани шу-да! Оқмўлада қолиб кетганимда овозим ўзимминан кетайди. Аллоҳга шукр, қай бир ковакда қолиб кетмадим. Ўриснинг боласини лаҳжасидан қайси вилоятдан эканлигини биламан. Тошкент – Москва поездига тушиб, купедаги ўрис ҳамроҳларимни лаҳжасига қараб қайси вилоятдан эканини айтганимда учовиям ҳайратдан жаға жиртган. Новгородликлар ўзбек боласига ўхшаб “хорошо”ни “хорошо” деб талаффуз қилади. Москваликларга ўхшаб “харашо” демайди. Айтдим-ку, Сибир боласиман деб! Сургун бўлган миллатларнинг зўрлариминан яшаганмиз. Ғарибликда келгиндилар ҳам оға-инига айланаркан. Кўрган азобларим ҳеч бандасининг бошига тушмасин. Тинчликдан айланай. Ўн қоп олтининг бўлсин, кунингда фароғат бўлмаса, ўтган умрингга ҳайф! Аҳмоқ подшо элдан мамлакат ғазнасини яширади. Уларнинг қанчалари ер остида жотибди. Элдан айирмасин. Эл бир муштдан урса, ўлдиради. Бир чимдимдан тутса, итингнинг товоғи тиллодан бўлади. Термаларим қонарга сиғмайди. Халқ оғзаки ижодини ўрганувчиларам жилдан жилга камайиб боряпти.

    Шомурод бахши ёшли кўзларини дастрўмоли билан арта туриб, дўмбирани ғилофига ўрайди. Дастурхонга дуо ўқилиб, ўрнимиздан қўзғаламиз...

    Шомурод бахши Термизда ўтказилган халқаро бахшичилик фестивалига боролмади. Оғир хасталикдан тўшакда ётиб қолганди. Фестивалдан қайтганимда бахши хонадонида бўлдим. У оғир сўлиш олди. Кўзларидан шашқатор ёш сизиб, ёноқларини ҳўлларди. Унинг қуруқшоқ лабларидан сўзлар қумдай тўкилди.

    — Президентимизга минг раҳмат. Бахшиларни кафтига олди. Бахшилар назардан четда қоляпти, деб журагим оғрирди. Эҳ-ҳей, шунча бахшилар бор экан-а, уларга навбат тегмай қолама девдим. Дўмбирасини сайратиб, жониб-жониб, тўкилиб-тўкилиб термалар айтишини телвизарда кўриб жиладим. Жилашимдан болаларим қўрқиб кетишиб қошимда чарх уришди. Манови қуруқшоқ қўлларимни базўр кўтариб, телвизорга қаранглар, дегандай имо қилдим. Мен истиқлол одамиман. Умрим оловда ўтди. Оловда туғилган қақнусман. Истиқлолни менчалик ким кутган. Бегана жерда кўкариб, кўрганим хўрлик бўлди. Энадан болани ажратиб қўйган жаллод тузумга ўт тушсин. Отам Тоғай шоир бачадай ҳўнграб жилайди: “ўз журтимни тупроғига бош қўйиб ўлсам, Аллоҳдан рози эдим”, деб. Ҳали армон қиламан, энамнинг майити бегана журтда қолди, деб. Бахшилари бор халқ қаримайди, журтда тўкинчилик бўлади. Ҳамманглар омон бўлинглар.

    Шомурод бахши чуқур хўрсинди, унинг хўрсинишида ҳам бугунги дориломон кунларга шукроналик балқиб турарди.

    Бахшининг овозида аслиятимиз — тарихи инсоният яралмишининг илк даврларига бориб тақаладиган, инсоннинг оламни англаш ибтидосининг мунгли, мустар ва жасоратли ҳайқириғи мужассам.

    Ана шу бир қадар нолакор ва ҳамиша навқирон наволарни юрак қўрини бериб тингласангиз, олис ўтмишимиз, долғали бугунимиз, сирли ва сеҳрли эртамизнинг сўзлар қудратидаги қиёфаси кўз ўнгимизда намоён бўлади.Зеро, шунинг учун ҳам бахши ва бахшичилик санъати абадиятга дахлдордир.

    Ўроз ҲАЙДАР,

    шоир

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates