Олти асрдан буён янграётган ошиқ ноласи

    Хоразмда бошланган тўй Самарқандда давом этди. Амир Темур Хонзодани кутиб олиш учун шаҳар дарвозасига барча уламо, шайх, чингизий маликаларни юборади. Шаҳар тўлиқ безатилади. Олтин тангалардан иборат сочқилар йўл бўйлаб махсус тикилган оқ уйгача сочилади.

    Хоразм қўшиғи

    Кўҳна Хива томонларда Хоразмдан Самарқандгача йўлда олтин тангалар сочқи қилинган бир тўй ҳақида ҳозиргача ҳикоя қилинади. Хоразм қўшиғи ўша олис сўфилар сулоласи давридан келаётган экан. Хоразмлик машҳур қўшиқчи Сафо Оллоберганов (1882-1938) Сафо муғанний номи билан халқ орасида машҳур бўлган. Ўзбек рақс санъатининг таниқли намояндаси Тамарахоним 1934-1935 йиллари Хоразмда ижод билан машғул бўлади. Худди шу пайтлар Сафо Муғанний Хоразм элида машҳур темурий Жаҳонгир мирзо номидан айтиладиган “бўлмас” радифли қўшиқ сўзларини Тамарахонимга ўргатади.

    Лондонда 1935 йили бўлган халқаро фестивалда шу репертуар учун Уста Олим Комилов ва Тамарахоним тадбирнинг олий мукофоти – олтин медал билан тақдирланади. Тамарахоним шўролар сиёсати туфайли, қўшиқни “халқ сўзи” деб ижро этган.

    У пайтларда Амир Темур ва темурийлар номлари тарихчилар томонидан қаттиқ қораланарди. Пашшалардан ясалган сохта филлар Турон тарихини истаганича пайҳон қиларди. Бу қўшиқни сақлаб, халққа етказган Сафо Муғанний ҳам 1937 йили ўша пайтдаги ҳукумат раҳбарлари Файзулла Хўжаев (1896-1938) ва Акмал Икромовга (1898-1938) бағишлаб қўшиқ айтгани учун “халқ душмани” сифатида қамоққа олинади.

    Орадан йиллар ўтиб, қўшиқнинг тўлиқ матнини журналист Анбара Отамуродова 1985 йили “Мусиқа жавони” тележурнали учун “Бир қўшиқ тарихи” саҳифасини тайёрлаш жараёнида “Оразибон” ансамбли аъзоси бастакор Матниёз Юсуповдан (1925-1992) ёзиб олган. Сафо Муғанний куйлаган ўша қўшиқ матни:

    Ганжи Қорабоғдан галдим қошингга,

    Санга жоним қурбон этмасам бўлмас.

    Қўшармисан бошинг менинг бошима?

    Йўлингда жон фидо этмасам бўлмас.

    Юзинг ўхшар ўн тўрт гежали ойга,

    Оқ юзингга сочинг зулфлари соя.

    Базм айлаб ўтирган Тилло саройга,

    Очиб жавоб барсанг, гирмасам бўлмас.

    Рўзи қилса ғам шаърини балоси,

    Уларга кирмаса, оҳим садоси.

    Ўлтурган парилар дардим давоси,

    Саройдин саллониб чиқмасам бўлмас.

    Саройинг баландда қирқ зинапоя,

    Юзингни ўхшатдим шамси ва оя.

    Сарога тушма бўлиб сан зоя,

    Насиб бўлса сани ёшласам бўлмас.

    Узоқдан қарасам, манглайинг ёзиқ,

    Кийганинг хулладир, беллари нозик.

    Билакга ярашар тилло билозик,

    Қўлларинг бўйнима солмасам бўлмас.

    Ошиқ санга айтиб тонгни оттирдим,

    Оқ сийнамни аёзларда қотирдим.

    Ой юзингни кўриб ақлим шоширдим,

    Тилагим бир бўса бармасанг бўлмас.

    Бир ошиқ нидоси... У қачон ва қандай дунёга келган? Ваҳки, аждодларимиз уни ҳар қандай бало-қазолардан асраш учун “халқ сўзи” қилиб, ўз бағрига яширган экан. Тарихий лавҳалар шу тариқа тозара бошлайди. Ҳаракатдан тўхтамасак, уни ғуборлардан холи, тоза ва тиниқ кўришга эришамиз.

    Қўшиқ ортидаги воқеалар

    Чингизий аслзодалар орасида қўнғирот қизларга уйланиш урф бўлган. Улар тоза насабли ҳисобланарди. Амир Темур ҳам шу анъанага риоя қилиб, ўғли Жаҳонгир мирзога (1356-1376) Оқ Сўфининг қизи Севинчбекни олиб беради. Эрининг ўлимидан сўнг бу маликани Амир Темурнинг бошқа ўғли Мироншоҳ (1366-1408) никоҳига олади.

    XIV асрда қариндошлик ришталари сиёсий урушларнинг олдини олиш, ярашув – сулҳнинг муҳим атрибутларидан бири эди. Амир Темурнинг Хоразмга юришларидан бирида ҳам Севинчбек иштирок этган шундай ҳодиса содир бўлади. “Мужмали Фасиҳий” асарида бу воқеа тўғрисида қуйидагича ахборот берилади:

    “Жумад ал-охир ойининг 27 куни чоршанбада (1372 йил, 5 январь) Амир Темур шаҳарни қамал қилиб турган вақтида Хоразмда амир Ҳусайн Сўфи вафот этади ва ўрнига укаси Юсуф Сўфи тахтга ўтиради. Хоразм ҳукмдори Юсуф Сўфи амир Соҳибқирон билан Хонзодани амирзода Жаҳонгирга бериши ва Амир соҳибқирон Хоразмни қамал қилмаслиги тўғрисида битим тузилади.

    1373 йили Соҳибқирон Амир Темур кўрагон иккинчи марта Хоразмга жўнади. Унинг қулоғига Юсуф Сўфи итоатдан бош тортиб, берган ваъдасидан чиққани тўғрисида хабар келди. Амир Соҳибқирон йўлга чиққанини эшитган Амир Юсуфнинг нотинчлиги ва ваҳимаси кучайиб, мурувват тилаб, кечирим сўради. Амир Соҳибқирон ярим йўлдан қайтди. 1373 йили Хонзода ҳазрати олийларини Хоразмдан олиб келиб, амирзода Муҳаммад Жаҳонгир ибн амир Темур кўрагонга эрга бердилар. Амир Соҳибқирон Конигилда шу вақтгача ҳеч ким кўрмаган тўй қилишни буюрди.”

    * * *

    Бу воқеа тафсилоти Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарида қуйидагича баён қилинган: “Юсуф Сўфи қизни узатишга рози бўлади, аммо қизнинг ҳали сепи тайёр эмаслигини баҳона қилиб, вақтни чўзади. 1373 йил февраль ойида соҳибқирон иккинчи марта Хоразмга юришга отланади.

    Юсуф Сўфи сулҳни бузиб, қизни жўнатмай, Кат шаҳрини танлаганди. Вазиятни ўнглаш учун, Сўфи тезда элчилар жўнатади. Юриш бўлмайди. Олтин Ўрда бекларидан Нангудайнинг ўғли Оқ Сўфи Ўзбекхоннинг қизи Шакарбекка уйланганди. Уларнинг қизи Севинчбек чирой ва насабда танҳо эди.

    Тўй тараддуди ҳам шунга яраша бўлган. Амир Темур Хоразмга келинни олиб келишга чингизий беклардан Ёдгор барлос, Довудбек ва Ўлжатойбекни жўнатади. Улар тақдим қилган совғалар орасида қимматбаҳо мато, олтин иплар билан тикилган парча, хитой ипаги, қул, отлар бор эди.

    Хоразмда бошланган тўй Самарқандда давом этди. Амир Темур Хонзодани кутиб олиш учун шаҳар дарвозасига барча уламо, шайх, чингизий маликаларни юборади. Шаҳар тўлиқ безатилади. Олтин тангалардан иборат сочқилар йўл бўйлаб махсус тикилган оқ уйгача сочилади.

    Тинимсиз сочқилардан Хонзода бўйи баравар тиллага кўмилди. Келин-куёв учун тикилган махсус оқ уйнинг (чодир, ўтов) ичи гавҳару дурлар билан безатилганди. Куй-мусиқа авжида эди”.

    Бир қўшиқ соҳибасини қидириб, биз ҳам шу базмга бориб қолдик. Бу айтилганлар ўша қўшиқ ортидаги воқеаларнинг муқаддимаси эди.

    Ҳилола Назирова,

    ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги

    Шарқшунослик институти илмий ходими

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates