Навоийнинг “Насойим ул-муҳаббат” тазкирасида 770 нафар шайхлар, ориф инсонлар ҳақида фиқра битилган, шулардан Шайх Мўмин Шерозий, Шайх Абдулқодир Жилий, Паҳлавон Маҳмуд, Шайх Абу Абдуллоҳ Ҳафифлар ҳаёти, каромати мисолида қатор оналар образи тасвирланган. Улар орқали улуғ шоирнинг тарбия, танбеҳ, огоҳлантиришларидан воқиф бўламиз. Онага ҳурмат, таъзим, мулозамат ҳар бир замонда, маконда, ҳар бир миллатда гўзал бир қадрият эканлигини англаймиз.
Асарда биз таҳлилга олган шайхлар ҳақидаги ҳикоятлардан Шайх Мўмин Шерозий ва Паҳлавон Маҳмуд билан боғлиқ ҳикоятда зикр қилинган оналар исми кўрсатилмаган. Шайх Абдулқодир Жилий ҳикоятида унинг онаси, “Ва оналари Уммулхайр Аҳмадулжаббор Фотима бинти Абу Абдуллоҳ”, деб тўлиқ таништирилади. Шайх Абу Абдуллоҳ Ҳафиф онаси Умми Муҳаммадия эса ўттиз беш аёл шайхлар қаторида қайд қилингани сабаб унинг исми айтилади. Маълумки, асарда ўттиз беш аёл шайх ҳақида алоҳида қисм бўлиб, уларнинг ҳар бири исми, насаби билан тилга олинади. Шайх аёллардан Биби Мунажжимани Навоий “Мажолис ун-нафоис”нинг 6-мажлисида ҳам ўз исми билан эслатади, яъни “Хожа Алоуддин – Кирмон мулкидин. Хожа Афзалиддин Муҳаммадқа қаробатдур ва Бибича Мунажжиманинг инисидур”.
Шайх Мўмин Шерозий ҳақида ҳикоят жуда қисқа, чунки “Навоий ҳар бир тасаввуф арбоби ҳақида маълумот берар экан, маълумотнинг лўнда мухтасар бўлишига интилади”. “Шайх ул-ислом дебдурки: “Исмоил Даббос дедиким: “Ҳаж нияти қилиб борурда Шерозға етишдим. Бир масжидқа кирдим. Шайх Мўминни кўрдимки, ўлтуруб хирқасин ямайдур эрди. Салом қилдим ва ўлтурдим. Мендин сўрдиким: “Не ниятинг бор?” Дедим: “Ҳаж ниятим бор”. Деди: “Онанг бор?” Дедим: “Бор!” Деди: “Ёниб онанг мулозаматиға бор!” Бу сўз менга хуш келмас эрди. Деди: “Не тўлғанасен? Мен эллик ҳаж қилибмен, бош яланг, оёқ яланг ва зоду ҳамроҳсиз. Барчасин сенга бердим. Сен онанг кўнгли шодлиғин менга бер!”
Ҳикоятнинг мазмун-мундарижасида, ғоясида она розилиги, она кўнгли шодлиги билан боғлиқ бутун нозик масалалар ёритилган. Навоий китобхонга оналар ҳаққи-ҳурматини, розилик даражасини ҳатто исломнинг фарз амалларидан бири бўлган ҳаж амали орқали топган савобнинг даражасидан ҳам юксаклигини, жаннатга борадиган йўллар она шодлиги, она ризоси билан туташ эканлигини уқтирмоқда. Ҳикоят композициясида диалог усули, яъни Шайх Мўмин Шерозий ва Исмоил Даббос орасида бўлган суҳбат-савол-жавоб асосий ўрин тутади. Бу эса, биринчидан, китобхонга воқеаларни осонгина эслаб қолишига ёрдам берса, иккинчидан, ҳикоятда вақт, ўрин, ҳаракат бирлиги ягона мақсадга – Она мулозаматига, она розилигига қаратилади. Шайхнинг Исмоил Даббосни ҳаждан қайтариши ўқувчида тушкун кайфият уйғотмайди. Аксинча, бунга, “Барчасини сенга бердим. Сен она кўнгли шодлиғин менга бер!” деган Шайхнинг ички руҳиятини очувчи танбеҳи яна умид беради. Шайхнинг бу танбеҳи насрда бўлса-да, дидактик шеъриятнинг гўзал намунасидир. Сабаби, асрлар давомида у: “Сен она кўнгли шодлиғин менга бер!” деган хитоби билан гўё у миллионлаб қалбларни таълим-тарбияга чорлаб турибди.
Навоий она дийдорининг лаззати, она мулозаматининг завқи ва талаби, она розилигининг баракотидан фарзанд не бало-қазолардан эмкин ва омонда бўлиши ҳақида бошқа асарларида ҳам фикр юритади. Жумладан, “Садди Искандарий” достонида Искандарнинг ўлими олдидан ўз хатоларини англаб, ўзини “озурдае” деб билиб, онасига ёзган: “Ки...“Мендинки, йўқ мендек озурдае”, деб бошланувчи машҳур васият мактубида жуда таъсирли, ибратли қилиб тасвирлайди:
Демон қилсам эрди ўғуллуқ санга,
Қабул айласам эрди қуллуқ санга.
Санга айлабон хоки даргоҳлиқ,
Анинг отин этсам эрди шоҳлиқ.
Ул иқболима чарх бўлди ҳасуд,
Ўлар чоғда ўлтурсам ўзни не суд?
Ризонг ўлмаса кўнглума ғамзудой,
Бу дармондаға вою юз қатла вой!
Айниқса, аллитерация воситасида ўғуллуқ, қуллуқ, даргоҳлиқ, шоҳлиқ сўзларидаги оҳангдош сўзларнинг қайтарилиши, такрир санъати ёрдамида бир мисрада “вой” сўзининг такрорланиши, шоҳ Искандарнинг она мулозаматида, она розилигида ожизлик қилганлигини, шоҳлик давридаги энг катта “йўқотиш” эканлигини афсус-надоматлар билан англаши кўз ўнгимизда намоён бўлади.
“Ростлиқ – халослиқ”, ростлик ва тўғрилик файзидан кўп фойда ҳамда ёруғликлар кўриш каби ғояларни улуғ Навоий ўз ижодида мароқ билан шарҳлайди. Эътиборли жиҳати шундаки, “Ҳайрат ул-аброр” достонининг ўнинчи мақолотини “Ростлиқ таърифидаким” деб номлайди ва дадиллик билан, “Ҳар кишиким, тузлук эрур пешаси, Кажрав эса чарх не андешаси”, деган маъноли мисралар билан бошлайди. “Насойим ул-муҳаббат”нинг Шайх Абдулқодир Жилий ҳақидаги маълумотда, “фақат ва фақат ростликни дейсан”, “ҳар қандай ҳолатда ростлик, тўғрилик йўлин тутасан”, деб ўғлидан аҳд олган жасоратли Уммулхайр она образи тасвирланади. “...Онам қошиға келдим ва дедимки: “Мени Тенгри ишиға қил ва ижозат берки, Бағдодқа борай ва илме касб қилай ва солиҳларни зиёрат қилай. Мендин бу доия сабабин сўрди, айттим. Эрса, йиғлади. Ва қўпти ва саксон олтун келтурди. Ва дедики: “Менга ота меросидин бу қолибдур”. Яримин қардошим учун қўйди ва яримин менинг тўнумға тикди ва манга сафар изни қилди. Ва манга аҳд бердики, барча аҳволда ростлиқ қил ва менинг видоъимға чиқди. Ва дедики: “Бор, эй фарзанд, Тенгри учун сендин кесилдим ва қиёматқача сени кўрмагумдир. Мен оз қофила била Бағдодқа таважжуҳ қилдим”. Карвон Ҳамадондан ўтганда, олтмиш отлиқ йўлтўсар – зўравонлар чиқиб, карвонни талайди. Боладан ҳам, “Ниманг бор?”, деб сўрашганида, “Қирқ олтиним бор”, – деб жавоб беради. Боланинг жавобига ҳайрон бўлиб, қайта-қайта сўрашганда ҳам, у қирқ олтини борлигини айтаверади. Тўнини сўкиб, қирқ олтинни топадилар ва ҳайрон бўлишиб, Абдулқодирдан сўрайдилар: “Сўрдики, сенинг бу эътироф қилурға боисинг не эрди? Дедимки: “Онам манга аҳд бериб эрди – сидқу ростлиққа! Ва мен анинг аҳдига хиёнат қилмам”. Бас, ул қавмнинг улуғи йиғлади ва дедики: “Йиллардурки, мен Парвардигорим аҳдиға хиёнат қилибмен”. Ва қиладурғон ишидин менинг илигимда тавба қилди”. Ростликнинг кучи-қуввати билан улар илк тавбани қилиб, карвон аҳлидан нима олишган бўлса, эгаларига қайтаришади. Она-боланинг оғзаки шаклдаги аҳди, эътиқоди, сидқу садоқати, ростлик шарофати туфайли карвон Боғдод шаҳрига соғ-саломат етиб боради. Абдулқодир мунтазам таҳсил билан шуғулланиб, ўн уч фанни мукаммал эгаллайди ҳамда Қуръон қироати, фиқҳ, ҳадис илмининг ҳам етук билимдонига айланади. Ростликни ўз тариқатининг илк тавбаси – асоси деб билиб, жаҳон шайхларига насиб бўлмаган файзу кароматлар соҳиби бўлиб қолади.
“Ҳайрат ул-аброр”дан олинган қуйидаги байтда ҳам шоир ростликни англаган, ростликни ўзига аҳду пеша қилган киши давроннинг офат-қаршиликларидан, каму кўстликларидан доимо омонда бўлишни эслатмоқда:
Кимки бу давронда қилур ростлиқ,
Йўқтурур иши ғайри каму кўстлиқ.
Бу ўринда Навоий рост-ёлғон, тўғри-эгри каби анъанавий тазодлардан эмас, балки навоиёна услуб билан яратилган, қофия асосига қурилган “ростлиқ-кўстлиқ” контекстуал тазодини эслаш керакка ўхшайди. Бу тазод фақат улуғ ижодкорнинг топилмаси, маҳорат маҳсулидир.
Энди фикрларимизни Навоий ўз асарида, “курашчиликда саромад бўлиб азим шуҳрат тутган”, деб қадрлаган шоир, ҳунарманд Паҳлавон Маҳмуд ҳақидаги фикрлар билан давом эттирсак. Навоий унинг Ҳинд мулкида ташкил қилинган “кураш маъракаси”даги жисмонан мағлуб бўлса-да, нафси устидан ғолиб чиққани билан боғлиқ бир неча саргузаштларини – воқеалар тадрижини маҳорат билан баён қилади. Ҳиндистон шоҳи бир заргар орқали Паҳлавонни ўз юртига таклиф қилади. Таклифдан мақсад шоҳ ўзининг курашчиси билан Паҳлавон Маҳмудни халойиқ олдида кураш тушириш эдики, бу – биринчи саргузашт воқеа. Паҳлавон Маҳмуд Ҳиндистонга боради ва ўз одатига кўра, кураш олдидан мусулмонлар мозорини зиёрат қилади. Кўрадики, бир муштипар она бир авлиё мозорида “Худоё, бу келган Паҳлавон курашчи маъракасидин менинг ўғлумни шарманда чиқармагайсен!”, деб Тангрига бутун вужуди билан ёлвориб муножот қиларди. Онанинг бу ҳолати ички портрети ҳамдир. Паҳлавон Маҳмуд у шоҳ курашчисининг онаси эканлигини фаҳмлайди ва ўз-ўзига курашда мағлуб бўлишни ваъдаю қарз қиладики, бу – иккинчи воқеа. Эртаси куни подшоҳ ташкил қилган жаҳон курашида Паҳлавон Ҳинд шоҳ полвони билан майдонга тушади. У ўз ваъдаю қарзида собит – мустаҳкам туриб, бир-икки усул қилгандай бўлади-да, атайин йиқилиб беради. Шу дақиқаларда кўзи осмонда фаришталар жилвасини кўрадики, бу – учинчи воқеа.
Муштипар онанинг Оллоҳга қилган муножоти учун ўзидан куч ва малака жиҳатидан анча паст курашчига атайин мағлуб бўлиб, ваъдаю қарзни бажаради. Она хурсандчилигини, истак-талабини ўзининг полвонлик шаънидан, ғолиблик наъшидасидан устун қўя олган, ўз нафсига ҳоким бўла олган Паҳлавон Маҳмудни осмон фаришталари ҳам, улуғ Навоий ҳам шарафлайди, тан беради. Паҳлавон Маҳмуднинг кейинги саргузашти тўртинчи воқеа – шоҳ ташкил қилган овда бўлиб ўтади. Овдаги воқеа ҳайратларга тўла. Паҳлавон Маҳмуд ов жараёнида оти билан қулаётган шоҳни ушлаб, ўлимдан сақлаб қолади. Подшоҳ ҳам ҳайратланиб, ҳам ажабланиб, унга савол беради: “... мунча муфрит (ҳаддан ташқари – Б.Р.) куч била ажаб эрдики, ул курашчидин йиқилдинг?” Паҳлавон Маҳмуд шоҳ саволига ўзининг ички руҳий оламини ёрқин акс эттирган пурмаъно рубоийларидан бири билан жавоб беради:
Ўз нафсингга ҳоким бўлсанг, мардсан,
Хотирлаб туришдан гапирсанг, мардсан.
Йиқилганни тепиб ўтиш мардлик эмас,
Йиқилганнинг қўлидан тутсанг, мардсан!
Бу жавобни бешинчи воқеа дейишимиз мумкин. Даҳо Навоий “Подшоҳ кўп ниёзмандлиғлар кўргузуб, Паҳлавон қайтиб Хевақ(Хива)қа келур” деган насрга хос эпилог билан бу хотима қисмда саргузашт воқеалар хайрли якун топганини билдиради. Ва шу ўринда ўз даврининг полвони Паҳлавон Муҳаммадни эпилогдан ўринли фойдаланиб, эслаб ўтишни ҳам унутмайди: “Паҳлавон Маҳмуддин сўнгра Паҳлавон Муҳаммад Абусаид ҳам ўз замонининг беназири эрди”, каби эслатмасида ҳар иккала машҳур полвонларнинг ботиний дунёсини кўрсатувчи умумий фазилат – беназирликни Навоий дунёда кам топиладиган ноёб хислат сифатида ҳикмат тили билан алоҳида улуғлайди.
Паҳлавон Маҳмуд ҳақидаги бошқа маълумотларда эса у ниёзмандлиғлар эвазига мингдан ортиқ хоразмлик асирларни озод қилишни Ҳинд подшоҳидан сўраган. Шоҳ ҳам уни ўзнинг халоскори деб билиб, Паҳлавон Маҳмуд талабини тўла бажарган. Хулоса шуки, Паҳлавон Маҳмуд ўз нафсини қурбон қилади. Бу ҳолатида ўз нафсининг зиёнини, макрини билишида, саъй-ғайрат кўрсатишида ҳинд курашчиси онасининг муножоти сабаб бўлди, дея оламиз. У ўз нафсини бир енгиб, оқибатда заифа онанинг, ўзидан заифроқ курашчининг, шоҳнинг, минглаб асирларнинг қисматини, кўнглини шоду обод қилган озодмард. Ҳаттоки осмон фаришталарини рози қилган жавонмарддир. У Хоразм, Ҳиндистон, Эрон заминни яна бир бор ўзининг овозаси билан тўлдирган одамларнинг яхшисидир. Бу ўринда Румий ҳазратларининг, “Одамларнинг яхшиси – одамларга фойдаси тегадиганидир” , – деган машҳур ҳикматини эслаш жоиздир.
Навоий “Насойим ул-муҳаббат”да Шайх Абу Абдуллоҳ Ҳафифнинг волидаси Умми Муҳаммадия она ҳақида ҳам ажойиб бир сюжетга асосланган лавҳани китобхон таҳлилига ҳавола қилади. “Ўғли Абу Абдуллоҳ Ҳафиф била баҳр йўлидин Ҳажга борди. Ва анга мукошафоту мужоҳадод кўп экандур. Дерларки, Шайх Рамазоннинг сўнгги ушрида эҳъё қилур эрдики, Лайлат ул-қадрға мушарраф бўлғай. Томға чиқиб эрди ва намоз қилур эрди. Ва онаси Умми Муҳаммадия уй ичида, Ҳақ субҳонаҳу таолоға мутаважжиҳ ўлтуруб эрди. Ногоҳ “Лайлат ул-қадр” анвори анга зоҳир бўла бошлади. Ун чиқардики: “Эй Муҳаммад, эй фарзанд, улча сен анда тилайсен, мундадур!” Шайх тушти ва анворни кўрди. Ва онаси аёғиға тушти, андин сўнг Шайх айтур эрдики, ул вақтдин сўнгра онам қадрин билдим” .
Шайх Абу Абдуллоҳ Ҳафиф осмон остида, тўрт томони очиқ том устида Қуръони карим нозил бўлган фазилатли кечанинг ибодатини қилса-да, нима учун Нур ўзини унга кўрсатмайди-ю, уй ичида ўтирган онасига ўзини ошкор қилди, уни излаб топди. Шу дамда ҳам она хайр ва барокат кечасининг манфаатларини ўғлига илинар экан: “Эй Муҳаммад, эй фарзанд, улча сен анда тилайсен, мундадир!” – деб чақиради. Бу чақириқда онанинг ўғли учун ажиб бир таъсирли – “бошқа бундай қилинмасин” – насиҳати, танбеҳи ҳам бор. Бу ҳолат онанинг ички портретини ҳам кўрсатади. Бу халқ орасида мавжуд бўлган ота-она ҳурматини сақлашнинг бир одоби, яъни улар ўтирган уйнинг томи устида ўтирмаслик ҳақидаги ўгитдир. Ўғли намоз ўқиб, чиройли суратда ибодат қилишга интилса-да, одобида онага нисбатан ҳамдардлик, ҳамсуҳбатлик яхши суръатда кечмайди. Шайхнинг ички портрети, “онам қадрин билдим”, деган тавбаю иқрорида очилади. Бу билан улуғ Навоий ўзини, китобхонни дунёда онани рози қилишдек мақбул ва марғуб амал, ибодат йўқлигига яна бир бор ишонтиради.
Воқеалар ривожида она ва ўғилга қиёсий характеристика беришда, ният, фикр, ибодатларини англашда антитеза усули очиқ, яширин шаклда қўлланган. Бир томондан, хотимада, она-бола топган омонлик, саломатлик, тинчлик кўрсатилса, иккинчи томондан эса, Қадр кечаси бир кечадир, лекин минг ойдан яхшироқдир ҳикмати яширин талмеҳ воситасида эслатилади. Учинчидан эса, бу кечада фарзанднинг она қадрини тушуниши баробарида ўзини англаш бахтига муяссар бўлганлиги Шайхни ҳам, онани ҳам, китобхонни ҳам бирдек қувонтиради.
“Насойим ул-муҳаббат”да мактабдор аёл образини учратиш ҳам жуда завқли. Ансорий Ҳиравий тўрт ёшида Ҳиротдаги бир хотин мактабида ўқиб, сабоқ чиқарганини хотирлайди. Бу хотирага таяниб, ўтмишда ҳам фарзандларнинг саводли, маърифатли бўлишида мактабдор аёлларнинг – оналарнинг ўрни борлиги бизни қувонтиради.
Асарда фарзандлари – қизлари ҳақида оталарнинг дуоси, илтижоси, меҳри, энг яхши тилаклари муайян ҳадис – воқеа билан Шайх Абдуллоҳ Муборак тимсолида кўрсатилади: “Шайх Абдуллоҳ Муборакдан: “Эй шайх, уч қизинг қолдилар ва ҳеч нима қолмади, алар фикрин не қилдинг?” деб сўрашганида, у, “...мен алар ҳадисин дебмен: “Солиҳ бандаларга ёр бўлур”, дея жавоб беради.
Айтиш мумкинки, “Насойим ул-муҳаббат” тазкирасида битилган ҳикоятлардаги оналар образи буюк Навоийнинг идеал қаҳрамонларининг тимсолидир. Чунки бу оналар образида умумбашарий фазилатлар, энг илғор диний-дунёвий, маърифий, ахлоқий-таълимий қарашлар мужассамлашган. Демак, бу образлар ҳамма замонларда катта ижтимоий-тарбиявий, маърифий ва эстетик аҳамиятга эга бўлиб қолади.
Буробия РАЖАБОВА,
ЎзР ФА Ўзбек тили,
адабиёти ва фольклор институти
катта илмий ходими,
филология фанлари номзоди,
"Дўстлик" ордени соҳибаси