Тил ҳар бир халқнинг миллий ўзлиги, маданий бойлиги, маънавий қиёфасини намоён этади. Шу сабаб тилига бўлган муҳаббат — бу фақат тилни яхши билиш эмас, балки миллатга, қадриятларга, тарихга бўлган ҳурматнинг юксак кўринишидир.
Жадид боболаримиз ҳам она тилини нафақат ўрганиш, балки уни асраш, соф қўлланилишига эътибор қаратиш ҳар бир инсоннинг кундалик ҳаётида устувор билиши кераклигини уқтиришган. Зеро, тил йўқ экан, миллат маънан йўқолиб боради.
Ўтмишда синовли йўлни босиб ўтган, баъзан эътибордан четда қолган, баъзан камситилган ўзбек тилининг нафақат юртимизда балки, дунё миқёсида мавқеини ошириш борасида жиддий қадамлар ташланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти халқаро минбарларда тўғридан-тўғри ўзбек тилида нутқ қилмоқда. Нуфузли хорижий анжуманларда она тилимиздаги маърузалар тингланмоқда. Туркий давлатлар ташкилоти доирасида ўзбек тили фаол қўлланилмоқда. Жаҳоннинг етакчи илм масканларида ўзбек тили ўргатилмоқда. Етакчи электрон платформаларида ўзбек тилидаги контент кенгаймоқда. Бу нафақат тилнинг, балки бутун ўзбек халқининг маънавий юксалиши, миллат сифатида шаклланганини ифода этмоқда.
Энди мулоҳаза: Ўзбек тилининг нуфузини ошириш бўйича кенг миқёсда ислоҳотлар олиб борилаётган, турли миллат вакиллари тилимизни севиб, ардоқлаб ўрганаётган бир пайтда ўзимиз тил масъулиятини қай даражада хис қиляпмиз?! Унинг софлигини қанчалик сақлай оляпмиз?! Тўғри, она тилимизнинг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди, аммо амалиётда ҳамон ечимини кутаётган масалалар етарлича. Ҳар қанча қонун-қоида қабул қилинмасин, амалиётдаги ҳолат тилга бўлган муносабатни аниқ кўрсатади.
Эътибор беринг, кўчаларда, реклама баннерларида, савдо марказларида кўпинча русча ёки инглизча ёзувлар устувор. Бу миллий тилнинг кўзга кўринмаслигига сабаб бўлади. Айрим давлат ва хусусий ташкилотларда иш юритиш ҳали ҳам тўлиқ ўзбек тилида эмас. Кундалик мулоқотда ўзбекча иборалар ўрнига аралаш сўзлар: русча, инглизча сўзлар кўпроқ қўлланилиши тилнинг эстетик ҳамда мафкуравий бойлигини сустлаштириши мумкин. Расмий мактублар, ҳужжатлар, ҳатто мажлисларда ҳам рус ёки бошқа тиллар устувор бўлиб қолмоқда. Бу эса нафақат қонунбузарлик, балки тилга нисбатан лоқайдликнинг, беэътиборликнинг кўринишидир. Агар ўз давлатимизда ўз тилимизни ишлатишга уялайдиган, ўзга тилга муҳтожлик ҳиссини туядиган бўлсак, унда миллат маънавиятига путур етади. Бундай ҳолатларни олдини олиш учун жамиятда эстетик талаб, ҳуқуқий назорат ва энг муҳими, маънавий масъулиятни ошириш ҳар жиҳатдан муҳим.
Шу ўринда америкалик тилшунос Ноам Чомскининг бир фикрини эслатиб ўтмоқчиман. “Тил инсоннинг фикрлаш қобилиятини шакллантиради. Уни йўқотиш — бутун фикрлаш тарзини йўқотиш демакдир.”
21 октябрь — фақатгина расмий сана эмас, балки она тилимизга ҳурмат, садоқат ва эътибор кунидир. Бу фақат тарихий ҳодиса эмас, балки бугун ва келажакда амалий қўлланиши лозим бўлган маънавий вазифадир.
Она тилимизга ҳурмат кўрсатиш — фақатгина байрамларда шеър ўқиш ё бўлмаса чиройли нутқ сўзлаш эмас, балки ҳар куни ўз ўқиш ва иш жойимизда, оилада, кўча-куйда ундан тўғри фойдаланиш, унинг нуфузини оширишга ҳисса қўшишдир. Бу ҳурмат миллий ғурурни шакллантиради, маданиятимизни асраб қолади. Шу боис ҳар биримиз ўз тилимизни соф ҳолда асрашимиз, севишимиз ва ҳимоя қилишимиз шарт. Фақат шундагина тилимиз жамиятда ҳақиқий давлат тили бўлиб, нуфуз ва мавқе жиҳатдан юксалаб боради.
Баҳора Аҳмедова,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
Ахборот хизмати раҳбари









