Мана, ниҳоят мезбон йилни кузатиб, меҳмон йилниҳам қарши олдик. Ўтган йилни сарҳисоб қилиб, ортга назар ташлайдиган бўлсам 2023 йил, мен учун, катта қувонч ва улкан ютуқларга бой йил бўлди.
Спорт соҳсида эришган муваффақиятларимнинг барчаси аввало Яратгандан, туну-кун, бахту-омадимни сўраб илтижо қилаётган онамнинг дуоларидан ва имкониятлар эшигини кенг очиб берган давлатимиз раҳбарининг эътибори ва ғамхўрлиги натижасиданир.
Ҳар бир инсон байрам арафасида, янги йилни, яхшиликлар, эзгу-ниятлар билан қарши олади. Бу йилнинг энг бахтли воқеаси, менинг бахтим бутун бўлди, онажонимнинг келин олиш нияти рўёбга чиқди. Бунинг учун шукрона келтираман ва истайманки, жуфти-ҳалолим умрим нақши ва ҳаётимнинг ҳаловатли бекаси бўлсин.
Аслида нафақат 2023 йил балки охирги 7 йилда санашга саноғи бор ютуқларим бисёр. Айниқса, Президентимиз кўксимга, ”Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” фахрий унвонини тақиб қўйганидаги туйғуларимни бир сўз билан ифодалаш қийин. Дунё саҳнасида рақибингни мағлуб қилиб, ғолибликни ҳис қилиш қанчалар шавқли ва завқли бўлмасин, ўз она Ватанингда эъзозланишинг ва тақдирланишингни гашти ўзгача бўлади!
Сўнгги йилларда кетма-кет, ғалаба шоҳсупасида бўлдим. Аммо, ҳар бир ғалабамда, халқимизнинг ишончини, меҳрини юракдан ҳис қилиб турдим. Юрт отаси қўлингдан ушлаб, елкангга қоқиб, далда бериб, қўллаб турар экан, қандай қилиб рақибдан енгилиш мумкин? Ҳаммамизга маълумки, мамлакат нуфузини дунёга тез танитадиган соҳалардан бири – бу, спорт. Ўтган йиллар давомида жисмоний тарбия ва спортга доир Президентимизнинг ўндан ортиқ фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг 100 га яқин меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари қабул қилинди. Айни чоғда ушбу ҳужжатлар, мамлакатимиз шарафини жаҳон ареналарида муносиб ҳимоя қилишга қодир спортчиларни етказишда асосий кўприк вазифасини ўтамоқда. Янаям очиқроқ айтадиган бўлсам, мен каби спортчиларнинг мавқеини юксалтириб, ёруғ ва истиқболли марраларга чорляпти.
Давлат раҳбарининг ”Боксни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, Боксни 2025 йилгача ривожлантириш концепциясининг тасдиқланиши, барча боксчилар қаторида мени ҳам руҳлантирди. Бокс бўйича, “Баҳодир Жалолов спорт маҳорати мактабини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорнинг имзоланиши эса, ҳаётимдаги туб бурилиш бўлди! Бугун, ўтган кунларимни кўз ўнгимдан бирма-бир ўтказар эканман, ўзбек спортчилари учун бундай тўкис шароитлар илгари ҳеч қачон бўлмаганлигини очиқ-ошкор ва баралла айтгим келяпти.
“Янги йил остонасида фақат яхши тилаклар айтилади аммо, ўтмишнинг оғриқли кунларини эслаш ҳам бир фазилат”, дердилар бобом раҳматли. Мен ҳам шундай шукуҳли кунлар остонасида, дилгир ўйлар қуршовида бир зум қолиб кетдим. Аслида, 17 ёшимда ҳам Ўзбекистон ва Осиё чемипиони эдим? Нега, мени ҳеч ким танимаган, қўллаб-қувватламаган? Агар, бугунги ислоҳотлар бўлмаса мен, Баҳодир Жалолов бўлиб танилмасдим. Давлатимизнинг ғамхўрлиги, спорт соҳасидаги ислоҳотлар туфайли қадр топдим, зафар қучдим ва юксалиб боряпман.
Шундай шукуҳли кунлар остонасида туриб, яратиб берилган барча имкониятлар, ёруғ ва ойдин йўллар учун шукрона келтираман ва давлатимизга чексиз миннатдорлик билдираман. 2023 йилнинг август ойида АҚШнинг Оклахома штатида нигериялик Онореде Эҳваремега қарши рингга кўтарилдим ва биринчи раундидаёқ рақибимни нокаутга учратиб, ғалаба қозондим. Бу менинг профессионал боксдаги 13 ғалабам бўлди. Ўзбекистон шаънини ҳимоя қилиш, юртим байроғини юқори кўтариш шарафли бурчим ва вазифам эканлигини ҳар доим теранроқ ҳис қилиб бораман.
Ҳар бир инсон байрам арафасида, янги йилни, яхшиликлар, эзгу-ниятлар билан қарши олади. 2023 йилнинг сўнгги ойи шахсий ҳаётимга яна бир ажойиб тақдир туҳфасини инъом этиб кетаётир. Янги йил арафасида мен оила деб аталмиш бахт остонасига қадам қўйдим, бахтим бутун бўлди, онамнининг келин олиш нияти рўёбга чиқди. Худо хоҳласа, жуфти-ҳалолим умрим нақши ва ҳаётимнинг ҳаловатли бекаси бўлади.
Кириб келган янги йил, бу ҳаётнинг бизга берган беназир инъоми, эзгу-мақсадларимизни амалга оширишимиз учун яна бир имкон! Илоҳим, Янги, 2024 йил барчамизга омадли, хайрли ва бахтли лаҳзаларга бой бўлсин! Юртимиз тинч, дастурхонимиз тўкин бўлиб барча орзуларимиз ушалсин!
Баҳодир ЖАЛОЛОВ,
“Ўзбекистон ифтихори”, “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳиби,
”Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” фахрий унвони соҳиби.
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Гуличеҳра ДУРДИЕВА ёзиб олди