Ўқитувчи мақоми юксак бўлади

    Зеро, нажот йўли мактабда, таълимда, билимда

    Мактабгача таълим ташкилотларига инвестиция қилинган бир доллар давлатга 15-20 йил ичида 8 доллар билвосита фойда келтириши тахмин қилинмоқда. Беш йил, боринг ана, ўн йил ўтар, сарфланган маблағ изсиз кетмаганининг гувоҳи бўламиз. Жанубий Корея, Япония, Сингапур каби давлатлар тажрибаси ҳам таълим ва тарбияга сарфланган молия ўзини тўлиқ оқлашини бутун дунёга намоён қилди.

    Шу боис, кейинги йилларда Ўзбекистонда таълим соҳаси ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз Мурожаатномасининг муҳим йўналишларидан бири ҳам таълим сиёсати ҳақида бўлди. Мактабгача таълим, ўрта махсус ва олий, умуман, таълим масалалари ҳар доимгидек алоҳида эътиборда. Зеро, таълимга йўналтирилган сармоя келажакка йўналтирилган сармоя демакдир.

    Ана шу жиҳатлардан келиб чиқиб, таълимга ажратилаётган маблағ ҳажми йил сайин ортиб бормоқда. Жумладан, 2021 йилда давлат дастурларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, хусусан, узлуксиз таълим тизими ва фанни ривожлантириш дастурларини амалга ошириш мақсадида давлат бюджетидан таълим соҳасига 2 триллион 197 миллиард сўм, фанга эса 168 миллиард сўм ажратилиши кўзда тутилган эди.

    Бу кўрсаткич 2021 йилда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бўйича 2,9 триллион сўмни, Халқ таълими вазирлиги бўйича 22,1 триллион сўмни ташкил этган. 2021 йилда мактабларни интернет тармоғига улаш учун 98 миллиард сўм ажратилган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 100 миллиард сўм ошиб, 198 миллиард сўмга етказилиши кўзда тутилмоқда.

    Ўзбекистоннинг халқаро таълим рейтингларидаги позицияси яхшиланяпти, тизимдаги ислоҳотлар халқаро экспертлар томонидан ижобий баҳоланмоқда. Жаҳон банкининг умумий ўрта таълимни баҳолаш натижаларига кўра, 174 мамлакат ичида 474 балл билан 57-ўринни эгаллаган мамлакатимизда таълим сифати такомиллашиб, тизимни баҳолаш ва баҳолашни бошқариш салоҳияти халқаро стандарт талаблари даражасида амалга оширилмоқда.

    Таълим соҳасидаги ислоҳотлар мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг узвий ва ҳал қилувчи йўналишларидан биридир. Юртимизнинг эртанги ривожи йўлида қандай чуқур ўйланган дастурлар тузилмасин, бу режаларни бажариш учун қандай моддий база ва имкониятлар яратилмасин, қандай кўп сармоя сафарбар этилмасин, уларнинг барчасини амалга оширадиган, рўёбга чиқарадиган куч юқори малакали мутахассислардир.

    Янги Ўзбекистонни барпо этиш, юксак иқтисодий тараққиётга эришиш ва аҳоли фаровонлигини таъминлаш каби пировард мақсадларга таълим соҳасини тубдан замонавий асосда қайта қурмасдан туриб эришиб бўлмайди. Мамлакат учун таълим тизими қай ҳолатда экани ва келажакда қандай кадрлар тайёрланиши муҳим аҳамиятга эга. Ҳозир таълим соҳасига йўналтирилаётган харажатларнинг кўп қисми давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилмоқда.

    Юртимиз иқтисодиётининг тараққий этиши, шунга мос равишда аҳоли даромадлари ва таълим тизимининг ҳаётимиздаги ўрни ошиб бориши эвазига давр талабларига жавоб бера оладиган нодавлат таълим муассасалари сафи ҳам кенгаймоқда. Бу, ўз навбатида, бевосита рақобатнинг кучайишига, билимли ёшлар, малакали кадрларни тайёрлаш, давлатнинг таълимга ажратаётган маблағлари тежалишига хизмат қилади.

    Ҳозирги кунда таълим соҳасининг долзарб масалаларидан бири нодавлат, хусусий таълим тизимини ривожлантиришдир. Фақат бюджет таъминоти асосида таълим тизимини ривожлантириш жуда мураккаб масала. Барча ривожланган мамлакатлар тажрибаси ҳам таълимда давлат ва хусусий шериклик тизими ўзини оқлаб келаётганини кўрсатади. Хусусий таълим тизимини ривожлантириш учун турли имтиёзлар, преференциялар берилмоқда. Бундай қулай шароитлар яратилиши натижасида илм-фаннинг пойдевори ҳисобланган мактабгача таълим тизими кундан-кунга ривожланяпти. Сўнгги олти йилда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 27 фоиздан 70 фоизга етиши катта натижа, албатта. Зеро, қамров оширилиши эвазига бугунги кунда 2 миллионга яқин бола боғчага боряпти.

    Яқинда ЮНЕСКОнинг мактабгача таълим бўйича Тошкент шаҳрида ўтказилган халқаро анжуманида ҳам бу ислоҳотлар юксак эътироф этилди. Мурожаатномада келгуси беш йилда қамровни 80 фоизга етказиш учун 600 минг янги боғча ўрни кераклиги, шу боис, боғчалар сонини кўпайтириш, улардаги таълим ва тарбия сифатини тубдан яхшилаш бўйича беш йиллик дастур қабул қилиниши таъкидланди. Боғча қамровини кенгайтириш бўйича хусусий секторга қўшимча шароитлар яратилади.

    Келгуси йили 70 та янги мактаб қурилади, 460 та мактаб кенгайтирилади. Хусусий инвестициялар иштирокида 100 та мактаб қуриш лойиҳалари бошланади, келгуси беш йилда уларнинг сони мингтага етказилади. Хусусий таълимни ривожлантириш, давлат ва нодавлат таълим муассасаларига бир хил имконият яратиб бериш бўйича фикрларимизни жамлаган ҳолда, хусусий таълим ривожи давлатга, жамиятимизга, умуман, сизу бизга нималар бера олиши ҳақида баъзи хулосаларни айтишимиз жоиз.

    Биринчидан, хусусий таълим ривожланса, таълим муассасалари ўртасида рақобат муҳити пайдо бўлади. Рақобат эса соҳа ривожи, демакки, таълим сифати ошишига олиб келади. Иккинчидан, бюджетга юклама камаяди, давлат таълим муассасаларига кўпроқ маблағ ажратила бошлайди. Натижада давлат таълим муассасаларида умумий шароит яхшиланиб боради, ўқитувчилар ойлигини ошириш, синфда болалар сонини камайтириш каби имкониятлар юзага келади.

    Учинчидан, коррупция деган бало камаяди. Тўртинчидан, билимли, маҳоратли педагоглар сафи кенгая бошлайди. Негаки, жамиятда уларга эҳтиёж кучаяди, малакали ўқитувчилар талаш бўлади, рейтингига қараб ойлиги ҳам ошиб бораверади. Натижада жамиятимизда ўқитувчилар яна ўзининг юксак мақомига эга бўлади. Зеро, профессионал ўқитувчилар кўпайса, билимли инсонлар кўпаяди. Албатта, кейинги йилларда таълим соҳасининг барча босқичларида катта ўзгаришлар юз берди. Мактаб яна 11 йиллик тартибга ўтди, мактабгача таълим тизими ислоҳ этилиб, кўплаб янги олий таълим муассасалари, шу жумладан, хорижий ОТМларнинг филиаллари очилмоқда. Олий маълумот оламан деган ёшлар учун барча имкониятлар яратилмоқда. Қувонарлиси, олий таълим тизимида ҳам кескин бурилиш юз берди. Сўнгги йилларда юртимиздаги олийгоҳлар сони 2,5 баробар кўпайиб, 198 тага, қамров даражаси эса 9 фоиздан 38 фоизга етди.

    Ўқитувчи обрўси баланд бўлган юртнинг бугуни ҳам, келажаги ҳам буюк бўлади. Президентимиз масаланинг ана шу нозик томонини чуқур ўйлаб, таълим сифатига, ўқитувчиларга эътиборни оширмоқда. Мақсад — таълим тизимини оёққа қўйиш. Бусиз ислоҳотлар ўзини оқламайди. Модомики шундай экан, ушбу йўналишдаги ислоҳотлар самарадорлигига бутун халқ, жамият масъул. Президентимиз таъкидлаганидек, нажотимиз мактабда, нажотимиз таълимда, нажотимиз билимда.

    Ғоят мураккаб геосиёсий вазиятга қарамай, 2023 йил учун ишлаб чиқилган давлат бюджети жами харажатларининг 22,6 фоизи, рақамлар тилида айтганда, 58,4 триллион сўм таълим соҳасига йўналтирилмоқда. Бу ҳам ривожланишимизнинг асоси, таянч пойдевори таълим ва илмда экани, давлатнинг таълимга эътибори юксаклигини яна бир карра тасдиқлайди.

    Умуман, Ўзбекистонда таълим тизимини комплекс ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлаш мақсадларига катта куч ва маблағ йўналтирилмоқда. Мактабгача таълим, мактаб ва олий таълим тизимлари, илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятида сифат ўзгаришлари рўй бермоқда.

    Давлатимиз раҳбари 29 декабрь куни Халқаро конгресс марказида таълим сифатини ошириш ва янги авлод дарсликларини жорий этишга бағишланган кўргазма-тақдимот билан танишиш чоғида ҳам таълим йўналишидаги ислоҳотлар, ҳар бир инсон фарзандларини муаллимга ишониб топшириши ҳақида тўхталаркан, охирги йилларда таълимда ўқитувчининг кайфияти, дарс бериши ўзгарганлигини алоҳида таъкидлади. Президентимиз 2023 йил 1 январдан бошлаб 14 та ҳудудда янги дарсликлар тажриба асосида ўқитилишини айтдики, бу жуда тўғри ташаббус, деб ўйлайман. Сабаби ушбу дарсликлар, амалдагиларидан фарқли равишда, қуруқ маълумотларни ёдлатиш ёки ўқиш-ёзишни ўргатишга эмас, балки ўқувчиларни танқидий фикрлаш, жамоавий ишлаш, ижодкорлик ва мулоқот қилиш кўникмаларини ривожлантиришга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир.

    Янги дарсликлар болаларга ўйин орқали таълим беришга ҳам мослашган. Улардаги маълумотлар ранг-баранг расмлар, графикалар, содда матнлар орқали берилгани ўқувчини зериктириб қўймайди, аксинча, мавзуга янада қизиқтиради. Бир сўз билан айтганда, бугун жамият олдида турган долзарб масалаларни илм-фан тараққиётисиз ечиш қийин. Зеро, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч илм-фан, таълим ва тарбия экани исбот талаб қилмас ҳақиқатдир. Илм-фан тараққиёти эса ёшларга мукаммал таълим бериш, уларнинг илмий салоҳиятини ошириш орқали юзага келади. Таълим соҳасидаги ўзгаришлар, шубҳасиз, юртимизни фақат юксакликка кўтаради.

    Абдумалик АКРАМОВ,

    Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates