Ўсимлик касалликларини аниқловчи лаборатория ташкил этилди

    Лаборатория оддий қурилмаларда текшириб бўлмайдиган вирусли ва бактериологик касалликларни аниқлаш имконини беради.

    Фарғона вилояти ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси томонидан амалга оширилаётган лойиҳа доирасида замонавий фитосанитария, ўсимликлар ва мевали дарахтлар касалликларини аниқловчи лаборатория ускуналари хориждан олиб келиниб фойдаланишга топширилди.

    Лабораторияда ўсимликларга зарар келтирувчи, оддий қурилмаларда текшириб бўлмайдиган вирусли ва бактериологик касалликларни 30 дан зиёд замонавий асбоб-ускуналар ёрдамида аниқлаш имконияти яратилди.

    Лабораторияга ўрнатилган янги асбоб-ускуналардан фойдаланиш бўйича покистонлик мутахассис, доктор Амир Малик Ҳумоюн бошқарма ходимлари билан амалий машғулотлар ўтказди. Бир ҳафталик тренинглар якунида махсус сертификатларга эга бўлган фарғоналик мутахассислар мустақил равишда лаборатория таҳлилларини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлди.

    Лойиҳа координатори Камолиддин Каримовнинг айтишича, ушбу лаборатория ишга туширилиши муносабати билан нафақат вилоят, балки Фарғона водийси ҳудудий тадбиркорлари, фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда шахсий томорқа ер эгалари аввалгидек Тошкент шаҳрига бориш, навбат кутиш каби қийинчиликлардан қутилишди.