“Осмони фалакларда”ги нафис мажлис

    Таниқли ёзувчи Хайриддин Султоннинг учувчилар ҳаётига бағишланган китоби чоп этилди.

    Бугунги кунда янги Ўзбекистонда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида барча жабҳалар қатори илм-фан, таълим-тарбия, маданият, санъат ва адабиёт, жумладан, китоб ва китобхонлик масалаларига юксак эътибор қаратилаётгани жамоатчилигимизга яхши маълум.

    Хусусан, жамиятимизда аҳолининг маданий савияси ва мутолаа маданиятини юксалтиришга доир муҳим ҳужжатлар ижросини таъминлаш юзасидан бошланган катта ишлар, миллий дастурлар изчил давом эттирилмоқда.

    Ёшлар орасида китобхонликни ривожлантириш ва тарғиб қилиш вазифаси “Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг асосий мақсадларидан бири сифатида белгилангани ҳам ушбу масалага қанчалик жиддий эътибор қаратилаётганини кўрсатади.

    Айни шу эзгу мақсадда мамлакатимиз миқёсида “Ёш китобхон”, “Зукко китобхон”, “Ёш китобхон оила” сингари қизиқарли танловлар, “Ёшлар учун минг китоб”, “Маърифат улашиб”, “Китоб карвони” акциялари, китоб байрамлари ва ярмаркалари мунтазам ташкил қилинмоқда.

    Яқинда Фарғона вилоятида Халқаро китобхонлик фестивали юксак савияда ташкил этилиб, унда дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатидан китобсеварлар, таниқли шоир ва ёзувчилар, зиёлилар иштирок этгани яна бир муҳим воқеа бўлди.

    Ҳозирги кунда республикамизда 600 дан зиёд нашриёт, 700 га яқин китоб дўконлари, шу билан бирга, китоб етказиб бериш хизматлари ҳамда онлайн савдо платформалари фаолият юритмоқда.

    Буларнинг барчаси Ўзбекистонда китобхонлик давлат эътиборидаги масала бўлиб, мутолаа маданиятини юксалтириш умуммиллий ҳаракатга айланаётганидан далолат беради.

    Айни пайтда замонавий ўзбек адабиёти ҳам сезиларли юксалиш босқичига қадам қўйганини яратилаётган янги-янги бадиий асарлар мисолида кўриш мумкин.

    Куни кеча пойтахтимиздаги муҳташам “Ренессанс” санъат саройида мана шундай ўзига хос асарлардан бири — “Осмони фалакларда” номли янги китоб тақдимоти бўлиб ўтди.

    Таниқли ёзувчи Хайриддин Султон қаламига мансуб ушбу китоб ўзбек адабиётида деярли ёритилмаган мавзу — учувчилар ҳаётига бағишланади. Мажозий маънода “само лочинлари” деб аталадиган машаққатли касб эгаларининг мунтазам мардлик ва матонат талаб этадиган фаолияти, уларнинг фавқулодда ҳолатлардаги қалб кечинмалари, қатъият ва иродаси, севги ва бурчга садоқат туйғулари чуқур драматизм билан тасвирланади.

    Кутилмаган, шиддатли воқеаларга бой, кескин сюжет йўналишига эга ҳикояларда бош қаҳрамонларнинг маънавий жасорати ва инсоний ожизликлари, одамзод руҳиятининг сирли жумбоқлари бетакрор характерлар тимсолида намоён бўлади.

    Тақдимот маросимига буюк адибимиз Абдулла Қодирийнинг “Модомики, биз янги даврга оёқ қўйдик, бас, биз ҳар бир йўсунда ҳам шу ‎янги даврнинг янгиликлари кетидан эргашамиз ва янгаришға ўзимизда мажбурият ҳис этамиз”, деган сўзлари бош ғоя сифатида танланганида чуқур рамзий маъно бор.

    Тадбир биз ўрганган, кўниккан одатдаги китоб тақдимотларидан мутлақо бошқача, янгича шакл ва ноанъанавий йўсинда ташкил этилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

    Театрлаштирилган саҳналар, насрий, шеърий ва мусиқий талқинлар, кинолавҳалар йиғилганларда унутилмас таассурот қолдирди.

    Тақдимот Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Маданият вазирлиги, Кинематография агентлиги, Маънавият ва маърифат маркази, “Uzbekistan airways” компанияси ва Бадиий академия ҳамкорлигида ташкил этилди.

    Мавзу ва воқеликка ёндашув, шакл-шамойил жиҳатидан ҳам янгича талқинга эга ушбу китоб “Адабиёт” нашриёти томонидан чоп этилган.

    Ўз мухбиримиз

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates