Ўзаклари туташ қадим маданият

    Айни кунларда Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ ўзининг 30 йиллигини нишонламоқда.

    Ташкилот 1993 йилда Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Туркия ўртасидаги келишув натижасида ташкил этилган эди. Кейинчалик унга бошқа давлатлар кузатувчи сифатида қўшилди. ТУРСКОЙ ташкилотининг мақсади – туркий халқларнинг маънавий яқинлиги ва қардошлик бирлигини мустаҳкамлаш, туркий маданиятни дунёга танитиш ва унинг анъаналарини келажак авлодларга етказиш ҳисобланади.

    Аазалдан тарихи, тили ва дини, урф-одат ва анъаналари, бугунги орзу-интилишлари муштарак бўлган халқларимиз ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик муносабатларини мустаҳкамлашда ТУРКСОЙнинг улкан ўрни ҳамда аҳамияти бор. Бугунга келиб ташкилот доирасида туркий миллатларнинг маънавий бирлигини таъминлаш, муштарак қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, умумий бойлигимиз бўлмиш ноёб тарихий меросимизни ўрганиш ва тарғиб этиш, буюк аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш борасида кенг кўламли маданий-гуманитар дастурлар амалга ошириб келинмоқда.

    Ҳамкорликнинг амалий самараси сифатида юртимизда “Туркий адабиёт дурдоналари” деб номланган 100 жилдлик китоблар туркуми нашр этилгани, унга Ўзбекистон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Туркманистон ва Венгрия давлатларидан жами 450 дан зиёд мумтоз ва замонавий шоир, адиб ва мутафаккирларнинг асарлари киритилганини таъкидлаш мумкин.

    Шунингдек, туркий дунёнинг сиёсат, илм-фан, тиббиёт, адабиёт ва санъат соҳаларида улкан ютуқларга эришган намояндаларини рағбатлантириш мақсадида буюк шоир ва мутафаккир Мир Алишер Навоий номидаги халқаро мукофот таъсис этилгани маданий ҳаётимизда муҳим воқеа бўлди.

    ТУРКСОЙнинг 30 йиллик қутлуғ санасига бағишланган маданият кунларининг аъзо давлатлар пойтахтлари ҳамда БМТ, ЮНЕСКО каби нуфузли халқаро ташкилотларнинг расмий қароргоҳларида кенг нишонланиши – бу аввало, жаҳон ҳамжамиятининг туркий халқлар маданияти, урф-одат ва қадриятларига юксак ҳурмат-эҳтироми рамзидир.

    Пойтахтимизда ўтказилаётган маданият кунлари тадбирларида ҳам аъзо давлатларнинг атоқли маданият ва санъат намояндалари, шоир ва рассомлари, кино ижодкорлари, истеъдодли ёшлари жам бўлишган. “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида Халқаро туркий маданият ташкилоти юбилейига бағишланган тантанали тадбир ва концерт дастури бўлиб ўтди. Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейида “Турк дунёси” номли рассомлар ва ҳунармандлар кўргазмаси, туркий дунё халқларининг миллий ошхоналарига оид гастрономик намойиш ташкил этилди.

    Шунингдек, туркий тилли давлатларнинг нуфузли халқаро ташкилотлари раҳбарлари ва Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги ўртасида маданият ва санъат, ноширлик, медиа, туризм каби соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришга оид мулоқот ва учрашувлар бўлиб ўтди. Мулоқотлар давомида туркий тилли давлатларнинг вакиллари ҳамкорликнинг галдаги истиқболлари белгилаб олинди.

    – Биз Маданият ва туризм вазири билан биргаликда мамлакатингиз ҳамда ТУРКСОЙ давлатлари маданий-маърифий ҳамкорлигининг айрим жиҳатларини кўриб чиқдик, – дейди ташкилот бош котиби Султон Раев оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсида. – Келгусида биргаликда амалга оширилиши керак бўлган қатор долзарб масалалар хусусида фикр юритдик. Улардан бири – жадидлар фаолиятига оид симпозиумни ўтказиш. Тарихдан биламизки, жадидлар нафақат Ўзбекистон, шунингдек бутун Марказий Осиёдаги илк маърифий ҳаракатлардан саналади.

    Шунингдек, яна бир муҳим масала – Фарғона вилоятида ТУРКСОЙ оламининг халқаро этномода фестивалини ўтказиш бўйича ҳам маслаҳатлашиб олинди. Учрашувларда янги ташаббусларга асос бўлаётган тадбирларнинг иштирокчиларга Ўзбекистон Президенти томонидан йўлланган табрик халқаро миқёсдаги бу тантаналарга ўзгача руҳ, янада кўтаринкилик бағишлагани қайд этилди.

    Маданият кунлари доирасида бир гуруҳ таниқли маданият ва санъат намоёндалари туркий давлатлар орасида маданият ва санъатни кенг тарғиб қилгани, мукаммал ижро ва профессонал маҳоратга эга, туркий давлатларда обрў ва этибор қозонган шахслар учун таъсис этилган “Олтин медаль” билан тақдирланди.

    Ушбу юксак мукофотга муносиб кўрилганлар сафида Ўзбекистон ҳалқ артистлари Шерали Жўраев, Ёдгор Саъдиев, Озодбек Назарбеков, Юлдуз Усмонова, Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуриддинов, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Қорақалпоғистон Республикаси санъат арбоби, профессор Бахтиёр Сайфуллаев (марҳум) каби элимизнинг суюкли фарзандлари бор.

    – Сўнгги йилларда туркий дунё мамлакатлари орасидаги дўстлик муносабатлари ҳар томонлама ривожланиб бормоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков. – Жумладан, маданият соҳасидаги ҳамкорлик алоқалари янги босқичга чиқди. Ўзаро ҳамжиҳатликда ўзаклари бир нуқтага туташувчи қадим туркий маданиятни ривожлантириш йўлида кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда, муносабатлар тобора мустаҳкамланмоқда.

    Мамлакатимизда ташқи сиёсат соҳасида олиб борилаётган очиқ ва конструктив, ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган янгиланиш жараёнлари қўшни ва қардош давлатлар билан самимий, дўстона, ўзаро биродарлик, яхши қўшничиликка, ишонч ва ҳурматга асосланган муносабатларни йўлга қўйишда муҳим асос бўлмоқда. Бу жиҳатлар туркий тилли давлатларнинг ўзаро ҳамкорлигини илгари мисли кўрилмаган тарзда янги босқичга олиб чиқиш имконини бергани билан ҳам аҳамиятлидир.

    Нодир МАҲМУДОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates