“Туркий адабиёт дурдоналари” деб номланган 100 жилдлик китоблар туркуми нашр этилди

    Маданият 21 июн 2023 3706

    Ушбу туркумга Ўзбекистон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Туркманистон ва Венгрия давлатларидан жами 450 дан зиёд мумтоз ва замонавий шоир, адиб ва мутафаккирларнинг асарлари киритилган.

    Шу кунларда пойтахтимизда ТУРКСОЙ — Халқаро туркий маданият ташкилоти ташкил топганининг 30 йиллиги танатаналари бўлиб ўтди. ТУРКСОЙ томонидан ўтказиб келинаётган йирик анжуманлар маданият ва санъат соҳасини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш билан бир қаторда, халқларимиз ўртасидаги қардошлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

    Маълумки, шу йил баҳорда ана шу ҳамкорликнинг амалий самараси сифатида юртимизда “Туркий адабиёт дурдоналари” деб номланган 100 жилдлик китоблар туркуми нашр этилди. Ушбу туркумга Ўзбекистон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Туркманистон ва Венгрия давлатларидан жами 450 дан зиёд мумтоз ва замонавий шоир, адиб ва мутафаккирларнинг асарлари киритилгани қувонарлидир.

    Жаҳоннинг энг пешқадам аллома ва адиблари мумтоз ҳамда замонавий туркий тилли адабиётларнинг 1010 муаллифи яратган бадиий сўз жавоҳирларини жамлаган ушбу 100 жилдликка юқори баҳо бермоқдалар. Мазкур ажойиб антологияни нашрга ҳозирлаган бир неча юз таржимон, масъул ижодкордан бири сифатида унинг мағзи, мундарижасига мухтасар тўхталишга жазм этдим.

    Тил – эл қалбининг олтин калити. Туркий халқлар ана шу калит билан энг қадимги даврлардан бошлаб бошқа буюк этнослар қатори бадиий сўз санъатининг боқий чашмаларини кашф этганлар. Бу мазкур ажойиб антология мисолида ҳам яққол кўзга ташланади. Унда “Умумтуркий адабиёт намуналари” деб номланган рукн остида бирлаштирилган дастлабки 5 жилднинг 2 жилди ҳаммамиз учун бирдек қадрли бўлган улуғ тилшунос Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит турк” асарини (милодий 1074, ҳижрий 466 йили ёзиб тугатилган) ўз ичига олган. Аллома бу дурдона асарида “Илмли, ақлли, одобли, хулқли, тарбияли, фазилатли бўлиш баробарида ана шу хусусиятларни одамлар орасида тарқатиш ҳам муҳимдир”, деб ёзади.

    Фалсафа фанлари доктори Ҳ.Алиқулов “Девону луғотит турк” Марказий Осиёда ижтимоий-сиёсий ва фалсафий фикр тараққиёти” учун метин пойдевор бўлганини таъкидлаганида тўла ҳақдир. Маҳмуд Кошғарий илму ҳикматга бой бир улуғ инсонни таърифлар экан, “дастурхони қаттиқ қиш кунларида ҳам очиқ эди”, деб ёзгани жуда эътиборли. Фаннинг йигирмага яқин турига оид маълумотларни жамлаган бу асарга муаллиф томонидан тузилган дунё харитаси ҳам илова қилинган. Ўша давр туркий халқлар тилининг лингвистик, грамматик, фонетик, морфологик, фразеологик хусусиятлари кенг таҳлил этилади. Асарда уруғ ва қабилаларга доир этнографик хулосалар, мақоллар, маталлар, ҳатто астрономияга оид кузатишлар берилади.

    Ота-боболаримизнинг илк қомусий луғатларидан бири саналган “Девону луғотит турк” наинки туркий халқлар, балки жаҳон педагогик тафаккурининг ноёб намунаси бўлиб, у атоқли олимимиз, филология фанлари доктори С.Муталлибов (асар устида 35 йил иш олиб борган) таржимасида ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида 3 жилдда китобхонларимиз қўлига бориб етди. Ноёб антология учун ушбу нодир бадиият намунасини истеъдодли олимимиз, филология фанлари доктори Ҳ.Болтабоев нашрга тайёрлади.

    Қорахонийлар даврида бир эмас, бир неча бетакрор сўз дурдоналари яратилди. Муҳташам юз жилдликнинг 3-жилдига туркий халқлар мумтоз адабиётининг икки атоқли сарбони – Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” ва Аҳмад Югнакийнинг “Ҳибатул ҳақойиқ” асарлари киритилган.

    Шарқ бадиий тафаккурининг яна бир боқий обидаси ҳисобланган “Қутадғу билиг” (“Саодатга элтувчи билим”) милодий 1070, ҳижрий 462 йили ниҳоясига етказилган. Демак бир неча номга эга ушбу асар “Девону луғотит турк”дан сал аввал битилган. Асар форсий манбаларда “Туркий Шоҳнома” дейилган.

    Муаллиф асарининг “абадий ёдгорлик” бўлиб қолишини орзу қилишини яшириб ўтирмайди. Унда нафақат қорахонийлар салтанати, балки ўша даврдаги бошқа нуфузли давлатлар бошқарув тизимига доир сиёсий кузатишлар ўз ифодасини топган. Ўн биринчи асрнинг улкан шоири ва олими бўлган муаллиф, биринчи навбатда, “Халқнинг сарвари зеҳнли, заковатли, зийрак, билимли шахс” бўлиши керак, деган устувор ғояни илгари суради. Бу ва бошқа фикрлар Кунтуғди, Ойтўлди, Ўғдўлмиш, Ўзғурмиш образлари, уларнинг фалсафий мулоқоти орқали ифодаланади.

    Асарнинг илк қўлёзмаси Ҳиротда улуғ Алишер Навоий таваллудидан 2 йил аввал кўчирилган. Ажойиб асарнинг дастлабки нашрини тайёрлашда фидоий олим Қ.Каримовнинг хизмати катта бўлди. Асарни юз жилдликка филология фанлари доктори Б.Тўхлиев тайёрлади. “Қутадғу билиг” жаҳоннинг ўнлаб тилларига ўгирилди.

    Қозоннинг қаймоғи обжувоздан келади, дейдилар. 3-жилдга кирган яна бир буюк асар – улкан аллома Аҳмад Югнакийнинг “Ҳибатул ҳақойиқ” (“Ҳақиқатлар ҳадяси”) жаҳон мумтоз адабиётида ўз ўрнига эга монументал битиклар сирасига киради. Ундаги “Илмли кишилар тилло динордур, Илмсизу жоҳиллар эл ичра хордур”, деган сатрлар асарнинг леймотивини белгилайди. Биринчи қўлёзмаси темурий султон Мирзо Улуғбек замонида, аниқроғи 1444 йили рўйи замин сайқалида кўчирилган. Асарнинг асосий боблари ислом таълимотига, қолган қисмлари этика, эстетика, тилшунослик ва фаннинг бошқа соҳаларига бағишланган. Асарнинг бу галги нашри Шарқ мумтоз адабиётининг беқиёс билимдони Э.Очилов томонидан тайёрланди.

    Юз жилдликнинг 4-жилдидан, улуғ Алишер Навоий ибораси билан айтганда, “Туркистон мулкининг шайхул машойихи, Туркистон аҳлининг қиблаи дуоси”, туркий халқлар шеъриятининг пешволаридан бири Аҳмад Яссавий ҳикматлари ўрин олган. Яссавий ҳазратларининг ўзи “Қул Хожа Аҳмад, ҳар бир сўзинг дардга дармон” сатрли шеърида Яратган Эгамнинг амри ила 4400 ҳикмат битганини ёзади. Энг аввало, инсонни эъзозлашга даъват этгувчи бу ҳикматлар ниҳоятда халқчил, равон тилда битилган. Буюк шоир, кароматли уламонинг киндик қони томган Сайрам – Исфижоб — Тироз, унга туташ ҳудудлардаги Ясси, Лангар, Ийқон, Ўтрор, Турбат, Тороз ва бошқа муқаддасу мукаррам масканлар қадимдан улуғ авлиёлар пойқадами теккан жойлардир.

    Аҳмад Яссавийнинг шуҳрати Сайрам ва Яссидан лочиндек парвоз қилиб Самарқанду Сиғноқ, Қашқару Қўқон, Ўзганду Хўжанд, Болосоғуну Бухоро, Ўшу Шош, Гурганжу Ганжа, Машҳаду Марв, Измиру Нишопур, Дамашқу Ҳамадон, Бағдоду Басра, Маккаю Мадинага етди. “Султон ул-орифин” адабий меросини ўрганиш борасида таниқли олимлардан А.Фитрат, А.Саъдий, Ф.Кўприлизода, В.Зоҳидов, Н.Маллаев, Е.Бертельс, А.Боровков, А.Абуов, И.Ҳаққулов ва бошқаларнинг машаққатли меҳнатлари эътирофга лойиқдир.

    4-жилддан Яссавийнинг замондоши, шогирди Сулаймон Боқирғонийнинг дилбар шеърлари ҳам ўрин олди. Азим дарёлар юксак тоғлардаги боқий сарчашмалардан бошлангани каби мумтоз шеъриятимизнинг Атоий, Саккокий, Саройи, Гадоий, Лутфий каби улуғлари ижоди нафақат Яссавий, балки Ҳаким Ота, яъни Сулаймон Боқирғоний булоғидан куч олади. Ушбу мағзи тўқ жилд истеъдодли тадқиқотчиларимиздан С.Раъфиддин ва Н.Ҳасан томонидан нашрга тайёрланди.

    5-жилдга кирган ноёб бадиий сўз ёдгорлиги, мумтоз насримизнинг гўзал намунаси “Қисаси Рабғузий” милодий 1310, ҳижрий 710 йил эрта баҳорида ниҳоясига етказилган. Носируддин Рабғузий етук олим, улкан шоир, сермаҳсул таржимон эди. “Қисаси Рабғузий”да Одам Атодан тортиб Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи вассаламгача бўлган пайғамбарларга ривоятлар воситасида тавсиф берилган. Энг эътиборли жиҳати, асар ноёб ривоятлар, ҳикоятлар билан бирга муқаддас оятлар, ҳадиси шарифлар, ажойиб шеърий парчалар билан безатилганки, у етти асрдан буён бадиий адабиёт, фалсафа мухлисларини мафтун этиб келади. 100 жилдликка асарни “Қисаси Рабғузий” ижоди устида кўп йиллардан буён иш олиб бораётган талантли олим Ҳ.Дадабоев тайёрлади.

    100 жилдликнинг навбатдаги 6-жилди мумтоз ўзбек шеъриятининг энг мукаммал намуналаридан тузилди. Чунончи 6-жилд улуғ Алишер Навоийнинг жаҳон тан олган ғазаллларини, 7-жилд Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг қомусий “Бобурнома”си ва оташин ғазалларини, 8-жилд Сўфи Олллоёр ва Машрабнинг халқчил асарларини, 9-жилд Огаҳий, 10-жилд Увайсий, Нодира, 11-жилд Муқимий, Фурқат, Ҳамзанинг беқиёс ғазалларини ўз ичига олди.

    Шу ўринда сал олдинроққа ўтиб, 100 жилдлик беқиёс антологиянинг 31-жилдига алоҳида тўхталишга тўғри келади. Сабаби, унга ўзбек мумтоз адабиётининг энг сара намуналари жамланди. Жилддаги юзлаб ғазалларда инсоннинг озод, тўқ, тинч, осуда яшаш орзуси юксак нафосат орқали очиб берилган.

    Навбатдаги 19-жилдга XX аср ва XXI аср бошида ижод қилган 24 нафар атоқли адиб, шоирнинг энг ажойиб асарлари киритилди. Яъни 12-жилдга Чўлпоннинг ўтли шеърлари, реалистик бўёқларга бой “Кеча ва кундуз” романи, 13-жилдга жаҳондаги олтинчи классик романчилик мактаби асосчиси Абдулла Қодирийнинг миллионлаб мухлисларни маҳлиё қилиб келаётган “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён” романлари, 14-жилдга академик Ғафур Ғуломнинг даврнинг томирлари бўртиб турган шеърлари, ажойиб ҳикоялари, ўзбек адабий тилининг сулувлигини ўзига жо қилган “Шум бола”, “Ёдгор” қиссалари, 15-жилдга академик Ойбекнинг ойдек ёруғ шеърлари, монументал қиёфага эга “Навоий” романи, 16-жилдга М.Шайхзоданинг зариф шеърлари, реалистик драмалари, 17-жилдга А.Қаҳҳор, М.Осим, С.Аҳмаднинг халқимиз ҳаётини тўғри кўрсатган қисса ва ҳикоялари, 18-жилдга Ҳ.Олимжон ва Зулфиянинг мафтункор шеър ва лиро-эпик достонлари, 19-жилдга У.Носирнинг оловли шеърлари, гўзал достонлари, мукаммал таржималари, 20-жилдга Миртемирнинг ўйноқи шеър ва қуйма достонлари, 21-жилдга А.Мухторнинг фалсафий шеърлари, инсонпарварликни улуғлаган “Илдизлар” қиссаси ва ҳикоялари, 22-жилдга О.Ёқубовнинг “Кўҳна дунё” тарихий романи, жозибали ҳикоялари, 23-жилдга П.Қодировнинг шоҳ ва шоир сиймосини маҳорат билан чизган “Юлдузли тунлар” романи, 24-жилдга Э.Воҳидовнинг жаҳон шеъриятининг нодир намуналаридан бирига айланган “Руҳлар исёни” достони, халқ қалбига ҳамоҳанг шеърлари, 25-жилдга Ш. Холмирзаевнинг насримиз уфқини янада кенгайтирган қисса ва ҳикоялари, 26-жилдга А.Ориповнинг ҳамиша барҳаёт шеърлари, “Жаннатга йўл”, “Соҳибқирон” драмалари, 27-жилдга Ў.Ҳошимовнинг замона оғриқларига бағишланган “Тушда кечган умрлар” романи, Т. Муроднинг халқона оҳанглардаги “От кишнаган оқшом”, “Ойдинда юрган одамлар” қиссалари, 28-жилдга О.Матжон, 29-жилдга Ҳ.Худойбердиева, 30-жилдга Р.Парфи, Ш.Раҳмоннинг поэзиямизни юксак чўққиларга олиб чиққан шеърлари киритилди. 32-жилдга замонавий ўзбек поэзиясининг 120 нафар таниқли вакилининг бетакрор шеърлари, 33-жилдга замонавий ўзбек насрининг турли авлодга мансуб забардаст вакилларидан С.Зуннунова, Н.Фозилов, Х.Тўхтабоев, Ў.Умарбеков, Н.Аминов, С.Сиёев, Мурод Муҳаммад Дўст, Э.Аъзам, Х.Дўстмуҳаммад, Х.Султон, С.Ўнар, И.Султон, Р.Ҳайдарова ва бошқаларнинг мағзи тўқ ҳикоялари киритилди.

    Бу жилдлар осмондаги туркум-туркум чақноқ юлдузлардек биргаликда порлаб бугунги адабиётимизнинг узоқ-узоқлардан кўзга ташланадиган бўй-бастини, маҳобатини кўрсатиб туради. Ушбу жилдларга кирган асарларни қайта ўқиганингизда яна бир бор уларга маҳлиё бўласиз, эстетик дунёнгиз янада кенгаяди, бадиий сўзга юкланган сеҳру сурурдан сармаст бўласиз.

    Ўзбек ва қорақалпоқ халқлари азалдан бир заминда яшаб, бир дарёдан сув ичиб, минг йиллик қувончу ташвишларни бирга бошдан кечириб, бир-бирини қўллаб-қувватлаб, бетакрор адабиёти ва безавол маданиятини уйғун тарзда ривожлантириб, бир-бирининг интеллектуал оламини бойитиб келади. Икки буюк халқнинг “Кунтуғмиш” ва “Қирққиз”, “Гўрўғли” ва “Шаҳриёр” каби достонлари билан бирга ёзма адабиёти ҳам ёнма-ён юксалиб, бири биридан қувват олиб келмоқда.

    Муҳташам 100 жилдликнинг 34-жилдига буюк қорақалпоқ мумтоз шоирларидан Бердақ Қарғабой ўғли, Кунхўжа Иброҳим ўғли, Ажиниёз Қўсибой ўғли асарлари жамланди. “Навоийдан савод очган” Бердақ “замон ҳасратидан сарғайиб ёруғ кунлар”, Кунхўжа ночор халққа нон ва фаровонлик, Ажиниёз бўз тупроқли оролни тарк этган авом учун адолат излади. Аммо 3 буюк шоир фақат тақдирдан нолиш билан чекланмади, бири белни боғлаб халқ учун курашишга, иккинчиси меҳнатдан ором излашга, учинчиси ижтимоий тенгликка ундади. Учала шоир ҳам лирика, фалсафа, сатира қалами билан XIX асрнинг зулму зўравонликка тўла сўқмоқларидан бардош билан ўтдилар.

    Бугунги туркий халқлар адабиёти солномасида икки атоқли қорақалпоқ ижодкори – Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони И.Юсупов ва Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Т.Қаипбергенов адабий меросининг салмоқли ўрни бор. Ошиқ Аёз – И.Юсуповнинг “Тўмарис” достони атоқли замондошларидан Р.Ҳамзатовнинг “Оналарни асранг”, Қ.Қулиевнинг “Яраланган тош”, Э.Воҳидовнинг “Руҳлар исёни”, Ў.Сулаймоновнинг “АзиЯ” поэмалари билан ҳамоҳангдир. Улуғвор антологиянинг 35-жилди тўлиқ И.Юсупов яратган дурдоналардан тузилди. Ўқувчилар 36-жилдда атоқли адиб Т.Қаипбергеновнинг “Қорақалпоқнома” роман-эссеси билан танишадилар. Ўзбек тилига Р.Отаев ўгирган бу асар “Отанг боласи бўлма, одам боласи бўл”, деган ажойиб мақол билан бошланади. Муаллиф кўнглидан кечган гаплар, адиб ота-онасининг қимматли фикрлари, кўча бийларининг нодир иборалари, халқ ривоятлари орқали ўз тақдирига, ўз халқи тақдирига, сайёрамиз тақдирига теран нигоҳ ташлайди.

    37-жилдга А.Мусаев, А.Добилов, С.Нурумбетов, Т. Жумамуратов, Б.Қаипназаров, Х.Сейитов каби катта авлод, Т.Сейтжонов, Б.Исмоилов, Г.Шамуратова, У.Хўжаназаров, Т.Матмуратов, Т.Қобулов, К.Раҳмонов, Т.Сарсенбоев каби ўрта авлод, К.Каримов, Ж.Избосқонов, Ҳ.Айимбетов, А.Ўтепбергенов, Х.Даулетназаров, Н.Тўрешова, Ш.Аяпов каби кейинги авлод, С.Ибрагимов, М.Жуманазарова, К.Реймов, Б.Генжемуратов, Г.Даулетова, Г.Нурлепесова, Ф.Мирзабоева каби кенжа авлод шоирларининг шеърлари жамланди. Уларда замон ва инсон, элу юрт, она табиат, лирик қаҳрамоннинг руҳий олами тараннум этилади. 38-жилдда эса замонавий қорақалпоқ насрининг энг сара намуналари билан танишиш мумкин.

    Жаҳон адабиёти маржон шодаси бўлса, ундаги битта беқиёс марварид мумтоз ва замонавий турк бадиий сўз санъати ҳисобланади. Ажойиб антологиянинг 39-жилдидан 55-жилдигача, яъни 17 жилд турк адабиёти дурдоналарини ўз ичига олди. Дунёдаги энг қадимий этнослардан бирини яратган бадиий адабиёт, биринчи навбатда, “Ўғузнома”, “Кўрўғли”, “Дада Қўрқут китоби” каби тенгсиз фольклор жавоҳирларига таянади. Дастлабки даврда турк мумтоз адабиёти форс классик шеърияти билан ҳамоҳанг бўлди. Эзгу сўз ва эзгу фикр меъморларига айланган Жалолиддин Румий, Юнус Эмро ва Тожиддин Аҳмадий ижодиёти фикримизнинг ёрқин далиллари бўла олади. Антологиянинг турк адабиёти қисми бошлаб берган 39-жилди ана шу 3 улуғ шоир асарларини жамлаган.

    Румий адабий мероси худди Фирдавсий, Данте, Ҳофиз, Саъдий, Навоий, Шекспир, Гёте, Пушкин, Сервантес ва бошқа умумбашарий буюклар қатори боқий мақомга эгадир. Биргина “Маънавий маснавий” орқали у энг улуғ мутафакккирлар сафидан жой олди. Улуғ донишманд “Ишқ дардига йўлиққан зот бу оламдаги энг соғлом кишидир”, деб ёзади. Турк адабиётида муҳаббат лирикасини буюк Юнус Эмро энг юқори поғоналарга кўтарган бўлса, Тожиддин Аҳмадий XIV аср охирида ошиқлар олами тараннумида янги саҳифалар очди. Ушбу жилд шеър ихлосмандлари дунёсини бойитадиган ажойиб китоб бўлди.

    Антологиянинг 40-жилдига атоқли турк адиби Номиқ Камолнинг “Жалолиддин Хоразмшоҳ” драмаси (Хуршид Даврон таржима қилган), шеърлари киритилди. Драманинг шуҳрати боис Меҳмед афанди (адибнинг асл исми) сургундан қайтарилиб, юқори лавозимга тайинланади. У XIX асрнинг учинчи чорагида бир неча роман ҳам ёзиб, ўз адабиётида ушбу жанрнинг шаклланишига кенг йўл очиб берди. “Денгиз каби ҳар доим жўшқин кўнгил” эгаси бўлган Ризо Тавфиқ Фикрат ижодидан сара намуналар ҳам ушбу жилддан ўрин олди. Бадиий ижодни сиёсий фаолият билан уйғун олиб борган шоир турк халқи эрк, озод ҳаёт лаззатларидан баҳраманд бўлиши лозимлигини шеърлари учун шиор қилди.

    40-жилдга кирган учинчи муаллиф Нозим Ҳикмат нафақат улкан шоир, балки тинчлик учун толмас курашчи сифатида донг таратди. Жилддан унинг “Инсон манзаралари” асари ҳам ўрин олди. Н.Ҳикмат шеърларини дастлаб Ҳ.Олимжон ва М.Шайхзода, кейинги даврда Р.Парфи каби атоқли шоирларимиз она тилимизга ўгирдилар.

    41-жилдга Рашод Нури Гунтекиннинг жаҳоннинг бир неча авлод ўқувчиларига яхши маълум бўлган “Чолиқуши” романи, 42-жилдга Меҳмен Ўндернинг “Мавлоно”, Хайриттин Ивгиннинг “Манас – Олтой тоғлари қоплони”, Дундар Алпнинг “Шарқнинг энг буюк ҳукмдори – Темур” романлари, 43-жилдга атоқли адиблардан Ўрхон Камолнинг “Фирибгар”, Суод Дарвишнинг “Фосфорли Жаврия” романлари, 44-жилдга Умар Сайфиддин, Сабоҳиддин Али ҳикоялари, 45-жилдга Яшар Камолнинг роман ва қиссалари, 46-жилдга Ҳусайн Ниҳол Отсизнинг “Кўкбўрилар” тарихий романи, 47-жилдга буюк сатирик Азиз Несин ҳикоялари, 48-жилдга Аҳмад Гунбай Юлдузнинг “Гуллар сувсаганда”, Аҳмад Лутфи Қозончининг “Ўгай она” романлари, 49-жилдга Меҳмет Акиф Эрсўй, Зиё Кўкалп, Меҳмет Эмин Юрдақул, Нажиб Фозил Қисакурак, Яҳё Камол шеърлари, 50-жилдга Явуз Баҳодир ўғлининг “Хоразм” роман-дилогияси, 51-жилдга Холида Адиб Адивар ва Саид Фойиқ Абасиёниқнинг қисса ҳамда ҳикоялари, 52-жилдга Тариқ Буҳронинг “Усмон Ғози” романи, 53-жилдга Баҳоуддин Қоракўч Сазойи шеърлари киритилди. Антологиянинг 54-жилдига замонавий турк шеърияти, 55-жилдига замонавий турк насрининг энг яхши намуналари жойланди.

    Жозибадор 100 жилдликнинг 16 жилдига озарбайжон адабиётининг энг сара намуналари киритилди. Хусусан 56-жилддан буюк Низомий Ганжавийнинг “Лайли ва Мажнун” достони ва ғазаллари, 57-жилддан Имодиддин Насимий, Мулла Паноҳ Воқиф, Маҳсатий Ганжавий, Афзалиддин Ҳоқоний, Ҳайрон Хоним, Хуршидбону Нотавоннинг ғазал ва рубоийлари, 58-жилддан Муҳаммад Фузулийнинг “Ишқ изҳори” девони ҳамда “Лайли ва Мажнун” достони, 59-жилддан Ҳусайн Жовид драмалари, 60-жилддан Мамедсаид Ўрдубодийнинг “Қилич ва қалам” романи, 61-жилддан Саидазим Ширвоний, Муҳаммад Ҳодий, Алиакбар Собир ғазаллари, 62-жилддан Юсуф Вазир Чаманзаминлининг “Икки ўт орасида” романи, Жалил Маматқулизода ҳикоялари, 63-жилддан Самад Вурғун шеърлари, 64-жилддан Мирза Иброҳимовнинг “Шундай кун келади” романи, 65-жилддан Аҳмад Жавод, Сулаймон Рустам, Олмос Йилдирим, Микоил Мушфиқ, Расул Ризо, Наби Ҳазрий шеърлари, 66-жилддан Бахтиёр Ваҳобзода ва Халил Ризонинг шеърлари, достонлари, 67-жилддан Юсуф Самадўғлининг “Қатл куни” романи, Анорнинг қисса ва ҳикоялари, 68-жилддан Собир Рустамхонли ва Рамиз Равшан шеърлари ўрин олди. 69-жилдга замонавий озарбайжон назми, 70-жилдга замонавий озарбайжон насри намуналари жойлаштирилди. Улар озарбайжон адабиётининг нақадар гўзал ва ранг-баранг ифорли гулдасталари борлигини тасдиқлайди.

    Антологиянинг навбатдаги 10 жилдига Абай, Жамбул, Мағжон, Шокарим, Ахмед Бойтурсун, М.Авезов, С.Муқонов, Ғ.Мусрепов, Қ.Абдуқодиров, А.Олимжонов, Ў.Сулаймонов, Ж.Мўлдоғалиев, М.Мақатоев, Ж.Мўлдоғалиев, М.Шохонов асарлари, замонавий қозоқ поэзияси ва прозаси намуналари киритилди. Биз 79-жилдни нашрга тайёрлаб, сўзбоши ёздик. Бир неча жилдга таржималаримиз кирди. Ушбу жилдлар қозоқ адабиётининг мавқеи ҳамон ўта баланд эканини, аввалги гўзал асарлар қаторига янги шеърлар, достонлар, романлар қўшилаётганини кўрсатди. Олмали боғлар ва беҳисоб лолазорлар диёрининг гуллаб-яшнашига унинг адабиёти ҳам салмоқли улуш қўшмоқда.

    82-жилд “Сарчашма” рукни остида қирғиз адабиётининг 13 нафар ёрқин вакили асарларидан иборат гулдастани ўз ичига олган. “Олтин авлод вакиллари” деб номланган яна бир жилдда эса 8 нафар атоқли қирғиз шоирининг шеър ва достонлари жамланди. 88-жилдда замонавий қирғиз шеъриятининг энг ажойиб намуналари ўқувчига ҳавола қилинди. Айни пайтда 100 жилдлик бугунги қирғиз адабиётида проза тобора юксалиб бораётганидан дарак бермоқда. Ч.Айтматов, Т.Сидиқбеков, Т.Қосимбеков, М.Бойжиев, М.Ғаппоров, Т.Жўлдўшев, Қ.Сулаймоновнинг роман ва қиссалари китобхонга бир олам эстетик завқ беради. Қирғиз насрининг алоҳида жилдида ўнлаб атоқли сўз усталарининг ҳикоялари чоп этилди. Ч.Айтматовдек улуғ адиб асарлари орқали жаҳон минбарига чиққан адабиётнинг парвози янада баланд бўлишига шак-шубҳа йўқ.

    Амунинг сўл соҳили, Мурғоб ва Атрек қирғоқлари, Копетдоғнинг қизғалдоқли этакларида бўй тиклаган туркман адабиёти неча асрларки, жаҳон бадиий тафаккури тараққиётида муҳим ўрин тутиб келмоқда. 100 жилддан Озодий, Махтумқули, Мулланафас, Андалиб, Мулламурод Хоразмий ғазаллари, шеърлари, достонлари ўрин олди. Алоҳида жилдда туркман мумтоз шеърияти намуналари тўпланди. Туркман насри дурдоналаридан атоқли адиблар Х.Деряев, Б.Кербобоев, Қ.Тангриқулиев, Ў.Яғмур, О.Тоғон романлари китобхонга юксак маънавий бойлик бахш этади. 99-жилд “Замонавий туркман адабиёти антологияси” деб номланди. Якунловчи жилд қардош венгер адабиётига ажратилди. Ўқувчилар венгер Шекспири деб ном олган Янош Аронь асарларидан баҳраманд бўладилар. Уларда можор қардошларимизнинг мусаффо орзу-интилишлари ўз ифодасини топган.

    Янги Ўзбекистонда беқиёс маънавий бисот яратилди. 100 жилдликни нашрга ҳозирлаш ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Таниқли адибимиз Х.Султон раҳбарлигидаги таҳрир ҳайъати, У.Ҳайитов бошчилигидаги нашриёт жамоаси, С.Хўжааҳмедов етакчи муҳаррирлар гуруҳи, кўп сонли нашрга тайёрловчилар ва таржимонлар саъй-ҳаракатларининг самараси ўлароқ монументал нашр чоп этилди. Юқорида тилга олинганлар билан бирга В.Раҳмон, Т.Қаҳҳор, З.Исомиддинов, А.Алимбеков, Д.Бегимқулов, М.Кенжабек, О.Эргаш, Б.Шарипов, К.Баҳриев, Б.Карим, А.Улуғов, М.Аҳмад, М.Омон, О.Жўрабоев, А.Тожиев, М.Раҳматов, Х.Ҳамидов, А.Рустамов, Т.Аҳмедов, К.Муллахўжаева, З.Раҳмонова, Г.Ашурова, М.Қўчқорова, Ш.Қосимова ва бошқалар унумли меҳнат қилдилар.

    Бу эзгу ишларнинг бардавом бўлишига ишонамиз!

    Янгибой ҚЎЧҚОРОВ,

    ёзувчи,

    Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими