Форумда Ўзбекистон делегациясига инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов, Озарбайжон делегациясига Озарбайжон Республикаси Иқтисодиёт вазири Микаил Жабборов бошчилик қилди. Форумда вазирлик ва идоралар, тармоқ бирлашмалари раҳбарлари, ҳудудлар ҳокимликлари раҳбарлари ҳамда икки мамлакат ишбилармон доираларининг 300 дан ортиқ вакиллари иштирок этди.
Тадбирда кўп қиррали Ўзбекистон -Озарбайжон ҳамкорлигининг жадал ривожланаётгани қайд этилди. Кейинги 5 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 3 баробар, жорий йил бошидан буён эса яна 20 фоизга ошди. Яқин келажакда товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш бўйича фаол ишлар олиб бориляпти.
Иқтисодиётнинг энг устувор тармоқлари – энергетика ва шаҳарсозликдан тортиб машинасозлик, тўқимачилик ва ипакчилик, қишлоқ хўжалиги каби соҳалардаги сармоявий ҳамкорлик кўлами кенгаймоқда. Ўзбекистонда «Pasha Holding», «Matanat», «Sarda Group», «Sokar» каби энг йирик Озарбайжон компаниялари муваффақиятли фаолият юритиб келяпти. Ўз навбатида, Ўзбекистоннинг «Global Textile», «Azsilk», «Businesstex» каби компаниялар Озарбайжон ҳудудларида фаолият юритяпти.
Инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришнинг ҳаракатлантирувчи кучи бўлган Қўшма инвестиция компанияси ишга туширилди. Енгил ва озиқ-овқат саноати, яшил энергетика, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларда аниқ лойиҳалар портфели шакллантирилди.
Шу билан бирга, импорт ўрнини босиш ва ҳамкорлик дастурларини амалга ошириш, товарларни электрон платформаларда жойлаштириш, савдо уйлари, кўргазма заллари ва миллий павильонлар очиш, қурилиш материаллари етказиб бериш ҳажмини ошириш, талабга эга бўлган маҳсулотларни самарали рағбатлантириш учун ўзаро асосда тармоқ бирлашмалари вакиллари учун лавозимлар ташкил этиш каби савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлар қайд этилди.
Саноат кооперациясини чуқурлаштириш, жумладан, тўқимачилик ва ипак ишлаб чиқариш, қурилиш материаллари, озиқ-овқат ва тоғ-кон саноати, шаҳарсозлик, инфратузилма ва замонавий турар-жой, савдо тармоқларини ривожлантириш бўйича янги йирик лойиҳаларни амалга ошириш орқали катта имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.
Шунингдек, тоғ-кон саноати, энергетика ва нефть-газ саноатида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, «яшил» энергия ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш, қишлоқ хўжалигида ҳамкорликни кенгайтириш истиқболли йўналишлар сифатида белгиланди.
Ўз навбатида, Озарбайжон Республикаси Иқтисодиёт вазири Микаил Жабборов Ўзбекистонда яратилган сармоявий муҳит ва тадбиркорликни ҳар томонлама ривожлантириш имкониятларини юксак баҳолаб, узоқ муддатли ҳамкорликка ишонч билан таянган ҳолда Озарбайжон бизнесини иккиланмасдан Ўзбекистонга сармоя киритишга таклиф қилди.
Тадбир доирасида B2B ва G2B шаклидаги музокаралар бўлиб ўтди. Унда ўзбекистонлик ва озарбайжонлик тадбиркорлар келгусида қўшма инвестиция лойиҳалари ва савдо шартномаларини муҳокама этишга муваффақ бўлди.
Форум якунлари бўйича инфратузилмани ривожлантириш ва шаҳар қурилиш и, янги логистика марказлари, таълим объектлари, ҳамкор мамлакатларда саноат бирлашмаларининг ваколатхоналарини қуриш бўйича икки томонлама ҳужжатлар алмашиш маросими бўлиб ўтди. Шунингдек, қўшма «Йўл харитаси» қабул қилинди, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.