Музокаралар чоғида икки мамлакат ўртасидаги сармоявий, савдо-иқтисодий ва саноат кооперацияси масалалари муҳокама этилди.
Хусусан, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш вазифалари кўриб чиқилди. 2022-йил якунига кўра Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилга нисбатан 53 фоизга, 2023 йилнинг январь-сентябрь ойларида эса 36,4 фоизга ўсган. Томонлар ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини йилига 1 миллиард долларга етказиш бўйича қўшма ишларни фаоллаштиришга тайёр эканликларини билдирдилар.
Ўзбекистон-Озарбайжон инвестиция компанияси фаолиятининг амалий масалалари муҳокама этилди. Жамғарма ҳисобидан молиялаштирилиши режалаштирилган истиқболли инвестиция лойиҳалари сонини кўпайтириш ва раҳбариятни муддатидан олдин тайинлаш бўйича келишувга эришилди.
Икки давлат ҳудудида сув тозалаш иншоотлари, туризм объектларини қуриш, металл буюмлар ва маиший техника, тиббий асбоб-ускуналар ва буюмлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, шунингдек, тўқимачилик кластерини ташкил этиш бўйича қўшма лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши батафсил кўриб чиқилди.
Учрашув якунида ҳамкорликни янада кенгайтиришга ўзаро содиқлик билдирилди ҳамда муҳокама этилган лойиҳа ва ташаббусларни жадал амалга ошириш бўйича аниқ режалар ва масъул раҳбарлар белгилаб олинди, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.