“Ўзбек тили тарихи” номли китоб нашр этилди

    Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси “Фан” нашриётида Ғайбулла Бобоёровнинг “Ўзбек тили тарихи” номли китоби нашр этилди.

    Тарихчи Ғайбулла Бобоёр қаламига мансуб ушбу китобда ўзбек тилининг энг қадимги даври – милоддан олдинги сўнгги мингйилликнинг ўрталаридан милоднинг 6- асригача бўлган деярли минг йиллик бир даври тўғрисида сўз юритилади.

    Монографияда Сак-скифларнинг кунчиқардаги бир бўлаги туркий тилли бўлгани-ю, Хун салтанати (м.ав. 3- мил. 3 асрлар), Хионийлар (мил. 4-5 асрлар) ва Эфталийлар (5-6 асрлар) каби йирик сиёсий уюшмалар бошқарувчиларининг сўзлашув тили юзасидан янгича қарашлар билдирилган. Шунингдек, ўзбек тилига бошланма берган турли эски туркий лаҳжалар, хун ва ўғур-булғор туркчаси, халач тили, венгер тилидаги туркий ўзлашмалар тўғрисида сўз боради.

    Китоб мутахассислар – туркология, тилшунослик, ўзбек тили ва адабиёти, тарих, элшунослик каби йўналишларда изланишлар олиб борувчилар ва кенг китобхон оммасига мўлжалланган.