Янги Ўзбекистонда ислоҳотларнинг янги даври бошланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги таҳрирда қабул қилиниши тараққиётимизнинг сиёсий, ҳуқуқий йўли бўлди.
Ўзбекистоннинг мустақил тараққиёти деганимизда демократия ва инсонпарварлик ғояларига тўла риоя қилинган ҳолда сиёсий, иқтисодий, ижтимоий муносабатларни тубдан ўзгартириш, халқимизнинг бой тарихий тажрибасини, бошқа илғор давлатларда қўлга киритилган ютуқларни ўрганиш, уни республика шароитида ва имкониятларни ҳисобга олган ҳолда ҳаётга татбиқ этиш орқали амалга ошади.
Мустақил тараққиёт йўлини тезлатиш, деганда биз шу мақсадни амалга оширишга кенг халқ оммасини жалб этиш учун ижтимоий, миллий соҳадаги таназзул, бирёқламаликка узил-кесил бардам бермоқ кераклигини тушунмоқ керак. Жамиятда миллий онг, миллий тафаккур, масъулият, ватанпарварлик, миллатпарварлик, ҳалоллик, поклик сингари хислат ва тушунчалар мустаҳкам бўлган мамлакатнинг мустақиллиги ҳам барқарор бўлади.
Халқнинг етук миллий онги, юксак маънавияти ҳар қандай тараққиётнинг бош омили ҳисобланади. Инсониятнинг тарихий тараққиёти ўзининг ҳар босқичида бу ҳақиқатни исботлаб келди. Масалан, мулкчиликнинг турли шакллари сақланган ҳолда ишбилармонликка, моддий манфаатдорликка йўл очиш ҳам мустақил тараққиётнинг жаҳон тажрибасига таянган ҳолда амалга оширилаётган муҳим жиҳатлардан биридир.
Ҳақиқатдан ҳам ишбилармонлик, меҳнатсеварлик ўзбек халқининг тарихан шаклланган миллий қадриятларидан десак адашмаймиз. Ишбилармонлик фақат тижорат, яъни олди-сотдидангина иборат эмас. Агар ҳамма ишбилармонлик, деб тижоратни тушунса, фақат олиб-сотарлик йўлига ўтиб олса, у ҳолда мамлакат ривожланмайди, ташқи давлатларга қарамлик ҳолати тобора чуқурроқ томир отиб бораверади.
Мустақилликнинг муҳим омилларидан бири – иқтисодий мустақилликдир. Шу жиҳатдан қараганда ишбилармонлик, биринчи навбатда мамлакат учун, халқ эҳтиёжларини қондириш ва бошқа давлатлар билан тенг ҳуқуқли алоқаларни ривожлантириш мақсадида тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларни жаҳон бозорига олиб чиқишга интилишдир.
Ривожланган мамлакатларда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотлари учун савдо бозорига айланиш мустамлакачилик занжирларига боғланиб қолишга ва қолоқликка олиб келади.
Ишбилармонлик билан боғлиқ бўлган фаолиятда ҳар бир шахснинг вақтинчалик манфаатлари, бойлик орттиришга интилиши нуқтаи назаридан эмас, балки мустақиллик, тараққиёт, келажак, миллий манфаатларни ҳисобга олган ҳолда ёндашмоқ керак. Акс ҳолда шахсий худбинлик умуммиллий манфаатлар билан боғлиқ бўлган тараққиёт йўлини чеклаб қўяди.
Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси ўзи кўзлаган мақсадга якка ҳолда эмас, балки бошқалар билан ҳамкорликда, миллий бирдамлик, тотувлик, ҳамма жойда осойишталикни таъминлаш орқалигина эришишимиз мумкин.
Бу ҳақиқат ҳар бир фуқаронинг, ишбилармон кишининг миясидагина эмас, балки қалбида, эътиқодида ҳам чуқур ўрин олмоғи керак, деб ўйлаймиз.
Ўзбек халқининг тарихида ишбилармонлик ва тижорат ҳамма вақт ҳам юксак инсоний фазилатлар билан боғлиқ бўлиб келган. Мулкчиликнинг янги шаклларига, ишлаб чиқарилган маҳсулотга нисбатан янгича муносабатларнинг қарор топиши, тобора чуқурроқ томир ортиши ана шундай юксак инсоний, маънавий қадриятларни ҳам тиклашни ва уларга амал қилишини халқимиз жуда яхши билиб келган.
Ўзбеклар миришкор деҳқон, бой маданий мероснинг соҳибигина эмас, балки қўли гул ҳунармандлар, савдо-сотиқ ишининг моҳир, ҳалол усталари, илм аҳли, донишманд, одамохун, меҳмондўст халқ сифатида азалдан жаҳонга танилган. Яқин тарихимиздаги қатағон сиёсати, умумий қирғинлар юз минглаб ватандошларимизнинг хорижга кетиб қолишига сабаб бўлди. Лекин мусофирликда яшаган ватандошларимиз ўзининг меҳнатсеварлиги, ҳалоллиги, қўлида гулдек ҳунари борлиги, савдо-сотиқ ишининг моҳир устаси бўлиши туфайли бирор ерда хор-у саргардон бўлган эмаслар. Бирор мамлакатда ўзбеклар текинтомоқ, ишёқмаслар, ўғри ва муттаҳамлар деб таҳқирланмаган.
Ўз она юртимизда барча мулк давлат тасарруфига ўтиши натижасида ишбилармонлик ва моддий манфаатдорлик, халқнинг узоқ асрлар давомида шаклланган ишлаб чиқариш малакалари, меҳнатсеварлик, ҳалоллик, поклик борасидаги қадриятлари оёқ ости қилинди. 74 йил совет тузумида кўпчиликда, давлат мулки менинг ҳам мулким, деган тушунча шаклланмади. Аксинча ишлаб чиқариш қуролларига, ер ва сувга, атроф-муҳитга, етиштирилаётган маҳсулотларнинг сифатига нисбатан бефарқ қараш тобора кенгроқ тарқала бошлади.
Айниқса ёшлар ишбилармонлик, меҳнатсеварлик, ҳалоллик, поклик, инсонпарварлик сингари юксак маънавий ва маърифий фазилатлардан маҳрум бўлай, деб қолди. Меҳнат маълум мақсад, манфаат заминида бажариладиган жараёндан юқоридан берилган маъмурий топшириқ асосида амалга ошириладиган фаолиятга айланди. Меҳнат кишиларнинг онгли фаолиятидир, деганга ўхшаш фикрлар шиор қилинди. Лекин текинтомоқлик, меҳнатни менсимаслик, ишламасдан чиройли яшашга, кийинишга интилиш кайфияти кучайди.
Миллий маънавият ва маърифат қадриятлар барбод этилиши одамлар ўртасида худбинлик, ҳалол билан ҳаромнинг фарқига бормаслик, адолат талабларига риоя қилмаслик, ҳалол муҳитни менсимаслик сингари иллатлар кучайишига олиб келди. Булар тоталитар буйруқбозлик тузуми келтириб чиқарган маънавий иллатларнинг энг хавфлиси десак ҳам бўлади.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, давлат қабул қилган қонунларга ҳам тўлиқ риоя қилмоқ даркор. Ҳуқуқий давлат барча қонунлари мавжуд бўлган жамиятда эмас, балки бу қонунлар омманинг онгига чуқур сингиб борган, ҳамма ерда уларга тўла асосланган ҳолда иш юритилаётган мамлакатдагина қарор топади. Ҳуқуқий давлатдаги кишилар ўртасидаги муносабатларда виждон, иймон, инсонийлик сингари қонун билан ирода этиб бўлмайдиган юксак маънавий хислатлар ҳам барқарор бўлмоғи зарур.
Мустақил тараққиётимиз, бозор муносабатлари асосида қурилган экан. Бу жараён учун иқтисодий имкониятлардан ташқари, маънавий покланиш, ҳалоллик, инсонпарварлик, сахийлик, очиқ кўнгилликка, меҳр-мурувват, саховат, виждон ва иймон билан боғлиқ бўлган миллий қадриятларга таяниб иш кўрмоқ керак. Ҳалоллик ва одамгарчилик муваффақият ва ютуқлар калитидир.
Ҳар бир фуқаронинг фаолияти ўз шахсий эҳтиёжигагина эмас, балки она ватанимиз равнақи, унинг умрбоқий мустақиллик манфаатларига ҳам сидқидилдан хизмат қилмоғи лозим.
Мардиқул Сиддиқов,
фахрий журналист