Ўзбекистон – Қирғизистон: иқтисодий ўсишнинг янги нуқталари

    Жорий йил 17 июлда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон -Қирғизистон бизнес-форумида иштирок этди.

    Делегациялар таркибига, шунингдек, икки мамлакат вазирликлари, идоралари, тармоқ бирлашмалари, вилоят ҳокимликлари раҳбарлари ҳамда 350 дан ортиқ ишбилармон доиралари вакиллари кирди.

    Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Хўжаев кириш сўзи билан очар экан, икки давлат раҳбарларининг самимий муносабатлари туфайли кўп қиррали ўзбек-қирғиз ҳамкорлиги изчил ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.

    Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмида ўсиш кузатилгани қайд этилди – ўтган йил якунига кўра мазкур кўрсаткич 1 миллиард долларга етди. Товар айирбошлашнинг янада ошишини таъминлаш учун тайёр тўқимачилик, озиқ-овқат, пластмасса, пойабзал, IT-хизматлари, ўғитлар, қурилиш материаллари, маиший техника ва фармацевтика маҳсулотлари, қорамол ва майда чорва моллари, кўмир, озиқ-овқат ва талабга эга бўлган бошқа товарларни ўзаро етказиб беришни кўпайтириш чораларини кўриш муҳимлиги таъкидланди.

    Кейинги йилларда инвестициялар ва саноат кооперацияси соҳасидаги ҳамкорлик фаоллашди. Бугунги кунда Ўзбекистонда Қирғизистон капитали иштирокида 280 га яқин корхона фаолият юритиб келяпти. Қўшма ташаббусларни амалга оширишда Ўзбекистон -Қирғизистон Тараққиёт жамғармаси катта роль ўйнайди, унинг портфели 186 миллион долларлик 33 та инвестиция лойиҳасини ўз ичига олади.

    Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга қулайликлар яратиш бўйича кўрилаётган чоралар, жумладан, қонунчиликни либераллаштирилгани, солиқ ва божхона имтиёз ва преференциялар жорий этилгани, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида 25 та эркин иқтисодий зона ташкил этилгани ҳам тилга олинди.

    Ўрта ва кичик бизнес ривожининг ҳаракатлантирувчи омиллари бўлган ҳудудлараро ҳамкорликни чуқурлаштириш, чегара ҳудудларида маиший техника, дори-дармон, мебель, қурилиш материаллари, пойабзал, чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналар ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди. Шу нуқтаи назардан, ҳудудлар делегацияларининг ўзаро ташрифлари амалиётини йўлга қўйиш, B2B форматида форумлар, кўргазмалар, давра суҳбатлари, учрашувлар, шунингдек, маданий-гуманитар тадбирлар ўтказиш таклиф этилди.

    Ўз навбатида, Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари – Сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазири ҳам икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ва сармоявий ҳамкорликнинг барқарор ўсиш динамикасини юқори баҳолади ва бу борада транспорт-логистика, энергетика соҳасидаги лойиҳалар ҳаётга татбиқ этиш, савдо ваколатхоналари фаолиятини кучайтириш муҳимлигини таъкидлади. Маърузачи икки мамлакат тадбиркорлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг катта, ижобий тажрибасини таъкидлаб, ишбилармон доираларни шериклик алоқаларини кенгайтириш ва қўшма ўзаро манфаатли ташаббусларни дадил амалга оширишга чақирди.

    Форум доирасида B2B ва G2B музокаралари бўлиб ўтди, унда тадбиркорлар кўплаб янги, фойдали алоқаларни ўрнатишга, янги лойиҳаларни амалга оширишнинг ўзига хос жиҳатларини муҳокама қилишга муваффақ бўлди.

    Форум якунлари бўйича озиқ-овқат маҳсулотлари, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, логистика марказини ташкил этиш, чиқиндиларни қайта ишлаш, геология-қидирув ва кўмир етказиб бериш, IT-хизматлари кўрсатиш, электротехника ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб бериш бўйича 20 та битим, меморандум ва савдо шартномалари имзоланди, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates