Бу ҳақда Қирғизистон президенти Садир Жапаров “Кабар” агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, икки давлат ўртасидаги чегарани делимитация қилишда фақат бир томонга устунлик бериб бўлмайди – тенглик ва ҳар икки томон манфаатларини ҳисобга олиш тамойилига амал қилиш керак.
“Икки давлат ҳукуматлараро комиссияси иши якунланиб, ҳужжатлар имзолангандан сўнг ташқи ишлар вазирлари имзоларини қўяди. Шундан сўнг ҳужжатлар икки давлат парламентларида ратификация қилинади ва якунда биз, президентлар уларни имзолаймиз. Шу билан жараён якунига етади. Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги чегара бўйича бошқа саволлар бўлмайди”, деди Садир Жапаров.
Унинг қўшимча қилишича, чегара постларининг ёпилиши ҳар икки томоннинг иқтисодий йўқотишларига олиб келди.
“Савдо-иқтисодий алоқалар тўхтатилганди. Энди бизнинг мақсадимиз чегара постларини очиш ва мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлашни энг юқори даражага олиб чиқишдир”, деди президент.
Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара чизиғи 987,6 километр, деб хабар беради report.az.