Материалда Ўзбекистон коронавирус пандемияси туфайли 2020 йилда иқтисодий инқирозни енгиб ўтган дунёдаги кам сонли давлатлардан бири сифати эътироф этилди.
Мақолада, Жаҳон банки маълумотларига кўра, дунёда ялпи ички маҳсулот 4 фоизга камайгани қайд этилган. Ўтган йили бутун дунё дуч келган иқтисодий инқироз жаҳон урушидан кейинги мисли кўрилмаган даражада бўлди. "Европадан Америкагача, Африкадан Осиёгача бўлган қитъалардаги мамлакатлар ушбу "тарихий зарба"дан қутулиб қололмадилар. "Le Figaro" нашрининг ёзишича, саноқли давлатларгина "сайёра цунами"сига дош бериб, қийин 2020 йилда иқтисодий ўсишга эришган.
Нашр мухбири Армель Бохинёст Марказий Осиёнинг учта давлати, хусусан Ўзбекистон 2020 йилда ижобий иқтисодий фаоллик намойиш этганини таъкидлади.
"Ўзбекистон раҳбарияти томонидан кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида мамлакатда иқтисодий инқирознинг олди олинди. Хусусан, ижтимоий эҳтиёжлар ва соғлиқни сақлаш билан боғлиқ харажатлар кўпайтирилди, шунингдек, Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига кўра, кичик ва ўрта корхоналарга COVID-19 билан курашиш учун катта ёрдам кўрсатилган.
Бой табиий ресурсларга (табиий газ, металлар, ўғитлар, пахта) ва юқори сайёҳлик салоҳиятига эга бўлган ушбу давлат раҳбари сўнгги йилларда мамлакатни 2016 йилгача ҳукмронлик қилган "қаттиқ бошқарув" моделидан чиқариш учун кенг кўламли иқтисодий ислоҳотларни амалга оширмоқда", дейилади мақолада.
"Le Figaro" газетасига кўра, Жаҳон банки 2020 йилда турғунликни олдини олишга муваффақ бўлган 22 мамлакат, жумладан Хитой, Туркия, Ветнам ва бошқа мамлакатларни санаб ўтган.
Францияда 1826 йилда ташкил этилган оммабоп "Le Figaro" газетаси рақамли маълумотлар тарқатишда етакчи ўринда туради. Газетанинг янгиликлар сайти ҳам энг кўп ўқувчига эга. Унга ойига қарийб 23,5 миллион киши ташриф буюради. Айни пайтда газета 329 минг нусхада чоп этилмоқда.