Ўзбекистон Республикаси Озарбайжон халқаро туризм ярмаркасида илк бор «Ҳамкор давлат» сифатида иштирок этяпти. Ўзбекистон делегациясининг иштироки Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги ҳамда «Миллий PR-маркази» ДУК, шунингдек, Ўзбекистоннинг Озарбайжон Республикасидаги Элчихонаси ҳамкорлигида, «Uzbekistan Airways» АЖ кўмагида ташкил этилган. Сайёҳлик кўргазмасининг очилишида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Ўзбекистон Республикасининг Озарбайжон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Бахром Ашрафхонов ҳамда «Миллий PR-маркази» ДУК директори Дилфуза Самандарова сўзга чиқди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 29 мартда бўлиб ўтган селектор йиғилишида қабул қилинган Қарорига кўра, Озарбайжон Республикаси ва Туркия Ўзбекистон Республикасида туризм хизматлари экспортини кўпайтириш ва ушбу мамлакатлардан сайёҳларни жалб этиш мақсадида Хоразм вилоятига бириктирилди. Ушбу топшириқнинг ижросини таъминлаш мақсадида, кўргазма доирасида Хоразм вилоятидан катта делегация иштирок этяпти, унинг таркиби 7 та сайёҳлик компанияси, «Ичан қалъа» раҳбарияти, маданият ва санъат намояндалари, мусиқачилар ҳамда ҳунармандлардан иборат. AITF -2023 халқаро кўргазмаси доирасида давлат сайёҳлик ташкилотлари, маркетинг компаниялари, шунингдек, Ўзбекистон делегацияси вакилларининг Озарбайжон туроператорлари билан майдончаларни фаол сотиш бўйича ишбилармонлик учрашувлари ҳамда жорий йил ноябрь ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган ТХТЙ-2023 Тошкент халқаро туризм ярмаркасида иштирок этиш шартлари билан танишиш режалаштирилган. AITF -2023 кўргазмаси доирасида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан кечки зиёфат ҳам режалаштирилган бўлиб, унда мамлакатимизнинг туризм салоҳияти тақдимоти, Хоразм миллий ансамбли санъаткорлари чиқишлари билан маданий дастур, халқ амалий санъати ва миллий таомлар намойиши режалаштирилган, деб хабар беради Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати.