Ўзбекистон Болалар саратонига қарши курашиш миллий стратегиясини қабул қилди

    Ўзбекистон 2025−2030-йилларга мўлжалланган Болалар саратонига қарши курашиш миллий стратегиясини қабул қилди, дея хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

    Миллий стратегия Болалар саратони бўйича глобал ташаббус (GICC), Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, ЮНИСЕФ, Вена халқаро тиббиёт университети ва бошқа халқаро ташкилотлар кўмагида ишлаб чиқилган.

    Вазирликка кўра, бу болалар саратонига қарши курашда янги босқични бошлаб беради, ташхис қўйиш ва даволашда мултидисциплинар ёндашувни таъминлаш орқали педиатрия ёрдамини кўрсатиш тизимини такомиллаштиради.

    Миллий стратегия, шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилишга йўл очади, кадрлар ва инфратузилма салоҳиятини мустаҳкамлайди, болаларга барча даражаларда юқори сифатли тиббий ёрдам кўрсатишга ягона ёндашувни шакллантиради, дейилади хабарда.

    «Болалар саратони энди оилалар ёлғиз ўзи курашаётган муаммо эмас, бу миллий устуворликка айланди. Стратегия 2030 йилга келиб яшовчанлик даражасини камида 60 фоизга етказиш ва ўлим кўрсаткичини 2,5 баравар камайтириш бўйича мажбуриятимизга мос келади, бу эса жаҳондаги илғор тажрибани акс эттиради», — деди Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров.

    15 май куни вазирлик ва идоралар, Ота-оналар уюшмаси, халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси офиси, ЖССТ, ЮНИСЕФ, БМТ Тараққиёт дастури, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳоли жаҳон жамғармаси, БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, БМТнинг Лойиҳаларга хизмат кўрсатиш бошқармаси, жамоат бирлашмалари етакчи вакиллари ҳамда соҳа мутахассислари стратегияни амалга ошириш йўлларини муҳокама қилди.


    Мулоқотда эрта ташхис қўйиш ва даволашнинг замонавий дастурларини жорий этиш зарурати, тиббиёт муассасалари инфратузилмасини такомиллаштириш, малакали кадрлар тайёрлаш, онкологик хизматларни рақамлаштириш орқали тиббий ёрдам кўрсатиш, кенг қамровли мониторинг тизимлари, шунингдек, руҳий-ижтимоий ва оилавий қўллаб-қувватлаш йўллари борасида сўз юритилди.

    «Болалар саратони бўйича миллий стратегияни — аниқ мақсадлар, аниқ чора-тадбирлар ва имкон қадар кўпроқ болалар ҳаётини сақлаб қолиш учун зарур ресурсларни ўз ичига олган ҳужжатни ишлаб чиқиш Ўзбекистон учун муҳим қадамдир. Ушбу стратегия мамлакатда тўпланган ҳақиқий маълумотлар асосида саратон касаллигига чалинган болаларга сифатли ёрдам кўрсатиш имкониятини кенгайтиришга ёрдам беради», — деди ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари доктор Ашина Халакдина.

    Ўзбекистон ЖССТнинг болалар саратонига қарши кураш бўйича Глобал ташаббусига қўшилди ва саратон касаллигига чалинган болаларни дори воситалари билан таъминлаш бўйича Глобал платформанинг иштирокчисига айланди. Бунинг натижасида бугун мамлакат бўйлаб 16 та тиббиёт муассасасида болалар хавфсиз, самарали ва бепул дори воситаларини олмоқда.

    ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Рехина Мария Кастижионинг сўзларига кўра, болалар саратони бўйича кўп тармоқли стратегия муҳим бўлиб, касалликка қарши курашда ривожланишни тезлаштириш ва барча муҳим тузилмаларни бирлаштириш учун жиддий имконият яратади.

    «Бундай жамоавий ёндашув муҳим, чунки болалар саратонига қарши кураш нафақат ҳаётларни сақлаб қолади, балки оилалар ва соғлиқни сақлаш тизимига узоқ муддатли иқтисодий юкни ҳам камайтиради», — деди у.

    No date selected
    июл, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates