баннер
11 апр 2025
13:24

    Ўттиз олти катта экран: Малайзияда Ўзбекистон туризм салоҳияти кенг намойиш этилмоқда

    XXI аср глобаллашув даврида туризм мамлакатлар иқтисодиётида муҳим тармоқ бўлиб, мамлакат ҳаётининг ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожланишига, бандликни таъминлашга, инфратузилма сифатининг ошишига ҳисса қўшиш билан бир қаторда турли маданиятлар ўртасида бағрикенглик ришталарини, дўстлик кўприкларини мустаҳкамлашга имкон яратади. Бунга мисол тариқасида, Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланиб бораётганлигини кўришимиз мумкин.

    Сўнгги йилларда икки давлат ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган бир қатор муҳим қадамлар қўйилди. Жумладан, Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳимнинг таклифига биноан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 4-5 февраль кунлари Малайзияга ташрифи ҳам мисол бўла олади.

    Дунёнинг икки хил минтақасида — Марказий Осиё ва Жанубий-Шарқий Осиёда жойлашган мазкур мамлакатларнинг туризм ҳамкорлиги натижаси ўлароқ, 30 кунлик визасиз режимнинг жорий қилинганлигини айтиш мумкин. 2024 йилда Малайзия Туризм, санъат ва маданият вазири ўринбосари Хайрул Фирдаус Акбар Хон бошчилигидаги делегация Хива шаҳрида бўлиб ўтган Ислом туризм вазирлари конференциясининг XII сессиясида иштирок этди. Бу Малайзия ва Ўзбекистон халқаро майдонда бир-бирини қўллаб-қувватлаб, туризм соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошираётганига мисол бўлади.

    2024 йилнинг 21-23 ноябрь кунлари бўлиб ўтган 29-Тошкент халқаро туризм ярмаркасида Малайзия делегацияси ўзининг туристик салоҳиятини намоён этадиган стенди билан иштирок этди. Ўзбекистонда Малайзиянинг туристик салоҳияти кенг намойиш этилиши билан бир қаторда соҳада ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан шартномалар имзоланди ва келишувларга эришилди.

    Шу кунларда Малайзия пойтахти Куала-Лумпур шаҳрининг марказий кўчаларида Туризм қўмитаси томонидан 36 та катта экранларда Ўзбекистон туризм салоҳиятига бағишланган видеолавҳалар намойиши йўлга қўйилганлиги ҳам Ўзбекистон ва Малайзия давлатлари ўртасида сайёҳлик салоҳиятларини оширишга хизмат қилади.

    Туризм қўмитаси берган статистик маълумотларга кўра, 2023 йилда Ўзбекистонга 4396 нафар малайзиялик сайёҳ ташриф буюрган бўлса, 2024 йилда уларнинг сони икки баравардан ошиб, 9453 нафарга етди, бу малайзияликлар учун жозибадор сайёҳлик йўналиши сифатида Ўзбекистонга қизиқиш ортиб бораётганидан далолатдир.

    Таъкидлаш жоизки, шарқ мамлакатлари ҳисобланган Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида таълим, ишлаб чиқариш, бизнес ва туризм соҳаларида ҳамкорлик алоқалари кенгаймоқда. Турли этник гуруҳлардан таркиб топган кўп миллатли 35 миллионлик аҳоли сонига эга Малайзия узоқ йиллар мобайнида саёҳатчилар учун жозибадор туристик дестинация бўлиб келмоқда. Шарқда топ 8 та саёҳат йўналишининг бири сифатида Малайзия жозибадор дестинацияга айланишига бир қанча омиллар таъсир қилади.

    Ҳалол гастрономик туризм: Малайзия ошхоналарида маҳаллий ва халқаро таомлар юқори сифатли, ҳалол зиравор ва маҳсулотлардан тайёрланади. Бу эса ўз навбатида, мамлакатга ҳалол туризм йўналишида етакчилик қилиш имкониятини тақдим этади.

    Зиёрат обектларининг жозибадорлиги: мамлакатнинг деярли ҳар бир бурчагида зиёрат объектлари, масжидлар, диққатга сазовор жойларнинг мавжудлиги ва ҳудудларда ибодат қилиш учун зарурий шарт-шароитларнинг ташкил қилинганлиги саёҳатчиларга қулай инфратузилма имкониятларини очиб беради. Бунга мисол тариқасида, Малайзия масжидларининг ҳар бирида йўлбошловчи-гидлар хизмат қилади ва ташриф буюрувчиларга масжидларнинг ички кўриниши, тарихи тўғрисида маълумот беришади.

    Мусулмонлар учун қулай меҳмонхоналар: Малайзия меҳмонхоналари мусулмонлар учун қулайликларга эга бўлиб, намоз гиламлари, қибла йўналиши ва ҳалол озиқ-овқатлар тақдим этилиши меҳмонхонанинг мусулмонларга мос хизматлари белгисидир.

    Кўнгилочар дестинациялар мавжудлиги: Малайзия туристларга бетакрор пляжлар, гўзал тоғлар ва ноёб маданият ва анъаналар, шунингдек, савдо марказлари, парклар ва бошқа қизиқарли туризм маҳсулотларини таклиф этади.

    Соғломлаштириш туризм тажрибалари: Соғлом турмуш тарзига бўлган эътиборнинг кучайиши натижасида соғлиқни сақлаш, соғломлаштириш ва арзон нархларда сифатли хизмат кўрсатишни таклиф қиладиган тиббиёт марказларининг кенг имкониятларидан фойдаланиш мақсадида катта сонли туристик оқим Малайзияга йўналади.

    Шу аснода, икки мамлакат ўртасидаги таълим туризми салоҳияти ҳам катта имкониятларга эга. Ўзбекистон дунёнинг турли бурчакларидан, жумладан, Малайзиядан талабаларни жалб этган ҳолда академик алмашинув дастурларини фаол рағбатлантиради. Малайзия таълим муассасалари Ўзбекистон университетлари билан маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва академик туризмни ривожлантиришга хизмат қиладиган қўшма таълим дастурларини амалга ошириш учун ҳамкорлик қилиши мумкин. Тошкент давлат шарқшунослик университети шарқ тилларидан таълим берадиган муассаса сифатида талабаларга малай тили дарслар ва дарсдан ташқари машғулотларни таклиф этади. Университет талабалари яратилган имкониятлардан кенг фойдаланган ҳолда, малай тили нотиқлик танловлари ва университет миқёсида ташкил этиладиган тил олимпиадаларида юқори натижаларни кўрсатиб келишмоқда.

    Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги туризм ҳамкорлигининг асосий йўналишлари қаторида визани соддалаштириш, туризм кўргазмалари ва ярмаркаларида иштирок этиш, Ўзбекистон ва Малайзия туризм агентликлари ўртасида ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилганлиги, иккала давлат ўртасида маданий алмашинув дастурлари амалга оширилаётганлиги ҳамда Малайзия мусулмон давлат сифатида Ўзбекистондаги турли тарихий ёдгорликлар, зиёратгоҳлар малайзиялик сайёҳлар учун катта қизиқиш уйғотмоқда. Визани соддалаштириш ва ҳамкорлик алоқаларининг ривожланиши натижасида икки давлат ўртасида сайёҳлар оқими сезиларли даражада ошиши мумкин. Туризм соҳасининг ривожланиши ҳар икки давлат иқтисодиётига ижобий таъсир кўрсатади, янги иш ўринлари яратилади ва хизмат кўрсатиш соҳаси ривожланади. Туризм маданий алмашинувни кенгайтиради, икки халқ ўртасида ўзаро дўстлик ва ҳурмат туйғуларини кучайтиради. Малайзиялик сайёҳлар Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маданий мероси, бетакрор табиати билан танишиш имкониятига эга бўладилар.

    Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги туризм ҳамкорлиги икки давлат учун ҳам катта истиқболга эга. Ушбу ҳамкорликни янада ривожлантириш, сайёҳлар учун қулай шароитлар яратиш, туризм инфратузилмасини такомиллаштириш орқали икки давлат ўртасидаги туризм алоқаларини янада мустаҳкамлашади.


    Ғуломжон АРИФЖОНОВ,

    Тошкент давлат шарқшунослик университети

    “Ташқи сиёсат ва халқаро иқтисодий муносабатлар” институти директори

    No date selected
    апрел, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates
    Телеграм каналимиз
    Text to speech