Аҳолисининг қарийб 60 фоизини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этадиган янги Ўзбекистонда кейинги йилларда навқирон авлоднинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, муносиб таълим олиши, истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқариш учун қулай шарт-шароитлар яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Ёшлар учун кенг имкониятлар яратилмоқда.
Ўтган қисқа муддатда ушбу йўналишда 100 дан ортиқ қонун ҳужжати қабул қилиниб, улар асосида янги имкониятлар яратилгани, умуман, ёшлар билан ишлашнинг замон талабларига мос янги тизими йўлга қўйилгани фикримизни тасдиқлайди. Ёшлар билан давлат ҳокимияти органлари ўртасидаги муносабатларнинг ҳуқуқий асослари ҳар қачонгиданда мустаҳкамлангани ҳам алоҳида муҳим жиҳатлардан.
Янги таҳрирдаги Конституцияда давлат ёшларнинг интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши, уларнинг таълим олиш, соғлиғини сақлаш, уй-жойли бўлиш, ишга жойлашиш ва дам олиш ҳуқуқларини таъминлаш учун етарли шароит яратиши зарурлиги белгилаб қўйилди. Бугун Бош қонунимизда акс этган нормалар ҳаётга тўлиқ татбиқ қилинмоқда. Асосийси, бу имкониятлардан мамлакатимиз ёшларининг барчаси фаол фойдаланяпти. Ҳозир ҳеч бир ёш давлатимизнинг эътибори ва ғамхўрлигидан четда қолаётгани йўқ.
Дарҳақиқат, ёшларга таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун кенг йўл очилди, қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқариши, ҳаётда ўз ўрнини топиши учун барча зарур шароитлар яратилди. «Ёшлар дафтари», «маҳаллабай» ва «хонадонбай» ишлаш усуллари жорий этилгани натижасида ёшлар муаммолари жойида ўрганилиб, ўз вақтида ва самарали ҳал этилмоқда.
Йигит-қизларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, уларни қонун ижодкорлиги жараёнига кенг жалб қилиш мақсадида 2020 йилда Қонунчилик палатаси ҳузурида Ёшлар парламенти ташкил этилганди. Бугун Ёшлар парламенти ёшларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни қонунчилик жараёнига жалб қилишда муҳим платформа вазифасини ўтаяпти. Шу билан бирга, ёшлар ва давлат ўртасида кўприк вазифасини бажариб келмоқда.
Ўтган қисқа муддатда Ёшлар парламенти навқирон авлоднинг сиёсий-ҳуқуқий билим ва кўникмаларини юксалтириш, жамият ҳаётига дахлдорлигини кучайтириш, сиёсий фаоллигини оширишга хизмат қиладиган муҳим институт сифатида шаклланди. Том маънода ўғил-қизларнинг ўз фикрларини баралла айтиши учун юксак минбар бўлди.
Ёшларнинг ҳар томонлама ривожланиши, таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, тадбиркорлик фаолиятини бошлаши ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун яратилаётган имкониятлар туфайли ўтган 8 йилда ёш тадбиркорлар сони 3 карра кўпайди. Қисқа муддатда 42 фоиз ёш олий таълимга қамраб олинди.
Биргина 2024 йилнинг ўзида «Ёшлар дафтари» орқали 155 минг йигит-қизга 345 миллиард сўмлик молиявий ёрдам кўрсатилди. Магистратурада таҳсил олаётган талабалар сони 7 баробар ортган бўлса, хотин-қизларнинг контракт тўлови давлат томонидан қоплаб берилаётгани туфайли улар сони 11 баробар кўпайди.
«Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали сўнгги 7 йилда 2300 ёш хорижий давлатларда ўқиш имкониятига эга бўлди. Бу рақам ўтган 25 йилда давлат ҳисобидан юборилган ёшлар сонидан 3 баробар кўп деганидир. Илмий салоҳиятни ошириш борасида ҳам сезиларли натижаларга эришилди. Илмий даражали ёш олимлар сони 2 баробар ортиб, 4357 нафарга етди.
Ёшларнинг тил ўрганишга қизиқиши ҳам ортиб бормоқда. Буни сўнгги 3 йилда тил ўрганаётганлар сони 2 миллионга етгани, ИЭЛТС имтиҳонидан юқори балл олганлар сони эса 5 баробар ошгани мисолида кўриш мумкин.
Эришилган натижалар билан бир қаторда ёшлар келажагини янада мустаҳкамлашга қаратилган янги ташаббуслар ҳам илгари сурилмоқда. Хусусан, ахборот технологиялари соҳасида ёшларни, айниқса, қизларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратиляпти. 2024 йилда 25 минг қиз ахборот технологиялари бўйича бепул ўқитилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткични 2 баробар ошириш режалаштирилган.
Иқтидорли, билимга чанқоқ, лекин оғир оилавий шароити туфайли ўқиш имкониятига эга бўлмаган ёшларни хорижда ўқитиш бўйича янги тизим — «Ёрқин келажак» лойиҳаси жорий этилади. Ушбу лойиҳа доирасида ҳар бир маҳалладан ижтимоий ҳимояга муҳтож, билимга чанқоқ ёшлар саралаб олиниб, уларнинг иқтидори аниқланади ва салоҳиятига мос хорижий олийгоҳ танланиб, тайёргарлик курсларида ўқитилади.
Энди парламентдаги ёшларга дахлдор қонун лойиҳалари Ёшлар парламенти аъзолари билан муҳокама қилинади. Ҳатто ялпи мажлисда лойиҳа бўйича ёшлар вакилларининг фикри ҳам эшитилади. Кенгаш сессияларида ёшлар масалалари бўйича масъул органлар раҳбарларининг ахборотини эшитиш тизими йўлга қўйилади. Барча маҳаллий кенгашлар ҳузурида «ёшлар гуруҳи» ташкил этилади.
Президентимизнинг шу йил 14 февраль куни мамлакатимиз ёшлари билан мулоқоти навқирон авлод ҳаётида том маънода янги саҳифа очди. Ёшларнинг эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамлади. Давлатимиз раҳбари ёш авлод вакилларини халқимизнинг олтин фонди деб атади. Ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг таълим олиши, жамиятда ўз ўрнини топиши учун зарур шароитлар яратиш мақсадида бир қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилди.
Айниқса, йигит-қизларни қўллаб-қувватлаш, салоҳиятини рўёбга чиқариш соҳасидаги ислоҳотларда Қонунчилик палатасининг иштирокини янада кенгайтириш мақсадида Ёшлар масалалари бўйича комиссия тузиш ташаббуси эътиборга молик.
Бинобарин, ёшларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий фаоллигини ошириш, замонавий дунёқараш, билим ҳамда кўникмаларга эга йигит-қизларнинг ҳуқуқий билимини юксалтиришда Ёшлар масалалари бўйича комиссия муҳим аҳамиятга эга. Зеро, у ёшлар масалаларига оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ҳамда ижро этиш бўйича самарали ва таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқишда муҳим институтдир.
Ушбу янгиликларни эшитиб, ёшларнинг бир вакили, парламентдаги энг ёш депутатлардан бири сифатида жуда хурсанд бўлдим. Президентимиз ташаббуси билан ташкил қилинган Ёшлар парламентида бир неча йиллик фаолиятим давомида англаганим шу бўлдики, ёшларнинг қонун ижодкорлиги жараёнига қизиқиши баланд.
Халқимизнинг ҳаётини яхшилашга қаратилган қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнида ҳам ёшлар вакиллари доим ўз таклиф ва тавсиялари билан фаол иштирок этиб келмоқда. Бу каби янги ташаббуслар, шубҳасиз, интилувчан, салоҳиятли, ёшлар орасида ўз обрўсига эга Ёшлар парламенти вакиллари учун жуда яхши имконият бўлади.
Яқинда Қонунчилик палатасида фаолиятимни бошлаган бўлсам ҳам ушбу ташаббуснинг амалга ошишида доимий равишда ёрдам беришга, ўсиб келаётган ука-сингилларимга йўл-йўриқ кўрсатишга доимо тайёрман.
Очиғи, жуда кўп дилкаш, самимий суҳбатларнинг гувоҳи бўлганман. Лекин Президентимиз билан мулоқот бир умр ёдимда қолади. Боиси, давлатимиз раҳбарининг ҳар бир гапи ёшларнинг эртанги куни, таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ва ҳаётда ўз ўрнини топиб, мурод-мақсадига етишини таъминлашга йўғрилган.
Шаҳноза ЖОЛДАСОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати