Берлиндаги “Messe Berlin” кўргазма мажмуасида ўтказилаётган тадбирда дунёнинг 180 дан ортиқ давлатидан 11 мингдан зиёд туризм ва турдош соҳа вакиллари ўз стендлари билан иштирок этяпти.
Кўргазмада мамлакатимизнинг Берлиндаги элчихонаси ва GIZ-Germaniya халқаро ҳамкорлик жамияти кўмагида Ўзбекистон сайёҳлик брендининг миллий стенди ташкил этилиб, унда кўргазма иштирокчилари ва меҳмонлари мамлакатимизнинг бой маданияти, анъаналари ва урф-одатлари билан яқиндан танишяпти.
Миллий стендда 30 дан ортиқ маҳаллий сайёҳлик ташкилотлари ўзларининг сайёҳлик хизматлари ва маҳсулотларини намойиш этяпти, жумладан, “Uzbekistan Airways” акциядорлик жамияти, “Silk Road Samarkand” халқаро сайёҳлик маркази, “Rocket DMC Uzbekistan” компанияси ва Ўзбекистон меҳмонхона хўжаликлари уюшмаси мамлакатнинг йирик меҳмонхоналари вакилларидан иборат делегация билан иштирок этяпти.
Бундан ташқари, Ўзбекистон делегацияси хорижий ҳамкорлар билан мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳиятини хорижда тарғиб қилиш ва сайёҳлар оқимини кўпайтиришга қаратилган туризм соҳасида ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш мақсадида қатор учрашувлар ўтказяпти.
Кўргазмада 400 дан ортиқ маърузачилар иштирокида 200 дан ортиқ панель сессиялари ўтказилиши режалаштирилган ва ташриф буюрувчилар сони 160 мингдан ошиши кутиляпти, деб хабар беради Туризм қўмитаси матбуот хизмати.
Расмий маълумотларга кўра, 2023 йилда Германиядан Ўзбекистонга 29 608 нафар сайёҳ ташриф буюрган.