Онлайн музокараларда Ўзбекистон – Ҳиндистон савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлигининг долзарб кун тартиби ҳамда уни янада ривожлантиришнинг амалий чора-тадбирлари муҳокама қилинди.
Маниш Сингҳал икки мамлакат ўртасида манфаатли шерикликни янада ривожлантиришда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ишбилармон доиралари муҳим ўрин тутаётганини таъкидлади. Шу нуқтаи назардан у Ўзбекистон ишбилармонларини Ҳиндистон Савдо-саноат палаталари федерацияси томонидан ўтказиладиган тадбирларда, шу жумладан онлайн форумларда фаол иштирок этишга чақирди.
Шунингдек, у Ҳиндистон Савдо-саноат палаталари федерацияси пандемия билан боғлиқ вазият барқарорлашаётганини инобатга олиб, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда иқтисодий шерикликнинг устувор йўналишларида фаолият юритаётган тадбиркорлар иштирокида Ўзбекистон – Ҳиндистон бизнес форумини ташкил этишга тайёрлигини тасдиқлади.
Ҳиндистон Савдо-саноат палаталари федерациясининг Хотин-қизлар ташкилоти президенти Харжиндер Талвар Ўзбекистонга қилган сафари ҳақида гапириб, Ўзбекистонда хотин-қизлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантиришга давлат даражасида қаратилаётган эътиборни юқори баҳолади. У Ўзбекистоннинг манфаатдор ташкилотлари, хусусан, Савдо-саноат палатаси ва «Тадбиркор аёл» ишбилармон аёллар уюшмаси билан ҳамкорликка тайёр эканини қайд этди.
Таъкидлаш жоиз, 1927 йилда ташкил этилган Ҳиндистон Савдо-саноат палаталари федерацияси мамлакатдаги йирик бизнес уюшмаларидан биридир. Федерациянинг бутун мамлакат бўйлаб 16 та минтақавий ваколатхонаси бор. Унга турли компаниялардан 250 мингдан ортиқ киши аъзо бўлган.
Ҳиндистон Савдо-саноат палаталари федерацияси Ҳиндистон ва Марказий Осиё давлатлари Савдо-саноат палаталари раҳбарларининг жорий йил февраль ойида Деҳлида бўлиб ўтган «Ҳиндистон ва Марказий Осиё ишбилармонлари кенгаши» шаклидаги биринчи учрашуви ташаббускорларидан биридир.