Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари хорижий инвестициялар иштирокида ташкил этилган корхоналар мамлакат иқтисодиётида қандай роль ўйнашини таҳлил қилди. Tадқиқот мамлакатимиз иқтисодиётида хорижий инвестициялар иштирокида ташкил этилган корхоналарнинг аҳамияти ортиб бораётганини кўрсатди.
2017-2021 йиллар оралиғида хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар сони 2,7 бараварга ошиб, 2022-йилнинг 1-январь ҳолатига кўра, 13,2 мингтага етган. Иқтисодиётимизга инвестиция киритаётган 50 дан ортиқ мамлакат орасида Хитой, Россия, Туркия, Қозоғистон ва Жанубий Корея етакчилик қилмоқда.
Хорижий капитал иштирокидаги корхоналар асосан иқтисодиётнинг саноат (30,6 фоиз) ва савдо (28,5 фоиз) соҳаларида фаолият юритмоқда. Чет эл капитали иштирокидаги корхоналарда иқтисодиётда расман банд аҳолининг 6 фоизи фаолият юритади, бироқ ушбу корхоналарнинг ишлаб чиқаришдаги улуши 15 фоизни, асосий капиталга инвестициялардаги улуши эса 24 фоизни ташкил этади.
Бундай корхоналар республикадаги жами корхоналарнинг 2,5 фоизини ташкил этсада, 2021 йилда мамлакат ташқи савдо айланмасининг 19,8 фоизи, экспорт ва импортнинг мос равишда 19,7 ва 25 фоизи уларнинг ҳиссасига тўғри келган.
Таҳлил шуни кўрсатмоқдаки, чет эл капитали иштирокидаги корхоналар фаолият кўрсатувчи хўжалик субъектларининг энг самарадор ва энг фаол қатлами ҳисобланади.
2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясига кўра, келгуси 5 йилда иқтисодиётга 70 миллиард доллар миқдорида хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳамда 2026 йилга бориб экспорт ҳажмини 30 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган. Ушбу мақсадларга эришишда чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар сонини ошириш, шунингдек, уларнинг экспорт фаолиятини рағбатлантириш муҳим аҳамиятга эга.
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти матбуот хизмати