баннер
29 мар 2025
22:37

    Ўзбекистон Латвия билан транспорт ва логистика йўналишларида кадрлар тайёрлаш соҳасида ҳамкорлик қилади

    Ўзбекистон элчихонаси кўмагида Латвия Транспорт ва коммуникациялар институти делегациясининг 18-21 март кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган "Осиё халқаро авиация форуми"да иштироки ташкил этилди.

    “Дунё“ ААнинг хабар беришича, сафар доирасида институт бошқаруви аъзоси Михаил Саврасов ва “Рақамли иқтисодиёт ва бизнес“ докторантураси директори, профессор Инна Стетсенко Тошкент давлат транспорт университети проректори Баҳодир Тўраев ва Миграция агентлиги директори ўринбосари Азим Ҳусанов билан учрашувлар ўтказди.

    Музокаралар чоғида транспорт ва логистика йўналишларида кадрлар тайёрлаш соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

    Тошкент давлат транспорт университетида Европа стандартлари бўйича сертификатланган ҳолда оғир юк ташувчи автотранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва малакасини ошириш курсларини ташкил этиш, шунингдек, Болтиқбўйи ва Скандинавия мамлакатларидаги етакчи транспорт-логистика компанияларига ишга жойлаштириш бўйича келишувга эришилди.

    Томонлар Латвия Транспорт ва коммуникациялар институти профессор-ўқитувчиларини жалб этган ҳолда ихтисослаштирилган амалий ва услубий ўқув дастурини ишлаб чиқиш жараёнини бошлашга қарор қилдилар.

    Профессор Инна Стетсенко Тошкент давлат шарқшунослик университетида профессор-ўқитувчилар учун “Экотуризм ва “яшил иқтисодиёт“ мавзусида маъруза ўқиди. Тадбирда туризм соҳасида Европа стандартларини жорий этиш ва Ўзбекистонда “яшил“ иқтисодиётини ривожлантириш бўйича тажриба алмашилди.

    Телеграм каналимиз
    Text to speech