Ўзбекистон мактабларига 200 минг китоб топширилади

    Кеча, пойтахтимиздаги барча мактабларга “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” туркумининг 20 жилдли китоб-альбомлари етказиб берилди,

    “Ренессанс” кино уйида “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар: асрлар қаъридан таралаётган нур” медиа-тадбири бўлиб ўтди. Тадбир доирасида “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” туркумидаги китоб-альбомларни бепул олиш учун Тошкент шаҳридаги 340 та мактабга тантанали равишда сертификатлар топширилди. Медиа-тадбир Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WОSCU) томонидан Ўзбекистон Мактаб ва мактабгача таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти билан ҳамкорликда ташкил этилди. Тарихий обидалардаги битикларни ўрганиш ва тўлиқ шифрлаш бўйича кўп йиллик машаққатли меҳнат натижасида ўзбек, рус, араб ва инглиз тилларидаги маълумотларга эга “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” туркумининг 20 та жилдлари нашр этилди.

    – Мазкур лойиҳа Президентимизнинг мамлакатимиз маданий-тарихий меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ва оммалаштириш борасидаги ташаббус ва кўрсатмаларини ҳаётга татбиқ этилишининг ёрқин намунасидир. Бутунжаҳон жамияти орқали бирлашган олимлар Ўзбекистон тарихида илк маротаба қадимий обидаларимиздаги эпиграфик ёзувларни очишга муваффақ бўлди. Бугунги тадбир нафақат Тошкент шаҳридаги 340 та мактабга 20 жилдлик китоб ва альбомларни беғараз тарқатиш учун сертификатларни топширишдан иборат эди. Бу, аввалам бор, маърифий тадбир бўлиб, биз бу ерда тадқиқотимиз чуқурлигини, Ўзбекистон меъморий ёдгорликларининг аҳамиятини кўрсатиш мақсадида шарқшунос олимларнинг ҳужжатли фильмлари ва маърузаларини тақдим этдик. Ҳукуматимиз томонидан ажратилган маблағ эвазига нашр этилган ушбу китоблар эндиликда мамлакатимиздаги ҳар бир таълим муассасаси кутубхонаси учун бебаҳо манбага айланади”, — деди лойиҳа муаллифи, WOSCU бошқаруви раиси доктор Фирдавс Абдухолиқов.

    Ўзбекистон бўйлаб ҳали ўрганилмаган обидалардаги битикларни ўрганиш ва шифрлаш бўйича илмий-тадқиқот ишларини академик Эдвард Ртвеладзе, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов, доктор Бахтиёр Бобожонов каби ўзбек ва хорижий олимлардан, ҳамда, бошқа кўплаб мутахассислар ва тадқиқотчилар иборат ижодий гуруҳ амалга оширди.

    – Бугун Тошкент шаҳридаги барча мактабларга “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” туркумининг 20 жилдли китоб-альбомлари етказиб берилди, – дейди Тошкент шаҳар мактаб ва мактабгача таълим бошқармаси, дарсликлар билан таъминлаш ва кутубхона фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Умид Умрзоқов. – Ўзбекистонимиз Президентига, лойиҳа муаллифларига, олимларга, Мактаб ва мактабгача таълими вазирлигига, шунингдек, ушбу ажойиб китобларнинг яратилишида иштирок этган барчага чуқур миннатдорлик билдираман. Бу китоблар ёшларимиз учун мамлакатимизнинг тарихий обидалари, маданий мероси оламига ўз эшикларини очади. Олинган билимлар эвазига ўқувчилар эртага туризм, маданият ва илм-фан ривожига ҳисса қўшиши, ўз она юртининг чексиз тарихини фахр билан бўлишишини кўришимиз мумкин. Сизнинг меҳнатингиз, шубҳасиз, ўз мевасини бериб, Янги Ўзбекистоннинг илмли авлодларини вояга етказади!

    Шунингдек, махсус маърузалар билан фан докторлари Салима Эшонова, Файзхўжа Маҳмудов, Бобур Аминов, Шаҳло Абдуллаева, Эльмира Гюл қатнашишди. Меҳмонлар Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WОSCU) фаолияти билан танишди, “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” лойиҳаси қандай амалга оширилаётгани ҳақида маълумотлар олишди.

    – Самарқанд вилоятида туғилиб ўсганман, ёдгорликларни кўп марта кўрганман, лекин уларнинг деворидаги гўзал нақшлар маъноси ҳақида ҳеч ўйламаган эканман, – дейди пойтахтимиздаги Учтепа тумани 312-мактаб директори Озода Ҳайдарова. – Ўйлайманки, ушбу ажойиб тақдимот ташкилотчилари нафақат биз, балки ўқувчиларимиз учун ҳам ушбу лойиҳа тақдимотини уюштиришлари, мактабларга келиб, обидаларимиздаги битикларда нима яширинганини ҳақида айтиб беришлари керак. Бу, албатта, ёш авлодни қизиқтиради! Ўқувчиларим учун ушбу нашрлар ёрдамида мен ҳам тарихга экскурсияларни амалга ошираман.

    Медиа тадбири халқ таълими тизими вакилларига “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” туркумидаги 20 жилдлик китоб-альбомларни бепул олиш учун сертификатларни тантанали топшириш билан якунланди.

    – Саъй-ҳаракати билан ушбу ажойиб нашрни яратишга ўз ҳиссасини қўшган барча олим ва тадқиқотчиларга чин дилдан миннатдорчилик билдираман. Биз уни бугун Тошкентдаги мактабларимизда фахр билан кутиб оламиз. Бу китобларнинг ҳар бир саҳифаси улкан меҳнат самараси эканини англаш бизда алоҳида миннатдорчилик ҳиссини уйғотади. Китоблар ўқитувчиларимиз учун бебаҳо манба бўлиб, ўқувчиларимизнинг дарсдан ташқари таълим дастурларини қизиқарли ва маърифий материаллар билан бойитади. Бугун биз ёдгорликлар нафақат тарих гувоҳи, балки ҳикмат манбалари эканлигини, ҳар бир тимсол чуқур муқаддас маънога эга эканлигини билиб олдик. Бу сирларни биргаликда кашф этишимиз, англашимиз керак.Шу билан, шубҳасиз, маданий-маърифий тажрибамизни бойитамиз, – дейди пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги 111-мактаб кутубхоначиси Сабоҳат Салимова.

    Акция мамлакатимизнинг барча ҳудудларида давом эттирилади. Ўзбекистон мактабларига 200 минг китоб топширилади.

    Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

    "Янги Ўзбекистон" мухбири

    No date selected
    июл, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates