Ўзбекистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовни табриклади

    Ҳукумат 22 сентябр 2023 3898

    22 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

    Давлатимиз раҳбари Туркманистон Президентини таваллуд куни билан самимий қутлаб, унга катта муваффақиятлар, қардош туркман халқига фаровонлик ва равнақ тилади.

    Икки томонлама муносабатлар ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

    Конструктив сиёсий мулоқот ва самарали идоралараро алоқалар ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Ўзаро савдо ҳажми ошиб бормоқда, “Хоразм-Тошовуз” чегараолди савдо зонасини ташкил этиш лойиҳаси биргаликда амалга оширилмоқда. Энергетика ва транспорт соҳаларидаги кооперация мустаҳкамланмоқда. Октябрь ойида пойтахтимизда Туркманистон маданияти кунлари ўтказилади.

    Ўзбекистон ва Туркманистон Президентлари Марказий Осиёда ўзаро манфаатли ҳамкорликни, шу жумладан амалдаги кўп томонлама форматлар доирасида кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

    Телефон мулоқоти якунида давлатимиз раҳбари Туркманистон Президенти ва халқини бўлажак Мустақиллик куни билан дилдан табриклади.