Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари масалалари қўмитасига аъзо бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида киритилган.
Лойиҳада “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонун ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қуйидагиларни мазмундаги нормаларни киритиш назарда тутилмоқда:
- “Сунъий интеллект” тушунчасининг ҳуқуқий таърифи илк бор қонунчилик даражасида аниқ белгиланмоқда;
- Давлат сиёсатининг асосий йўналишлари: сунъий интеллектни ривожлантириш, инвестиция жалб қилиш, кадрлар тайёрлаш ва соҳада ҳуқуқий кафолатлар яратиш;
- Ахборот ресурсларига нисбатан этик ва ҳуқуқий талаблар – инсон ҳуқуқлари ва шаънини ҳурмат қилиш, қарор қабул қилишда фақат сунъий интеллект хулосаларига таянмаслик;
- Маъмурий жавобгарлик нормаси: шахсга доир маълумотларга сунъий интеллект орқали ноқонуний ишлов бериш ва тарқатиш учун жавобгарлик механизми жорий этилмоқда;
- Ахборот ресурсларига мажбурий маркировка – сунъий интеллект орқали яратилган маълумотлар махсус белгилар билан ажратиб кўрсатилиши лозим.
Нега бу муҳим? Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси Спикери ўринбосари Раҳимжон Ҳакимовнинг қонун лойиҳаси мамлакатимизда сунъий интеллект технологияларига оид муносабатларни ҳуқуқий асосда тартибга солишга қаратилган илк қадам сифатида аҳамият касб этади.
Бугунги кунда сунъий интеллект нафақат технология, балки ҳуқуқ, этика, хавфсизлик ва давлат суверенитетига оид мураккаб масалаларни ҳам тақозо этмоқда. Интернетда тарқатилаётган сунъий равишда яратилган, сохта овоз ва тасвирларга асосланган контентлар шахс шаъни, обрўси ва ҳуқуқлари учун жиддий таҳдид солмоқда.
Қонун лойиҳаси ушбу таҳдидларга нисбатан ҳуқуқий ечимлар таклиф этади, жумладан: сунъий интеллект ёрдамида тарқатилган ахборотнинг ҳақиқий манбасини ажратиш, уни инсоннинг ҳуқуқларига қарши қўллашга йўл қўймаслик ва бундай ҳаракатлар учун жавобгарликни белгилаш.