Ҳа, айни кунларда бутун жаҳон нигоҳини Тошкентга қаратган Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеяси - дунё парламентлари вакилларини бир мақсад, бир ғоя атрофида жамулжам қилди. Ўзбекистон Президентининг мазкур саммитда сўзлаган тарихий нутқи ҳам бир заминга жондош туташлик, алоқадорлик, минтақанинг геосиёсий ўрни ва замонавий ҳамкорлик ғоят муҳимлигини англатиб, дунё узра жаранглади.
Эътироф этиш керакки, халқаро тадбирнинг энг муҳим нуқтаси бўлган - Парламентлараро Иттифоқининг Тошкентда бўлиб ўтган 150-юбилей Ассамблеясидаги Президентимиз нутқи жаҳон парламентарийлари учун муҳим мурожаат, жадидона чақириқ бўлди.
Дунёнинг барча қитъаларидан 181 та миллий парламент ва 15 та минтақавий уюшмани бирлаштирган нуфузли ташкилотнинг йиғилиши илк бор Марказий Осиёда, Ўзбекистон пойтахтида ўтказилиши, мамлакатнинг халқаро майдондаги ўрни ва обрўси тобора мустаҳкамланиб бораётгани мазкур маърузада яққол ифодасини топди.
Демакки, Тошкент декларацияси - барқарор тараққиёт ва инновациялар сари янги қадамлар учун муҳим чорлов бонги вазифасини бажариши шубҳасиз.
Аҳамиятлиси, Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган мазкур Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеяси дунё парламентлари вакилларини ўзининг муҳим кун тартиби билан бирлаштира олди. Ассамблея доирасида миллат раҳбари томонидан янграган нутқ замонамизнинг долзарб муаммоларига ечим излаш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги Ўзбекистоннинг қатъий позициясини яққол намоён этди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида таъкидланганидек, жорий йилнинг сентябрь ойида юртимизда бўлиб ўтадиган камбағалликни қисқартиришга бағишланган халқаро конференция, бугунги кунда жаҳон ҳамжамияти олдида турган энг оғриқли муаммолардан бирига ечим излаш майдони бўлиши кутилмоқда. Камбағалликни қисқартириш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, илғор тажрибалар билан алмашиш ва аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш мазкур конференциянинг асосий мақсади. Давлатлар парламентлари вакилларининг бу жараёндаги фаол иштироки, қабул қилинажак ечимларнинг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, юртбошимиз ўзининг қатъий позицияси, узоқни кўзлай билгувчи сиёсий салоҳияти билан доим дунё тақдирига молик ташаббусларини мардонавор тақдим этишни одат қилгани яна намоён бўлди. Зеро, Ўзбекистоннинг барча таклиф ва ташаббуслари Парламентлараро Иттифоқнинг Стратегияси мақсадларига тўла ҳамоҳанг бўлди
Хусусан, халқимиз бошчисининг ташаббус ва таклифлари қуйидаги дунёнинг глобал масалаларини кун тартибига яққол олиб чиққан ҳолда, аниқ ечимларини ҳам дадиллик билан кўрсатиб берди.
Бунда:
- Украина атрофидаги вазият бўйича музокаралар халқаро ҳуқуқ ва БМТ Низоми асосида ижобий натижа бериши муҳимлиги,
- Фаластин-Исроил низосининг ечими "икки халқ учун – икки давлат" тамойили асосида бўлиши кераклиги,
- Афғонистонни яккалаб қўймаслик, амалдаги ҳукумат билан мулоқот ўрнатиш ва минтақанинг ажралмас қисми сифатида қараш зарулиги,. Парламентлар бунда кўмак бериши лозим экани,
- Иқлим ўзгаришларига қарши кураш доимий диққат марказида бўлиши, Париж битими ва углерод нейтраллиги бўйича мажбуриятлар тўлиқ бажарилиши кераклиги,
- Қайта тикланадиган энергия ва "яшил" технологияларни қўллаб-қувватлаш парламентларнинг муҳим вазифаси бўлиши,
- Хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш ижтимоий тараққиётнинг асосий шарти экани, жамият бошқарувида аёллар фаоллигини қўллаб-қувватлаш, БМТ Бош Ассамблеясининг "Осиё хотин-қизларининг фаоллигини ошириш тўғрисида"ги резолюциясини қўллаб-қувватлаш муҳимлиги,
- Ёшларнинг жамият ҳаётининг барча жабҳаларида тўлақонли иштирокини таъминлаш долзарблиги, Парламентлар янги авлодни тарбиялаш ва халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиши зарурлиги, аҳамиятлиси, Ёшлар парламентлари глобал платформасини ташкил этиш ва унинг таъсис форумини Ўзбекистонда ўтказиш таклифи каби бир қатор манфаатли ташаббуслар илгари сурилди.
Бу борада сунъий интеллектдан фойдаланиш этикаси бўйича модель қонун ишлаб чиқиш таклифи билдирилди.
Нутқнинг моҳияти шуни ифодалайдики, фақат қонун ва қарорлар қабул қилиш билан чекланиб қолиш эмас, балки уларни амалга ошириш йўлида биргаликда ҳаракат қилиш, қонун ижодкорлиги руҳини кучайтириш ва мавжуд билим ҳамда тажрибани ягона мақсад сари сафарбар этиш зарурлигидир. Бугунги мураккаб ва тез ўзгарувчан дунёда фақатгина бирлашган саъй-ҳаракатлар орқали умумий мақсадларга эришиш мумкин.
Ҳақиқатки, Тошкентда бўлиб ўтаётган Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеяси нафақат муҳим муҳокамалар майдони, балки келажакка қаратилган аниқ ташаббуслар ва ҳамкорликнинг янги имкониятларини яратиш учун муҳим бўлажак. Ассамблеянинг муваффақиятли ўтиши ва қабул қилинадиган қарорлар, халқаро ҳамжамиятнинг барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, ижтимоий адолат ва тенгликни таъминлаш йўлидаги эзгу саъй-ҳаракатларига янги суръат бағишлайди.
Муҳтарам Президентимизнинг таъкидлашича, бундай юксак ишонч ва эҳтиром Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар, парламентаризм ва вакиллик ҳокимиятини ривожлантириш борасида эришилаётган салмоқли натижаларнинг халқаро ҳамжамият томонидан эътирофидир. Давлат раҳбарининг ўзи ҳам 15 йил давомида парламент аъзоси бўлганлиги, унинг парламентаризмнинг аҳамиятини чуқур англашини ва бу борадаги фаолият нақадар масъулиятли эканини яхши билишини кўрсатади.
Давлатимиз раҳбари нутқида парламентарийларнинг дунёни тинч-осойишта, жамиятларни янада фаровон қилишга қаратилган олижаноб фаолиятига юксак баҳо берилиши, ушбу масъулиятли ва шарафли ишда уларга муваффақиятлар тилаши, Ўзбекистоннинг халқаро парламентлараро ҳамкорликка содиқлигини яна бир бор намоён этади.
Ўзбекистон етакчиси ўзининг қатъий чорловида давом этар экан, парламентлар энг яхши анъана ва илғор тажрибаларни ўртоқлашиб, ўзаро саъй-ҳаракатларни бирлаштирган ҳолда, бутун интеллектуал қудратини умумий тараққиёт йўлида сафарбар этиши лозимлиги алоҳида таъкидлади. Айнан қонун чиқарувчи органлар адолатли ва инклюзив иқтисодий сиёсатни шакллантириш, ижтимоий ҳимоя механизмларини кучайтириш ва ҳар бир инсонга муносиб ҳаёт кечириш имкониятини яратишда етакчи куч бўлиши мумкинлиги қайд этилди. Мазкур нутқда янграган ҳар бир фикр, билдирилаётган ҳар бир ташаббус, қабул қилинаётган ҳар бир қарор – миллионлаб инсонларнинг тақдирига дахлдор эканлигини ҳис этишнинг ўзи барчани ҳаяжонга, юксак масъулиятга даъват этади.
Хулоса қилиб айтганда, Парламентлараро Иттифоқнинг Тошкентдаги 150-Ассамблеяси нафақат юбилей тадбири, балки глобал парламентаризм тарихида янги саҳифа очиб берадиган муҳим воқеадир. Тошкент форуми жаҳон парламентарийлари учун ўзаро тажриба алмашиш, глобал муаммоларни муҳокама қилиш ва уларни ҳал этиш йўлларини излаш, шунингдек, Марказий Осиёнинг янги имкониятларини намойиш этиш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилади.
Бутун жаҳон эътибор марказида турган бу саммит минтақа эртасининг истиқболли ва янги уфқларини очишга хизмат қилишига ишонамиз
Манзурахон САЛИМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Ўзбекистон "Адолат" СДП Фракцияси аъзоси